Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай туманидаги Сортўбе қишлоғида полиция ходимларига ҳамла қилган уч ака-ука суд қарори билан ҳибсга олинган. Бу ҳақда республика Бош прокуратурасининг матбуот хизмати хабар қилади.
Ташкилот маълумотларига кўра, 7 февраль куни полиция ходимлари Лушир Воингуй бошқариб бораётган Honda Odyssey русумидаги автомобилни тўхтатади. Ҳайдовчининг ёнида машинага таалуқли ҳужжатлар бўлмайди. ИИВ ходимлари Воингуйдан полиция бўлимига боришни сўрайди. Бироқ, ҳайдовчи «уйига бориб, ака-укаларини чақиради ва биргаликда полиция ходимларига ташланади».
Ушбу воқеа юзасидан Бош прокуратура Қозоғистон Жиноят кодексининг 380-модда 1-банди (ҳукумат вакилига зулм ўтказиш) билан жиноят иши қўзғаган. Уч ака-ука айбини тан олган, дейилади хабарда. 14 февраль куни айблов хулосаси Кордай туман судига юборилган.
Воингуй ака-укаларининг полиция ходимлари билан тўқнашуви видеоси 7 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқайди. Шу куни кечаси дунганлар истиқомат қиладиган бир неча қишлоқда тартибсизликлар рўй беради. Жанжал оқибатида 10 нафар одам ўлган, 170 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ўттиздан ортиқ уй , ўнлаб машиналар ёқиб юборилган.
9 февраль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фитначилар ва беғам мулозимлар туфайли тўполон келиб чиққанини таъкидлаган. Давлат раҳбари барча айбдорлар жаъзоланишини айтиб ўтди. Кейинчалик вилоят раҳбарияти ва маҳаллий полициядаги масъул раҳбарларнинг ишдан олингани маълум бўлди.