Маълумки, 8 февралга ўтар кечаси Қозоғистоннинг қўшни Қирғизистон билан чегарасига яқин жойлашган Масанчи қишлоғида оммавий тартибсизлар юз берди: уйлар, дўконлар ёқиб юборилди, маҳаллий аҳоли калтаклар остида қолди. Дастлабки расмий маълумотда саккиз нафар одамнинг ўлгани, ўнлаб одамлар жароҳатлангани маълум қилинди. Яраланганлар орасида полиция ходимлари ҳам бўлган. Тартибсизлик қўшни қишлоқларга ҳам тарқалган.
Ижтимоий тармоқларда ушбу жанжалга «миллатлараро тўқнашув»и туси берилди (Масанчида асосан дунган миллатига мансуб одамлар яшайди). Бироқ, расмийлар жанжалнинг миллий низодан келиб чиққанидан чекланиб, унга «фитначилар томонидан» уюштирилган «маиший жанжал» баҳосини берди. Мамлакат раҳбарияти жума кунидан бери жанжал бартараф этилгани, вазият назорат остида эканини айтиб келади.
Бироқ, норасмий маълумотларга кўра, 8 февраль куни эрталаб Масанчи қишлоғига ҳарбийлар киритилганидан кейингина вазият барқарорлашган.
Дунганлар хуэйцзу (хуэй) халқининг бир уруғи саналади . Уларнинг аждодлари 19 асрда Хитойда ҳукмронлик қилган Цин сулоласига қарши қилган қўзғолонидан сўнг Россия империясига кўчиб ўтадилар. Бугунги кунда Хитойда 10 миллионга яқин хуэй халқи истиқомат қилади ва улар расман миллий озчиликни ташкил этади. Қирғизистонда (70 минг) ва Қозоғистонда (62 минг) яшаётган хуэй (дунган) Ислом динига эътиқод қилади. Қозоғистонда дунганлар асосан Олма-Ота ҳудудида ва Жамбил вилоятида истиқомат қиладилар. Қирғизистонда эса улар мамлакатнинг Қозоғистон билан чегарадош шимолий ҳудудларида яшайдилар.
«Эрталабки соат 5.25 Олма-Отадан ОМОН (милициянинг алоҳида топшириқларни бажарувчи отряди), ҳарбийлар келиб дарҳол вазиятни қўл остига олдилар, – дейди Қозоғистон дунганлари ассоциацияси раиси Хусей Дауров. – Ҳозир, Худога шукр ҳар қадамда ОМОН, вазият назорат остида. Штаб (…) ташкил этишди, тергов ишлари кетяпти, ўлганлар ва ҳаказо борасида маълумотларни йиғишяпти».
Аслида нима бўлган?
Расмий тахминлар бир неча бор ўзгарди. Полиция бир қишлоқдаги одамларнинг ўзаро муштлашуви бўлиб ўтгани, шунингдек бошқа бир жойда машинаси тўхтатилган қонунбузарнинг қариндошлари полиция ходимларига ҳуруж қилгани тўғрисида баёнот берди. Кейинчалик ҳукумат жанжал кўлами битта қишлоқ билан чегараланмагани (президент матбуот хизмати хабарида «қатор аҳоли пунктларида тўқнашув, муштлашув» бўлиб ўтгани ёзилди), одамлар орасида яраланганлар, вафот этганлар борлигини тан олди.
8 февраль вазиятига доир расмий версия қўйидагича: Қирғизистон билан чегарадош Масанчи қишлоғида ўнлаб одамлар иштирокида оммавий муштлашув бошланади. Бу ерга полиция ходимлари юборилади, лекин улар вазиятни қўлга ололмайдилар. Жанжал юз берган жойга бошқа қишлоқлардан одамлар оқиб кела бошлайдилар. «Одамлар воқеани видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқата бошлайдилар. Бошқа овуллардан 300 нафар одам келиб муштлашувга қўшилади», – дейди матбуот анжуманида республика Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбоев.
Ҳукумат «тартибсизликлар» ва «босқинчилик» сўзларини ишлатмасликка интилмоқда (гарчи «оммавий тартибсизлик» ва «одам ўлдириш» моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлсада). Бироқ, отишмалар (қурол ўқидан яраланганлар орасида полиция ходимлари ҳам бор), вайрон бўлган уйлар, машиналар, ўнлаб одамлар (9 февраль маълумотларига кўра, тартибсизликларда 10 нафар одам ҳалок бўлган, 165 та одам тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, касалхонада 39 та одам даволанмоқда, уларнинг аксарияти қурол ўқидан яраланган, 30 дан ортиқ уйлар, ўнлаб автомобиллар ёқиб юборилган) ярадор бўлган ва ўлганлар расмийларнинг «аҳоли ўртасидаги тўқнашув»и версияси сарҳадидан ошиб кетади.
Тартибсизликларни келтириб чиқарган асосий сабаб айтилмаган. «Бу маиший жанжал. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда. Улар тугагандан сўнг, нималар содир бўлганини полициячилар дақиқама-дақиқа айтиб берадилар. Шунингдек, кимлар (…) айбдор ва нима сабабдан бу воқеа содир бўлгани тўғрисида ҳам», –деди ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Даврон Абаев.
Одамлар нима дейди?
Масанчи қишлоқ аҳли журналистларга 7 февраль куни бу ерга четдан юзлаб одамлар етиб келгани, одамларни калтаклаб, уйлар, дўконлар, автомобилларни ёқа бошлаганини айтади (кейинчалик вилоят маъмурияти тартибсизликда мингга яқин одам иштирок этганини маълум қилди). Можаро қўшни Сортўбе, Аухатти ва Булан-Ботир қишлоқларига ҳам ёйилган.
«Полиция баёнотига қарамасдан, Масанчидаги вазият назорат остида эмас, у ёмонлашиб боряпти, – дейди 7 февраль куни кечқурун дунганлар ассоциацияси раҳбари. – Бу ерга келган йигитлар ўнлаб уйларни ёқиб ташладилар, улар одамларни ўққа тутишмоқда, полициянинг қўлидан эса ҳеч нарса келмаяпти (...) . Оммавий муштлашув кетяпти. Оддийгина муштлашув эмас, чет овуллардан келган йигитлар маҳаллий аҳолини ўққа тутяпти».
Кейинчалик шу туманда яшайдиган ташкилот раҳбари калтакланганини маълум қилди. «Улар барча уйларни, машиналарни ёқиб юборишмоқда – ҳамма нарсани вайрон қилишяпти», – деди у.
Тонгга яқин қишлоққа махсус қўшинлар келиб, бетартибликни тўхтатган. Дауровнинг сўзларига кўра, ур-тўполон қўшни Булан-Ботир қишлоғида ҳам бошланган. «Ҳар хил ерлардан йигитлар ёғилиб келди. Қарасам – криминал элементлари. Улар Сортўбега ҳам бостиришмаса, деб қўрқиб турибмиз», – деди у. Бир неча соатдан сўнг ваниҳоят тартибсизликлар тўхтатилган. Қишлоққа киравиш жойларида блок постлар ўрнатилган. Ассосциация раҳбари ҳукуматнинг кечикиб ҳаракат қилганини айтади.
(9 февраль Қозоғистон ИИВ раҳбари ўринбосари Алексей Калайчиди полициячиларнинг воқеа жойига етиб келиши учун анча вақт талаб этилганини айтган, деб хабар беради Zakon.kz. «Ўзингиз бир кўринг, Масанчи вилоят марказидан 370 км олисликда жойлашган. Бу ерга самолётда учиб боролмайсан, автотранспортда етиб келиш учун анчагина вақт талаб этилади», – деган мулозим).
Воқеа содир бўлган жойда туман ва вилоят мулозимлари келган, лекин улар оломонни жиловлай олмаганлар.
Куч қўшинлари вазиятни қўл остига олганларидан сўнг аёллар ва болалар қўшни Қирғизистонга ўтиб жон сақлаш пайига тушадилар. Қирғиз чегарачилари бир неча постларга, жумладан «Токмок-автодорожный»га (Тўқмоқ қишлоғи чегаранинг у томонида, Масанчи қишлоғидан 14 км олисликда жойлашган) одамларнинг оқиб келганини таъкидлайдилар. Қозоғистон чегарачилари одамлар оқими кўпайганини инкор қилганлар.
«Фарғона» манбаси ҳам Масанчи, Сортўбе ва Булан-Ботир қишлоқларидан одамлар Тўқмоққа қараб йўл олганларини тасдиқлайди. «Аёл ва болалар кўп, – деб хабар беради у. – Тўқмоқ ва бошқа қишлоқ аҳли қочқинларни кутиб олиб, уйларига жойлаштиряпти». Vlast.kz мухбири 8 февраль куни биргина чегара постида 200 га яқин дунганлар Қирғизистонга ўтиш учун тўпланганини айтади. Қирғиғистон дунганлари ассоциацияси ходимлари «Фарғона»га бир неча қишлоқда жабрланганларни қабул қилиш ишлари ташкил этилганини айтдилар.
Жанжалнинг сабаби нимада?
Бошидан тартибсизликлар дунганлар билан боғлиқ миллий низо эканлиги айтилганди. Бир неча тахминлар бор, лекин уларнинг ҳаққонийлиги расман тасдиқланмаган.
«Дастлаб Қоракамар ва Масанчи қишлоғи аҳолиси ўртасида жанжал чиқади. Қоракамарлик ёши улуғ инсонни қаттиқ калтаклашади (Кордай туманидаги воқеа тўғрисида гапираркан, Қозоғистон ахборот вазири ёши улуғ инсон калтакланганидан хабардор эканини тасдиқлаган– «Фарғона» изоҳи). Масанчини бизда «дунганлар анклави» дейишади, у ернинг 90 фоиз аҳолиси дунган миллатига мансуб. Қозоқ ва қирғизлар озчиликни ташкил қилади», – дейди Кордай туманида яшовчи Исломбек Достон.
Қозоғистон ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Даврон Абаев 8 февралдаги брифингда жанжал миллатлараро аспектга эга эканини айтади, лекин унга миллий низо сабаб бўлганини гапирмайди. У тартибсизликлар «жумладан маиший жанжалга миллий низо тусини бермоқчи бўлган фитначилар» туфайли келиб чиққанини айтади.
Расмий маълумотларда тилга олинган бошқа воқеа ҳам мавжуд. Унга кўра, полиция ходимлари «ностандарт рақами»даги автомобилни ушлайди. Ҳайдовчининг қариндошлари полициячиларга ташланадилар. Қирғизларнинг машҳур Diesel форуми иштирокчилари номер қирғизларники бўлгани, ҳайдовчи дунган миллатига мансуб эканини тахмин қилидилар. Достоннинг сўзларига кўра, «Қоракамар аҳлини полициячиларга ташланган бир гуруҳ дунганлар ғазаблантирган».
Бу версияга кўра, орадан бир неча соат ўтиб, оломон «Масанчи қишлоғидаги уйларга ўт қўйиб, хонавайрон қилишни бошлайди». Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда одамларнинг ушбу туманга келишларига чақириқлар пайдо бўлган. Diesel форумида ҳам дунганлар жабрланган мазкур тартибсизликлар криминал элементлар ёрдамида уюштирилгани тахмини келтирилади.
Энди нима бўлади?
8 февраль маълумотларига кўра, янги жанжаллар қўзғалмаган. Олма-Ота атрофидаги «Заря Востока» («Шарқ тонгги») туманида ҳам жанжал бўлиши мумкинлиги (бу ерда ҳам дунганлар яшайди) тахмини тилга олинади. Масанчида ур-тўполонлар бошланганида ижтимоий тармоқларда «Заря Востока»даги дунганларни ҳам таъзирини бериб қўйишга чақириқлар бўлган.
Бироқ, бу вазиятда ҳукумат ўз вақтида ҳаракат қилади. Туманга кучайтирилган қўшинлар юборилди. Айрим кўчаларда блок постлар ўрнатилди. Туманда патрул хизмати уюштирилди, бозорлар ёпилди. Полиция ходими журналистларга ушбу тадбирларни ёнғинга қарши ўқув машғулотлари ўтказилиши билан боғлаб гапирган. Лекин расмий доиралар мазкур режалар «тартибсизликка бўлган чақириқлар»га қарши уюштирилганини таъкидлаган.
Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланди. Бу ҳақида Қозоғистон дунганлари уюшмаси хабар қилди (тартибсизликлар қурбонлари орасида Сортўбе қишлоғи мактабининг қозоқ тили ва информатика ўқитувчиси ҳам бўлган). Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳалок бўлганларни дафн этишга кўмаклашиш, жабрланган одамларга ёрдам кўрсатишга топшириқ берган. Жароҳатланганларнинг кўпчилиги Кордай тумани шифохонасига ётқизилган, айримларига қўшни Қирғизистонда кўмак берилган. Қурол ўқи билан яраланган айрим одамлар ҳаво транспортида Олма-Отага юборилган. Ўнлаб одамлар ҳибсга олинган. Қозоғистон президенти воқеа сабаблари ўрганилиб, айбдорларни жазолашга буйруқ берган. Шунга қарамасдан, 8 февраль куни 200 га яқин одам Масанчи ва Қоракамар ўртасидаги кўчага йиғилиб, қўлга олинганларни қўйиб юборишни талаб қилганлар.
Улар билан мулоқот қилишга шахсан Жамбил вилояти раҳбари Асқар Мирзаҳметов етиб келган. У жанжалларга дахлдор бўлмаган 40 га яқин одам қўйиб юборилгани, яна 47 нафар одам ҳибсда ушлаб турилишини айтган.
«Мулозимлар одамларнинг тинчланиши учун озод этилганларни Қоракамарга келтиришга ваъда берган, – деб хабар беради «Азаттык». – Тўпланган одамлар эса ваъда бажарилгандан кейингина тарқалишини айтган».
Михаил Тищенко
-
19 Июль19.07«Урушгандан кўра, савдолашган афзал»Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди
-
24 Апрель24.04Бир-бирини кузатиш вақтиПсихотерапевт Азизбек Болтаев — ўзини яккалаш даврида оилада тотувликни қандай қилиб сақлаб қолиш ва тушкунлик кайфиятидан қутилиш ҳақида
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди