Мирзиёев янги ҳукуматнинг асосий вазифаларини белгилаб берди

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 21 январдаги нутқи . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида одамларнинг яхши яшашга бўлган талаблари ортиб бораётганига эътибор қаратди.

«Биз қанча мукаммал қонун, фармон ва қарорлар қабул қилмайлик, агар улар жойларда етарлича амалга оширилмаса, шунча меҳнат ва саъй-ҳаракатимиз натижаси сезилмай қолаверади, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шунинг учун вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар ишини оқилона ва самарали йўлга қўйиш ҳукуматнинг бош вазифаси бўлиши лозим. Энди ҳар бир топшириқнинг ижро этилгани қоғозга қараб эмас, эришилган пировард натижага қараб баҳоланади», дея давлат раҳбари сўзларини келтиради президент матбуот хизмати.

Президент ҳукуматга беш йил ичида ишсизликни 7 фоизга(ҳозирда – 9 фоиздан ортиқ) камайтириш, 500 минг янги иш ўринларини яратиш, одамларнинг ўртача яшаш даврини 76 ёшга етказиш вазифаларини қўйган. Қишлоқ хўжалигида маҳсулотларни ишлаб чиқаришни 2,5 баробарга ошириш, томчилаб суғориш ва бошқа сувни иқтисод қилувчи технологиялар ёрдамида камида 30 фоиз ерни суғориш вазифаси юклатилган.

Нефть ва газ соҳасида 2025 йилга бориб 5,2 млн тонна ёнилғи ишлаб чиқариш, электр энергиясини ишлаб чиқаришни 80 миллард киловатт-соатга етказиш, тўқимачилик ва чарм-пойабзал соҳаларида хом ашёларни тўлиқ қайта ишлаш ва маҳсулотлар экспортини $8 миллиардга етказиш режалари белгиланган.

Автомобилсозлик саноатида йилига 360 минг дона енгил, юк машиналари ва автобусларни ишлаб чиқариш, 2023 йилга бориб йилига камида 100 минг дона машинани четга сотиш, маҳаллий фармацевтика саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 45 дан 70 фоизга кўпайтириш ва уларнинг экспортини – $100 миллионга етказиш, туризм соҳасида меҳмонхоналар сонини кўпайтирган ҳолда йилиги 12 миллион сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш вазифалари белгиланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ