Президентликка номзодларнинг вакиллари теледебатда учрашадилар

МТРК ВИДЕОРОЛИГИДАН КАДР

19 октябрь куни Ўзбекистон президенти сайловлари тарихида илк маротаба теледебат намойиш этилади. Унда президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари қатнашадилар, деб хабар беради Миллий телерадиокомпаниянинг матбуот хизмати.

Теледебат соат 17:00да бошланади ва уни «Ўзбекистон24», «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Маҳалла» ва «Маданият ва маърифат» телеканаллари, шунингдек UzTV.tv платформаси намойиш этади.

«Ўзбекистон24» ва «Ўзбекистон» каналларида дебатлар сурдотаржима билан тақдим этилади. «Ёшлар» ва «Тошкент» каналларида дебатлар русча таржимада, «Маданият ва маърифат» каналида эса инглизча таржимада берилади.

Президентликка номзодларнинг ўзлари ўртасида теледебат бўладими-йўқми, бу ҳақда маълумот берилмаган.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар теледебатларнинг ўтказилишини президентликка номзодларнинг сиёсий дастурлари тўғрисида маълумотларга эга бўлишнинг энг мақбул йўли, деб ҳисоблайдилар. Марказнинг телефон орқали ўтказган сўровида 46,5 фоиз иштирокчи мана шундай фикр билдирган.

Ўзбекистон президенти сайлови 2021 йил 24 октябрга белгиланган. Унда республикада фаолият кўрсатаётган бешта сиёсий партиядан номзодлар иштирок этадилар. 14 дан 20 октябрга қадар муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.