Бухоро вилояти ҳокими Бош вазир ўринбосари этиб тайинланади

Ўктам Барноев . Buxoro.uzсайти фотосурати

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланади. Унинг номзоди 27 февраль парламентнинг Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлари томонидан маъқулланган. Бу ҳақда палатанинг матбуот хизмати хабар беради.

Барноевнинг янги лавозимни эгаллаши тўғрисидаги фармонни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев тасдиқлаши керак. Бухоро вилоятига ким ҳоким бўлиши ҳозирча номаълум.

Барноев 1964 йили туғилган. У Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Барноев 2008 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг декабригача Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган. Ундан олдин Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. Ўктам Барноев 2016 йилнинг декабридан буён Бухоро вилоятига ҳокимлик қилиб келганди.

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими президентнинг 24 февралги қарорига асосан жорий этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодиёт ва саноат вазири ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимлари киритилган.

Шу билан бирга Бош вазири ўринбосарининг- молия вазири лавозими, Бош вазирнинг ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси, аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Бош вазир маслаҳатчиси “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси лавозимлари ҳамда Ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари котибияти тугатилди.

Бундан олдин ҳукуматнинг иқтисодиёт блогида ўзгарилар юз берганди. Молия вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган Тимур Ишматов вазирликни бошқарадиган бўлди. Жамшид Қўчқоров эса Иқтисодиёт ва саноат вазири этиб тайинланди. Иқтисодиёт вазирлигини бошқариб келган Ботир Хўжаев ташкилотнинг 2019 йили Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига айлантирилганидан сўнг ҳам раҳбарлик лавозимини сақлаб қолганди. У Бош вазирнинг саноат ва корпорация бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари сув тошқинлари домида қолди