Блогер Миразиз Базаровга нисбатан уй қамоғи чораси сентябрь охиригача узайтирилди

Миразиз Базаров. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат

Тошкентлик блогер Миразиз Базаровга берилган уй қамоғи чораси яна икки ойга узайтирилди. Бу ҳақда блогернинг адвокати Сергей Майоров «Фарғона»га маълум қилади. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди мана шундай қарор чиқарган.

«Бугун (Базаровнинг) уч ойлик уй қамоғи муддати тугади. Қонунчиликлигимизда бундай чора уч ой муддатга берилади. Терговчинининг тавсиясига кўра прокурор уй қамоғини узайтириш бўйича тақдимнома киритди ва суд ушбу таклифни қониқтирувчи қарор чиқарди», — деди Майоров ва мазкур қарорга биноан Базаров 28 сентябргача уй қамоғида бўлишини айтди.

Суд қарорига кўра, блогер яшаш жойини тарк этолмайди, унга ўзгалар билан мулоқотда бўлиш, шунингдек алоқа воситалари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ман этилади.

Шу йил баҳорида Базаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-банди «г» пунктига («Ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда туҳмат») биноан айб қўйилган. Блогер «жиноятининг қурбонлари» — №110 мактаб ўқитувчилари ва учта блогер бўлган.

Базаров фамилияси яна иккита жиноий ишда келтирилади. Биринчи жиноий иш 2021 йил 28 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан 28 март куни Амир Темур ҳиёбонида юз берган безорилик бўйича қўзғатилган. Бу куни ҳиёбонда кей-поперлар (замонавий корейс қўшиқлари ишқибозлари) ва анимешниклар (япон анимация фильмлари фанатлари) йиғилиши керак бўлган ва бу таклиф мазкур икки ҳаракат етакчилари томонидан берилган. Ҳиёбонга агрессив кайфиятда, таёқлар билан қуролланган йигитлар кела бошлайдилар ва улар «Аллоҳу акбар!» дея қичқирадилар. Адвокат Сергей Майоровга кўра, ҳиёбонда ЛГБТ вакиллари учрашуви тўғрисидаги ёлғон хабар бир неча блогерлар томонидан тарқатилган. Улар мазкур учрашувнинг ташкилотчиси сифатида Базаровни эълон қилишган, гарчи Миразиз бунга дахлдор бўлмасада. Мазкур жиноий иш бўйича у гувоҳ сифатида иштирок этмоқда.

28 март куни Базаров номаълум шахслар томонидан калтакланади. У мия чайқалиши ва оёқ синиши жароҳатлари билан шифохонага ётқизилади. 29 март куни Тошкент ИИББ блогернинг калтаклангани ҳолати бўйича жиноий иш қўзгатилганини маълум қилди. Дастлаб тергов ишлари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105-моддаси 3-банди (“ Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) бўйича олиб борилади, кейинчалик у оғирроқ моддага алмаштирилади. Блогер бу ишда жабрланувчи сифатида иштирок этади. Базаров июнь ойи охирида прокурорга ариза юбориб, унда тажовузга оид тергов ишларини Ўзбекистон ЖК 155-модда 2-банди («Терроризм») бўйича олиб борилишини сўраган.

«Фарғона»нинг блогер ёзган аризасига жавоб олдими, деган саволига Базаровнинг адвокати «йўқ» деб жавоб берди. «Қонунчилигимизда терговчи илтимосномаларга жавоб беришга мажбур экани кўрсатилмаган. Масалан, тергов жараёни тугаганидан сўнг у ўз инкорини асослашга уринмаган ҳолда «мазкур тақдимномани қониқтириш учун асос йўқ» дея бир оғиз сўз билан жавоб бериши ҳам мумкин», — дея қўшимча қилди Майоров.