Ноябрь ойи охирида Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қатарда бўлиб ўтган халқаро таълим бўйича саммитда иштирок этди. Қолаверса, бу сўнгги пайтда республика раҳбарининг рафиқаси мамлакатни турмуш ўртоғисиз тақдим этган иккинчи тадбир бўлди. 15 ноябрь куни Истанбулда мусулмон давлатлари раҳбарларининг рафиқалари иштирокида араб-исроил можаросига бағишланган форум бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё постсовет республикаларидан фақат Зироат Мирзиёева иштирок этди. У Ҳамас ва Исроилни ўт очишни тўхтатишга ва музокара столига ўтиришга чорловчи нутқи билан қатнашди. Шу муносабат билан «Фарғона» Марказий Осиё минтақаси давлатларининг барча биринчи хонимлари ҳақида батафсил маълумотларни излашга қарор қилди.
Бой одамнинг қизи, талаба, комсомол раҳбари рафиқаси ва гўзал аёл
Зироатхон (Зироат) Ҳошимова Фарғона вилояти Қўқон шаҳридан. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, у жуда бадавлат оилада ўсган. Унинг отаси Ўрта Осиё темир йўлининг Қўқон ишчи кучи, жумладан, ресторан-вагонлар таъминотига масъул корхонага раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Маҳмуджон Ҳошимов ўнлаб вагон-рефрижераторлар «эгаси» бўлган ва унинг вагонлари бутун Иттифоқ бўйлаб кезган, Ўзбекистон ССРдан харидоргир мева-сабзавотларни етказиб берган, қарама-қарши йўналишда эса юртида танқис бўлган ноёб мебель ва бошқа товарларни олиб келган. Албатта, бу «бизнес» катта даромад келтирган ва тадбиркор нафақат ўз она шаҳрида, балки бутун Фарғона водийсида нуфузли инсон бўлган. Зироат Хочимованинг онаси ҳақида маълумот йўқ.
Ўзбекистоннинг бўлажак биринчи хоними Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. У муҳандис-иқтисодчи дипломига эга, аммо Ҳошимова касби бўйича ишламайган — тегишли графада минтақа мамлакатларидаги аёллар орасида кенг тарқалган – «уй бекаси» касби кўрсатилган.
Айнан университетда Зироат Ҳошимова Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Қизиқарли тафсилот: ҳаммага маълум Википедияда учрашув Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида бўлиб ўтгани айтилади. Аммо, мақола муаллифлари хато қилишган кўринади, чунки президентнинг расмий таржимаи ҳолига кўра, у ҳам пойтахтдаги мелиорация ва ирригация институтини тамомлаган ва қишлоқ хўжалигига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Нима бўлганда ҳам ёшлар ўртасидаги муносабатлар таълим муассасасида бошланган: Зироат аълочи талабалардан бири бўлган, Шавкат эса тенгдош бўлишларига қарамай, Комсомол қўмитаси котиби лавозимида ишлаган. Дарвоқе, Мирзиёевнинг ҳам меҳнат фаолияти шу университетда бошланган бўлиб, у ерда инженер-механик дипломини олган, кичик илмий ходимдан проректоргача бўлган лавозимларда ишлаган.
Шавкат Миромонович республика Бош вазири бўлиб ишлаганида ҳам унинг рафиқаси ҳақида кам маълум берилган. Мирзиёев 2016 йил декабрида президент этиб сайланганидан кейингина биринчи хоним давлат тадбирларида қатнаша бошлаган ва хорижга сафарларида турмуш ўртоғига ҳамроҳ бўла бошлаган.
Яна бир эслатма. Худди шу Википедияда Ҳошимова турмуш қурганидан кейин қизлик фамилиясини сақлаб қолганига урғу берилади. Бироқ, расмий ўзбек матбуотида уни «Зироат Мирзиёева» деб кўрсатишади. Айтганча, «Замин» жамғармаси сайтида биринчи хонимнинг васийлик кенгаши раиси сифатида ишлаши кўрсатилган.
Ўзбекистоннинг биринчи хоними жамғармадан ташқари хайрия лойиҳалари ва ижтимоий тадбирлар билан ҳам шуғулланади. Масалан, жорий йилнинг март ойида у қўлига белкурак билан ўзи ўқиган университетда экология фаолларига дарахт экишда ёрдам берган, буни тегишли фоторепортаж ҳам тасдиқлайди.
Бироқ, Зироат Маҳмудовна активида Истанбулдаги форумга қадар катта ҳажмдаги нутқлари жой олмаган. Фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги ярашув ҳақидаги нутқни биринчи баёнот деб аташ мумкин. Ёки, таъбир жоиз бўлса — турмуш ўртоғи соясидан биринчи чиқиши, дейиш мумкин.
Мирзиёевларнинг уч нафар фарзанди бор. Ўғли Миралишер ҳали мактабда ўқийди, лекин қизлари давлат хизматида карьера қура бошлашган. Кичик қизи Шаҳноза Миллий ижтимоий таъминот агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлайди. Каттаси Саида эса шу йилнинг август ойида отаси томонидан президент ёрдамчиси этиб тасдиқланди, яъни унга ўз администрациясини бошқаришни ишониб топширди.
Таянч, қўллагувчи ва махфий активлар эгаси
Садир Жапаров рафиқаси билан боғлиқ номуновиқликлар унинг таржимаи ҳолидаги исм билан бошланади. Ҳамма жойда у Айгул деб ёзилган, лекин паспортига кўра исми Гулнура. Нима учун бундай «конспирация» керак бўлиб қолганлиги бировга қоронғу.
Айгул (ёки Гулнура) Асанбоева Иссиқкўл вилояти, Туп тумани, Сан-Тош қишлоғида туғилган. Унинг онаси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, отаси ҳақида маълумки, у республикадаги энг йирик олтин қазиб олувчи «Қумтор» конида ишлаган.
Бўлажак президент оиласи қўшни қишлоқда яшаган. Аслида, шу туфайли ёшлар учрашиб қолишган — улар дўстлар даврасида табиатга чиқишган. Кейин Айгул 18 ёшга киради, Садир беш ёш катта эди. Биринчи учрашувдан уч йил ўтгач, улар турмуш қуришади.
Аммо бундан олдин айрилиқни бошдан кечиришга мажбур бўлишган. Қиз Қоракўлдаги тиббиёт билим юртига ўқишга кирган (1992 йилгача – Пржевалск, Иссиқкўл вилоятининг маъмурий маркази – «Фарғона» изоҳи), йигит эса пойтахтдаги Физика институтида таълим олган. Мураббийлик дипломини олишга қадар Садир Совет армияси сафида хизмат қилган. Айтганча, уларни иккинчи маълумотга интилиши бирлаштиради. Айгул ҳам Ишенали Арабаев номидаги Қирғизистон давлат университетининг педагогика факультетини, Садир эса Борис Ельцин номидаги Қирғизистон-Россия Славян университетининг юридик факультетини тамомлайди.
Жапаровнинг сиёсий фаолияти қийин кечган. Мухолифатда бўлганида, у бир неча бор хавфсизлик кучлари билан тўқнашиб, жиноий ишларга, жумладан, рейд ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш айбловларига дучор бўлган. «Ўнинчи» йиллар бошида бўлажак президент ва унинг оиласи чет элга кўчиб ўтишга мажбур бўлади ва 2017 йили ватанга қайтиб келгач, у махсус хизматларнинг ҳибсхонасига тушади.
Айгул Жапарова бир мунча вақт болалари билан чет элда — Россияда ёки Польшада яшаган, эри эса ўз ватанида ҳокимият учун курашган, аниқроғи, амалдаги ҳукуматга қарши чиққан. Қирғизистонга қайтиб келган аёл сиёсий маҳбус эрини қўллаб-қувватловчи барча митинглар, намойишлар ва бошқа акцияларда фаол иштирок этади.
Алоҳида аъкидлаш жоиз, ватанга қайтгач Жапаров ўғли Рустам билан бирга ҳибсга олингани учун, унинг рафиқаси сиёсатга умуман алоқаси йўқ боланинг ҳимоясига отланган. У ҳатто республиканинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбоевнинг рафиқаси Раисага ҳам мурожаат қилган, чунки Жапарованинг сўзларига кўра, «ҳаммага ҳам мамлакатнинг биринчи хоними бўлиш насиб этмайди, ва бас, бунда инсон меҳрли бўлиши керак». Аммо биринчи хоним мазкур муаммони ҳал қилишдан қочиб, бундай масалаларга аралашмаслигини айтади. Натижада Рустам олти ойни ҳибсда ўтказади.
Жапарованинг сиёсий амбициялари фақат эрини қўллаб-қувватлаш билан чекланмайди. 2020 йили у «Мекенчил» партиясидан республика парламентига депутатлик учун ариза беради – у ташкилот рўйхатида 24-ўринни эгаллайди, аммо Гулнура исмли паспорт маълумотлари бўйича. Ҳисоботларга кўра, у қизғин сайлов кампаниясини олиб боради, лекин депутат бўлолмайди. Партия Жогорку Кенешда (парламентда) вакиллик учун етарли овоз ололмайди.
Қирғизистоннинг ҳозирги биринчи хоними хайрия соҳасида муваффақият қозонолган. У «Эне-балага тирек» («Она ва болани қўллаб-қувватлаш») жамоат фондини муваффақиятли бошқара бошлайди. Тўғри, шу йилнинг сентябрь ойида кичик бир воқеа содир бўлган. Журналистлар Хитойнинг Бишкекдаги элчихонаси ушбу ташкилотга 109 миллион доллар ажратганини аниқлайдилар, аммо солиқ хизмати вазиятга ойдинлик киритишга шошилади: уларнинг сўзларига кўра, бухгалтер ҳисоботда «минг сўм» кўрсатилиши кераклигини пайқамаган. Натижада, ХХР Жапарованинг фондига бор-йўғи 109 минг доллар ажратгани маълум бўлади. Хитойликлар инъом этган бундай неъматлар улкан кўринмасада, жамоатчилик кўнглини тинчлантирган.
Бу йил бошида биринчи хонимнинг активлари билан боғлиқ яна бир эпизод юзага қалқиб чиқди. Нафақат ўзининг, балки оила аъзоларининг даромади ҳақида ҳам ҳисобот беришга мажбур бўлган президент рафиқасининг «Ак Умут» ширкати олган фойдасини декларация қилмаган. Расмий ҳаммуаллифи Айгул Жапарова бўлган мазкур корхона 2021 йилдан буён мунтазам равишда солиқ тўлаб келаётгани факт текширувчилари томонидан аниқланган. Гарчи компания нима билан шуғулланаётгани аниқ бўлмаса-да — унинг ижтимоий тармоқларда ҳаттоки аккаунтлари ҳам йўқ. Текширувчилар аниқлашга муваффақ бўлган ягона нарса шундаки, кадастр кўчирмаларига кўра, «Ақ Умут» Бишкекдаги «Асман» бизнес марказининг эгаси бўлиб чмқади. Дарвоқе, Жапарова жамғармаси шу ерда офисни ижарага олган ва президентлик сайловлари пайтида эрининг бош қароргоҳи шу ерда жойлашган эди. Аммо бу арзимас нарсалар: ахир, давлат раҳбари банд одам бўлса, билмай мазкур тафсилотни ўтказиб юборган – кимда ҳам бундай нарса бўлмайди дейсиз.
Жапаровлар жуфтлигининг фарзандлари сонидаги яна бир тафовут. Бир жойда тўртта, бошқа манбаларда бешта кўрсатилган. Аммо бу «жумбоқ» осонроқ очилади. Гап шундаки, эр-хотин ўз тўрт фарзандидан ташқари бахтсиз ҳодисада рафиқаси билан вафот этган президентнинг укаси Эркиннинг ўғли Ринат исмли болани ҳам боқиб олишган. Афсуски, кейинроқ Жапаровлар ойиласида яна бир мусибат юз беради: 2020 йили Жапаровларнинг тўнғич ўғли Дастан мотоцикл ҳайдаб кетаётиб, аварияга учрайди ва воқеадан бир неча кун ўтиб вафот этади. Маълумки, яна бир ўғли Рустам бир неча йил олдин турмуш қуради, 2021 йили Ринат ҳам уйланади. Уларнинг укаси Нурдоолот ва синглиси Жанайим Туркияда ва Бишкек Марказий Осиё Америка университетида таҳсил олишган. Улар ҳозир нима қилишаётгани номаълум.
Деярли сир
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг рафиқалари каби қўшни республикаларнинг биринчи хонимлари ҳақида батафсил маълумотлар топишнинг имкони бўлмади. Шунинг учун биз ушбу кам маълумотларни бир бобга бирлаштиришга қарор қилдик.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ажрашган. Тўғри, унинг сайтида бу ҳақда бирорта сўз йўқ. Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ёзганидек, у давлат раҳбари этиб сайланганидан кейингина никоҳнинг тугаши унинг расмий таржимаи ҳолида қайд этилган. Журналистлар Тўқаевнинг собиқ рафиқаси Надежда Давидовнанинг кам вақт биринчи хоним бўлгаганини аниқлашга муваффақ бўлишган. Аёл ҳақида унинг Нижний Тагилда туғилгани ва Россия фуқаролигига эга экани маълум. У хайрия ва бизнесда фаол иштирок этади. Хусусан, Надежда Тўқаева бир неча йил давомида Москвада кўчмас мулк ижараси компаниясига эгалик қилган. Унинг номига рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлик (ИП) ёпилган, аммо тадбиркор бошқа корхона очиш орқали ишлашда давом этаётган бўлиши мумкин. 1998 йилдан 2011 йилгача унинг Швейцария банкида 1,5 миллион франк бўлган ҳисоб рақами бўлганлиги ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Тўқаевларнинг Тимур исмли ўғли бор, у келаси йили 40 ёшга тўлади. У нефть саноатида ишлайди ва онаси каби хайрия ишларида қатнашади, бобоси Кемел Тўқаев номидаги жамғармани бошқаради.
Тожикистоннинг доимий раҳбари Эмомали Раҳмон рафиқаси ҳақида ҳам кам нарса маълум. Расмий маълумотларга кўра, Азизмо Асадуллаева (матбуотда уни баъзан Азизмо Раҳмонова деб ҳам аташади) ўтган асрнинг 50-йиллари охирларида Тожикистон ССРда туғилган. У омма олдида кўринмайди ва жуда камдан-кам ҳолларда «миллат пешвоси» унвонига эга бўлган эрига хорижий сафарларда ҳамроҳлик қилади. 2016 йили маҳаллий теолог Асадуллаевага ҳам шундай унвон таъсис этишни таклиф қилган эди. Унинг сўзларига кўра, зеро у муқаддас Каъба ичида намоз ўқиган Марказий Осиё тарихидаги биринчи мусулмон аёл бўлган. Шу муносабат билан илоҳиёт олими биринчи хонимни «ислом аёллари етакчиси» сифатида тан олиш ташаббуси билан чиққан. Аммо бу ташаббус рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан уч йил аввал тадбиркорлардан бири президент билан учрашувда Асадуллаевани Республика тадбиркорлар уюшмаси раҳбари этиб тайинлашни таклиф қилганди. Аммо Раҳмон бунга қатъиян қарши бўлиб, хотиннинг тақдири фарзандлари ва эрига ғамхўрлик қилишдан иборатлигини айтган.
Айтганча, Тожикистон раҳбари собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида фарзандларга энг сермаҳсул президент ҳисобланади. Азизмо билан тўққиз фарзанди бор: етти қиз ва икки ўғил. Қизларининг аксарияти давлат секторида ишлашади ёки муваффақиятли сиёсатчилар, дипломатлар, бизнесменлар ва спортчиларга турмушга чиқишган. Бир неча йил олдин Озода тезда мартаба зинапоясига кўтарилиб, президент администрацияси раҳбари бўлди. Бироқ, аксарият сиёсатшуносларга кўра, катта эҳтимол билан Раҳмон ўз лавозимида 29 ёшида Душанбе мэри бўлган ўғли Рустам Эмомалига алмаштирилади. Шунингдек, у республика парламенти юқори палатаси спикери ҳисобланади.
Биринчи хоним ҳақидаги маълумотлар энг камлиги бўйича чемпион замонавий Туркманистон ҳисобланади. Интернетда эълон қилинган кам маълумотлардан биз фақат Сердар Бердимуҳамедовнинг уйланганини, унинг хотинининг исми онаси билан бир хил — Огулгерек эканини билиб олишимиз мумкин. Биринчи хоним учта фарзанд кўрган: икки қиз ва бир ўғил. Қолаверса, бердимуҳамедовлар ўғли ўз оиласини яратган, Ички ишлар вазирлигидаги юқори лавозимли амалдорнинг қизига уйланган.
2022 йил декабрь ойида Озарбайжон ва Туркия билан бўлиб ўтган уч томонлама саммит доирасида амалдаги давлат раҳбари ўз рафиқасини таништирмагани, биринчи хонимлар иштирокидаги маданий дастурда Туркманистон номидан унинг онаси вакиллик қилгани қизиқ. Аёлга мамлакатда хизмат кўрсатган гиламчи унвони берилган эди. Бироқ, Сердарнинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов президент бўлган пайтида матбуотга унинг рафиқаси ҳақида бирор нарса ёзишни ёки унинг суратини жойлаштиришни умуман тақиқлаган. Табу 2021 йили, ўша пайтдаги биринчи хоним Эрдўғон жуфтлигининг Ашхободга ташрифи доирасида чиққанида бекор қилинган. Аёл миллий либосда бўлган ва ўзини жуда камтарона тутган.
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08Катта оға Олмаотага етиб келдиҚозоғистонда бедарак йўқолганлар ва жиноятчиларни қидиришга сунъий интеллектдан фойдаланила бошланди