Сеулдан Тошкентга учиб келган йўловчилар аэропортда текширувдан ўтказилди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг матбуот хизмати фотосурати

27 февраль куни эрталаб Сеул шаҳридан Тошкентга учиб келган HY514 рейси йўловчилари аэропортнинг ўзида изоляция қилинди, деб хабар беради «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг матбуот хизмати.

Бунга Жанубий Кореяда қайд этилган коронавируснинг Ўзбекистонда тарқалишини олдини олишга доир текширувлар ўтказилиши сабаб бўлган. Йўловчилар аэропортнинг алоҳида залига жойлаштирилган. Изоляция муддати ноаниқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари томонидан одамларда юқумли касаллик борлигида оид керакли профилактика чоралари ўтказилганидан сўнг вазиятга ойдинлик киритилади.

Ушбу рейс йўловчиларга бошқа нохуш сабаблар билан ҳам ёдда қоладиган бўлди. «Новости ташкентского неба» («Тошкент осмони янгиликлари») Telegram-каналининг хабарига кўра, самолёт учгандан сўнг икки соат вақт ўтиб, у яна (Инчхон) аэропортига қайтишга мажбур бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлишги маълумотига кўра, бунга қирғизистонлик йўловчининг аҳволи оғирлашиб, унда инсульт аломати кўзга ташлангани сабаб бўлган. Сеулда у ва икки йўловчи коронавирус инфекциясига чалинмаганлигига доир текширувдан ўтказилган. Йўловчиларда касаллик топилмаган.

Коронавирус инфекцияси 2019 йили Марказий Хитой ҳудудидан тарқала бошлади. Бугунги кунда Хитойдан ташқари дунёнинг қирқта мамлакатида ушбу касалликка чалинган одамлар қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барчани коронавирус пандемиясига тайёр туришга чақиради. Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлигининг касаллик назорати ва профилактикаси маркази маълумотларига кўра, 27 февралга келиб мамлакатда COVID-19 вируси билан касалланган одамларнинг сони 1595 кишини ташкил этган, улардан 12 нафари вафот этган. Қозоғистон Жанубий Корея билан авиапарвозларни уч баробарга қисқартиришга қарор қилган, Россия эса «Аэрофлот» ва «Аврора» компаниялари рейсларидан ташқари барча авиапарвозларни тўхтатган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария -эпидемиологик осойишталик агентлигининг маълумотига кўра, мамлакатда COVID-19 билан бирорта инсон касаллангани аниқланмаган.