Соғлиқни сақлаш тизимига сарфланаётган маблағлар миқдори ортади

Ўзбекистон шифохонасида. Rscu.uz сайти фотосурати

2020 йили Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимига сарфланаётган маблағлар 18,4 трлн сўмни (деярли $2 млрд) ташкил этади ва бу ўтган йилга қараганда (12,1 трлн сўм ёки $1,3 млрд) 23 фоизга кўп демакдир. Бу тўғрида республика Молия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Молия вазирлиги биргина дори-дармон ва тиббий ускуналарни сотиб олишга 1,5 трлн сўм ($158 млн) ажратилишига аниқлик киритади. Бу кўрсатгич аввалги йилга нисбатан 36 фоизга кўп. 2020 йилда Тез ёрдам машиналари учун препарат ва медикаментлар сотиб олиш учун 103 млрд сўм ($11 млн) йўналтирилади. Биргина онкология касаллигига дучор бўлган беморни даволаш учун кунига (дори ва медикаментлар учун) 66,2 минг сўм сарфланади.

Вазирлик таҳлилчисининг ҳисоб-китобига кўра, жорий йилда ҳар бир тезкор тиббий ёрдам чақирувига 6,7 минг сўм ($0,7) ажратилади. Таққослаш учун— 2018 йили ушбу мақсадда ҳар бир чақирувга беш минг сўмдан ($0,5) маблағ сарфланган.

Бундан олдин тиббий муассасаларни қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун бу йили давлат бюджетидан 1,1 трлн сўм ($115,8 млн) сарфланиши айтиб ўтилганди. Ўтган йили бу ишлар учун сарфлар 973 млрд ($102 млн) сўмдан ошмаганди.

Шуники диққатга сазоворки, Молия вазирлигининг матбуот хизмати кўрсатгичларни таққослаш учун 2016 йилни, яъни мамлакатни Ислом Каримов бошқарган даврни мисол қилиб олган. Рақамлар ҳайратланарли даражадаги тафовутни кўрсатади. Дори-дармон ва тиббий ускуналарни сотиб олиш учун ажратилган маблағ миқдори 6,5 баробарга, саратон касалига чалинган беморларни даволаш учун сарфланадиган пул 20 баробарга (2016 йили битта бундай беморга 3250 сўм сарфланган), тезкор чақирувлар учун сарфлар – 14 баробарга ортган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ