9 декабрь куни анъанавий тўғридан-тўғри мулоқотда Россия президенти Владимир Путин ўтаётган йил якунларини сарҳисоб қиларкан, мигрантлар мавзусини кўтарди. Давлат раҳбари бу масалани «ўткир ва нозик» деб атади ва мамлакатга ташриф буюрувчиларга қўйиладиган талабларни кучайтириш, шунингдек, фуқароларни Россияга келишидан олдин тайёрлаш мақсадида бошқа давлатлар, жумладан, Марказий Осиё республикалари расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Албатта, қонунчиликда бундай чоралар учун доим имконият топилади ва 2024 йили Давлат Думаси бу борада қўлдан келганини қилди. Парламент қуйи палатаси спикери Вячеслав Володин ҳисобот даврида миграция сиёсати билан боғлиқ 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини маълум қилди. Уларнинг аксарияти хорижликлар ҳаётини у ёки бу тарзда мураккаблаштиради. «Фарғона» Россиядаги мигрантларга оид энг муҳим ташаббуслар, шунингдек, бошқа жиҳат ва воқеалар билан боғлиқ материал тайёрлади.
Камроқ ҳуқуқ — кўпроқ масъулият
Якунланаётган йил ёзида россиялик депутатлар қонунчиликка кўпгина ўзгартиришлар киритишди. Янги қонунлар чет эл фуқароларини назорат қилишда полиция ролини сезиларли даражада оширди. Шу тариқа, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига суд қарорисиз мигрантларни 48 соат ушлаб туриш ва ҳатто депортация тўғрисида қарор чиқаришга рухсат берилди. Ички ишлар вазирлиги Россияда яшаш қоидаларини бузган чет элликлар реестрини юритади. Бундай одамлар «депортация режими» деб аталадиган режимга тушиб қоладилар, бу эса уларга нисбатан жуда кўп чекловларни жорий этади. Масалан, кўчмас мулк ва автомобиль сотиб олиш, никоҳ қуриш, банк ҳисобварақлари очиш ва ойига 30 минг рублдан (288 АҚШ доллари) ортиқ пул ўтказмаларини ўтказиш, ҳокимиятга хабар бермай яшаш жойини ўзгартириш ва бошқалар тақиқланади.
Қора рўйхатга ҳар қандай қоидабузарлик билан тушиб қолиш мумкин — миграция ҳужжатларини кечиктириш, вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ёки доимий яшаш учун рухсатномасинининг (ВНЖ) бекор қилиниши ва бошқалар.
Назарий жиҳатдан, реестр очиқ бўлиши керак ва қоидабузарликлар бартараф этилгач, полиция мигрантни рўйхатдан чиқариб ташлаши керак. Аммо тизим амалда ўзини қандай кўрсатиши ҳали номаълум. Янги чора-тадбирлар 2025 йил 5 февралдан кучга киради. Шундай қилиб, ушбу кундан бошлаб, ташриф буюрувчилар ўз ҳужжатларига ўта эҳтиёт бўлиши керак, акс ҳолда улар осонгина, «уй қамоғи» га тушиб қолиши ёки ўз ватанига қайтишга мажбур бўлиши мумкин.
Депутатлар, шунингдек, чет эл фуқаросига никоҳдан сўнг деярли дарҳол вақтинчалик яшаш рухсатномасини (РВП) олиш учун ариза топшириш имконини берувчи сохта никоҳларга ҳам эътибор қаратишди. Низомга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда оила қуриш ва фуқароликка қабул қилиш ҳужжатларини расмийлаштириш ўртасида камида уч йил ўтиши керак. Кимдир сохта никоҳдан ўтиб, бу йилларни беҳуда сарфлаши даргумон.
Қонунчилар Россия фуқаролигини олган ёки олишни режалаштираётган одамларни ҳам эътиборсиз қолдиришмади. Энди улар ҳарбий рўйхатдан ўтишлари шарт. Рад этилган тақдирда паспорт қайтариб олинади. Дарвоқе, биз мулоқот қилган бир қанча мигрантлар армияга чақирилиб, махсус ҳарбий операцияга жўнатилишидан қўрқиб, фуқаролигини ўзгартирмасликка қарор қилганликларини айтишди.
Глобал ўзгаришлар мигрантларнинг рус тили билимини текшириш тизимига ҳам таъсир кўрсатди. Агар илгари ташриф буюрувчилар тегишли сертификатни хусусий таълим муассасасида ҳам олишлари мумкин бўлса, энди бу «дўкон» ёпилди. Декабрь ойида ҳукумат мигратларни имтиҳондан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган давлат ташкилотлари рўйхатини тасдиқлаган эди. Рўйхатга бутун Россия бўйлаб фақат 92 та ўқув марказлари киритилган.
Қонунларни мураккаблаштириш РФда ишлайдиган чет элликларнинг фарзандларига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Давлат Думаси уларни рус тилини яхши билмаса, мактабларга қабул қилишни тақиқлади. Путин ҳам бу нормани қўллаб-қувватлади. «Умуман олганда, бу тушунарли: бола тилни билмаса, уни мактабда қандай ўқитиш мумкин? Кейин уни алоҳида рус тилига ўргатиш керак бўлади, пулини ким тўлайди?» — ўртага савол ташлади президент тўғридан-тўғри мулоқот чоғида.
Муаммо ҳақиқатан ҳам долзарб эканини қўшимча қиламиз. 155 мингга яқин мигрантлар болалари иштирок этган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, уларнинг 18 фоизи рус тилини умуман билмаган ёки тилни ёмон билган. Бироқ, шунга қарамай улар мактабга боришади. Энди эса, ўзлари ёки ота-оналари илтимосига кўра умумий таълим тизимидан четда қолиб кетганлар сонига тахминан шунча миқдорда болалар қўшилиши мумкин. Ишлашга келган чет элликлар учун яна битта бош оғриғи қўшилди.
Путин бу масалани хорижда рус мактабларини қуриш ёки тил курсларини ташкил этиш орқали ҳал қилишни таклиф қилди. Бу чет элликларга ўз ватанида РФда яшашга тайёргарлик кўришига ёрдам беради. Аммо бундай чора-тадбирлар яқин келажак учун мўлжалланмагани аниқ.
Энди бизга керакмассиз
Бир неча йил олдин Россия ўлкалари чет эллик ишчи кучларидан фойдаланишни бас қила бошлаганди. Бу йил шунга ўхшаш тақиқларни қабул қилган федерал субъектлар сони ортди. Бугунги кунда уларнинг деярли учдан бир қисми чет элликларни ишга олишни қисман ёки тўлиқ чеклаб қўйган.
Одатда, маҳаллий ҳокимиятлар мигрантларни ишга жойлаштириш мумкин бўлмаган касблар ёки соҳалар рўйхатини тузишади. Кўп ҳолларда фақат патент билан ишлайдиган одамлар ҳақида гап боради. Аниқлик киритамизки, ушбу ҳужжатни Россия Федерацияси визасиз режим ўрнатган давлатлар фуқаролари олади, масалан, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам шулар жумласидандир. Лекин истиснолар ҳам мавжуд. Евросиё Иқтисодий Иттифоқи давлатлари — Беларусь, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон резидентларига ҳеч қандай «рухсатнома» керакмас. Шунинг учун чекловлар уларга нисбатан қўлланилмайди.
Санкциялар мавзусини давом эттирсак, 2017 йили биринчилардан бўлиб тақиқларни жорий этган Якутия бу йил ҳам уларни давом эттирди. Келаси йилдан бошлаб Тверь вилояти мигрант учун тақиқланган соҳалар рўйхатини 26 дан 82 тагача кенгайтиради. Шу билан бирга, ушбу ўлка маъмурияти хорижий ишчи кучига иқтисодий жиҳатдан «босим кўрсатган ҳолда», патент нархини деярли 40 фоизга — 15 минг рублга (144 доллар) оширди. Ҳатто Москвада патент тўлови арзонроқ, бу ерда 9 минг рублдан (86 доллар) ошмайди.
2025 йил 1 январдан мигрантлар учун чекловлар жорий қилган яна бир нечта ҳудудларни эслатиб ўтамиз. Москва вилояти ҳокимияти хорижликлар ишлаши мумкин бўлмаган соҳа ва йўналишлар рўйхатини тузди. Бунга савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт ва дам олиш соҳалари киради. Расмийларнинг тушунтиришича, мазкур соҳалар одамлар билан доимий мулоқотни талаб қилади ва Марказий Осиёдан келган мигрантлар рус тилини етарли даражада билишмайди. Мутахассисларнинг фикрича, чекловлар киритилгандан сўнг беш мингдан ортиқ киши ўз ишини тарк этишга мажбур бўлади.
Волгоград вилояти ҳам худди шундай қарор қабул қилди, аммо фаолият турларининг кенгроқ рўйхатини шакллантирди. Хусусан, мигрантларга йўловчилар ташиш соҳасида, сотувчи ва курер сифатида ишлаш тақиқланди. Яъни, мигрантлар талаб қилинадиган касблар кўрсатилган. Бироқ, бундай чекловларни қабул қилаётган аксарият ҳудудлар учун бундай тенденция долзарбдир.
Ўзбеклар ва тожиклар боришни режалаштирмаса ҳам бўладиган битта ўлка бор, бу Нижний Новгород вилояти, у ерда жорий йил 1 октябридан бошлаб патентлар берилмайдиган бўлди. Шу билан бирга, вилоят ҳокимияти қўлида рухсатномаси бор мигрантларнинг, агар керак бўлса, патент муддати узайтирилишини таъкидлади. Аммо янги келганлар Россиянинг бошқа ўлкаларида иш қидиришларига тўғри келади.
Бу ҳолат бироз парадоксал, чунки Россияда, айниқса, минтақаларда ишчилар этишмаслиги мавжуд. Бу ҳақда Путин 19 декабрь куни ҳам айтиб ўтганди. Унинг қўшимча қилишича, мамлакатда ишсизлик деярли йўқ – у 2,3 фоиздан ошмайди. Президентнинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирлари сонини кўп малакали ишчиларни талаб қилмайдиган технологияларни қўллаш орқали камайтириш мумкин.
Фақат фанатизмга берилмаган ҳолда
Россияда мигрантларга қарши кайфиятнинг кучайишига Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да март ойида содир этилган терактдан сўнг бошланган ксенофобия тўлқини таъсир қилди. Эслатиб ўтамиз, ўшанда бир неча киши концерт залига бостириб кириб, ўт очган ва ёнғин келириб чиқарган. 140 дан ортиқ киши жиноят қурбонига айланган. Гумонланувчилар кечиктирмасдан қўлга олинган – уларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлиб чиққан.
Ушбу ҳодиса Россияга кириб келаётган одамлар устидан назоратни кучайтириш ва уларнинг мамлакатда яшаш қоидаларини кучайтириш нуқтаи назаридан қонунчиликка ўзгаришлар киритишга туртки бўлди. Қолаверса, хавфсизлик кучларининг ётоқхоналар, хостеллар ва хорижликлар тўпланадиган жойларга бостириб кириши кучайди. Озгина қоидабузарлик учун (миграция ҳужжати муддатини ўтказиб юбориш) ўз ватанига қайтарилган — кўпинча РФга яқин йилларда кириши тақиқланган ҳолда, депортация қилинганлар сони кескин кўпайди.
Мигрантларга нисбатан муносабати ксенофобия қўринишига яқин қолган жамоатчилик позициясини четлаб ўтиш мумкин эмас. Масалан, «Крокус» воқеасидан кейин россияликлар тожик таксилари келишини билиб, буюртмани бекор қилган ҳолатлари бўлган. Деярли Марказий Осиёнинг барча республикалари фуқароларига нисбатан шунга ўхшаш муносабат кучайди.
Аҳолини тинчлантириш учун расмийлар жиддий кампания ўтказишга мажбур бўлдилар. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг «террорчиларнинг миллати, ватани ва дини йўқ»лигини таъкидлаб, қурбон бўлганларга ҳамдардлик бирдиргани, шунингдек, унинг ҳамкасби Путин ва бошқа россиялик сиёсатчилар миллийликка асосланган нафратнинг олдини олиш тўғрисидаги баёнотлари бунга мисол бўлади. ОАВ «Крокус»га ҳужум пайтида томошабинларни фидокорона қутқариб қолган марказий осиёлик мигрантлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш орқали ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Ўтган ҳафта хавфсизлик кучлари Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповни ўлдиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган шахсдан кейин мигрантларга қарши кайфиятнинг навбатдаги тўлқинини кутиш мумкин эди. Бу ўзбекистонлик Аҳмаджон Қурбонов бўлиб чиқди. Чет эл фуқароси сўроқ пайтида унга теракт уюштиргани учун 100 минг доллар ва Европа Иттифоқи паспорти ваъда қилинганини тан олган.
Бу сафар баъзи россиялик сиёсатчилар олдиндан муносабат билдира бошладилар. Шундай қилиб, Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Калашников зобитларни ўлдириш ташкилотчилари иккита мақсадни кўзлаган, деган фикрни билдирди: юқори мартабали ҳарбийни йўқ қилиш ва Россия Федерациясида ксенофобия кучайишини қўзғатиш. Депутат ҳамма нарсада ўзбекларни умумлаштириб, айблаш керак эмаслигини таъкидлади. Бир қатор бошқа расмийлар ҳам худди шундай риторика билан чиқиш қилдилар.
Бу воқеа энг юқори даражада муҳокама қилинди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Путинга қўнғироқ қилиб, генерал Кириллов ва унинг ёрдамчиси вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Марказий Осиё республикаси раҳбари ушбу «қўпол террорчилик ҳаракатини» кескин қоралади, шунингдек, терроризмга қарши курашиш соҳасида икки давлат махсус хизматлари ўртасида яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдирди.
Юқоридаги барча фикрларни инобатга олган ҳолда, 2024 йил, албатта, мигрантлар учун оғир йил бўлганини таъкидлаймиз. Ва шунга қарамай, улар россияликлар ишламайдиган бўш иш ўринларини тўлдиришади, улар оғир шароитларда ишлашга тайёр ва юмшоқ қилиб айтганда, юқори бўлмаган маош учун ҳам. Бундан ташқари, иқтисодий самара ҳам кўриниб турибди: РФ Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойи ичида мигрантлар патент тўловлари кўринишида Россия бюджетига 100 миллиард рублга яқин (962 миллион доллардан ортиқ) солиқ тўлаган.
Кўриниб турибдики, Марказий Осиёга ҳам Россия керак. Нима бўлсаям, бу ерда миллиондан ортиқ ўзбек, тожик ва қирғиз ўзи ва оиласи учун тирикчилик қилмоқда.
Шунинг учун барча манфаатдор томонлар расмийлари ҳамкорликни қўллаб-қувватлашлари керак. Путин ўз нутқида баланс бузилмаслиги, мигрантларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва кафолатлари таъминланиши зарурлигини таъкидлади. Бироқ, сиёсатчининг қайд этишича, бу маҳаллий аҳолига қўшимча юк бўлиши ҳисобига амалга оширилмаслиги керак, улар чет элликлар туфайли дискомфорт ҳис этмаслиги керак.
Афтидан, қонунчилар учун мазкур балансни топиш янги йилда муҳим вазифа бўлиб қолади. Ахир, мигрантлар ҳаётини чексиз мураккаблаштириб бўлмайди.
-
26 Декабрь26.12Ҳалокатга қушлар сабаб бўлганмиди?Аzerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистонда ҳалокатга учраганига доир барча версиялар
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида