4 октабрь куни Қирғизистон хавфсизлик кучлари Коля-қирғиз номи билан танилган таниқли жиноятчи Қамчибек Кўлбаевни қўлга олиш бўйича операция ўтказди. Бу Бишкекдаги «Блондер Паб» ресторанида содир бўлди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, гумонланувчи қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинмалар томонидан отиб ўлдирилган. Ресторанга ташриф буюрганлардан бошқа ҳеч ким жабрланмаган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уюшган жиноий гуруҳларга қарши кураш давом этаётгани ҳақида эълон қилди, шундан сўнг гуруҳлар етакчилари бирин-кетин бундан буён улар «кўча қонуни» эмас, балки мамлакат қонуни бўйича яшашга рози эканликларини маъум қила бошладилар. Махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳатто ижтимоий тармоқларда «энди Қирғизистонда жиноий муҳит ва жиноят тўдалари бўлмайди», деб ёзган эди. Республика ҳақиқатан ҳам уюшган жиноятчиликни бутунлай енгиш ниятидами ёки бу ҳокимиятнинг популистик ҳаракатими — буни «Фарғона» тушунишга ҳаракат қилди.
Москвада «тож кийдирилган»
Қамчибек Кўлбаев 1974 йили Иссиқкўл вилоятининг Чўлпон-Ота шаҳрида туғилган. Унинг отаси, миллий спорт турлари бўйича Қирғизистонда хизмат кўрсатган мураббий, ўғлининг жисмоний тарбиясини назорат қилган, унга катта таъсир кўрсатган. Қамчибек ҳам спорт билан профессионал шуғулланиши мумкин эди, лекин 90-йилларда кўплаб йигитлар қатори жиноятга берилиб кетади. Чўлпоноталик бир неча йил давомида ўша пайтда Қирғизистонда кенг тарқалган чечен мафиясига қарши курашган маҳаллий ҳокимият раҳбари Рисбек Акматбаевнинг тан соқчиси бўлган.
2000 йили Кўлбаев ўз бошлиғига суиқасд уюштиради. Бир версияга кўра, уюшган жиноий гуруҳ вакиллари бир бизнесга даъво қилишган ва уни бўлишолмаган, бошқасига кўра, Акматбаевнинг рақиблари тансоқчини мудхиш қадам ташлашга кўндиришган. Бироқ, уриниш муваффақиятли бўлмаган: авторитет жароҳат олган, лекин унинг икки қўриқчисидан фарқли ўлароқ омон қолган. Ушбу журъаткор ҳаракати учун Кўлбаев 25 йилга озодликдан маҳрум этилади. Бироқ, олти йил ўтгач, ҳеч қандай сабабсиз у турар-жой колониясига ўтказилади ва у ердан тез орада қочиб кетади.
2006 йили Акматбаев отиб ўлдирилган. Бу сафар қотилни ким ёллагани номаълум бўлган. Номзодлар етарлича бўлган, жумладан, ўша Кўлбаев ҳам озодликда, органлардан яшириниб юрган. Орадан бир йил ўтиб, республика Бош прокуратураси янги Конституция қабул қилинганлиги муносабати билан унга нисбатан амнистия қўллайди, қамоқдан қочиш иши тўхтатилади.
Айтиш мумкинки, 2008 йили Қўлбаевга «бахт қуши» келиб қўнади. Бир қатор ОАВлар у «қонундан устун ўғри» унвонига сазовор бўлган биринчи қирғизистонлик бўлгани ҳақида хабар тарқатади. Бу Москвада содир бўлганди, у ерда собиқ Иттифоқнинг турли бурчакларидан ўнлаб жиноятчилар йиғилади. Миш-мишларга кўра, жиноий элитанинг янги аъзосига «Коля-қирғиз» лақабини ўша кунларда жиноий дунёнинг тирик афсонаси деб аталган машҳур Дед Ҳасан (Аслан Усоян) берган.
Ўз юртида Қўлбаев бир қанча жиноий ишларга аралашиб қолади. Унга кўплаб жиноятлар — уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва талончиликдан тортиб, гиёҳванд моддалар савдоси ва одам ўғирлашгача бўлган айбловлар қўйилади. 2012 йили қирғиз Коля ҳибсга олинади, бироқ у сувдан қуруқ чиқади, чунки гувоҳлар ва жабрланувчилар бир вақтнинг ўзида олдинги кўрсатмаларидан воз кеча бошлашади.
Орадан бир йил ўтиб суд барибир криминал дунёси авторитетини 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилади, бироқ иккинчи инстанция ҳукмни уч йилга алмаштиради. Ва бир ярим йил ўтгач, Кўлбаев озод бўлади.
Айтганча, у нафақат ўз она юртида таъқиб қилинган. АҚШ ҳукумати қирғизистонликни йирик наркобарон деб эълон қилади ва у ҳақидаги маълумот учун 1 миллион доллар мукофот таклиф қилади.
2021 йили нархлар ошади ва хориждаги хавфсизлик кучлари Қўлбаевнинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар ваъда қилишади.
Бу вақтга келиб қирғиз Коля бир қанча моддалар, хусусан, катта миқдордаги пул ювиш билан боғлиқ бўлган жиноий ишда айбланувчига айланади. Бишкек ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳатто авторитетни ҳибсга олишган, бироқ олти ой ўтар-ўтмас у яшаган манзилини танк этмаслик шарти билан тергов изоляторини тарк этган.
Шу йилнинг ёзида Кўлбаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши тўхтатилгани — унинг содир этган жиноятлари бўйича даъво муддати тугагани ҳақида хабар берилади.
Коля ўз ишини қилганди ...
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълумотларига кўра, «қонундан устун ўғри»ни қўлга олиш бўйича махсус операция бошқа «Доо Чынгыз» лақабли Чингиз Жумагулов жиноятчининг ўлдирилиши бўйича тергов доирасида ўтказилган. Одатда, ниқобли зобитлар Кўлбаевни ҳибсга олиб, сўроққа олиб келишлари керак эди. Аммо нимадир чаппасига кетади: қирғиз Коля қуролланган бўлиб, ўқ узган, шундан сўнг уни йўқ қилишга тўғри келган. Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таъкидлаганидек, ресторанга ташриф буюрганлардан бошқа ҳеч ким жабрланмаган.
Бироқ, 4 октабрь куни Бишкекда содир бўлган воқеанинг бошқа версиялари ҳам бор. Қирғизистонда жиноятчиликка ихтисослашган журналист Улуғбек Бобоқулов (ҳозирда Францияда яшаб, у ерда сиёсий бошпана олган) фикрича, аслида махсус кучлар ва бандитлар ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик бўлмаган.
«Қўлбаев ўзи билан ўқотар қурол олиб юрмаган — бу нимага олиб келишини тушунган. Ва унинг ўша машҳур ресторанда пайдо бўлиши ҳам тасодифий эмас: у бир «мураккаб инсон» билан учрашган. Яъни, ўғрини керакли жойга жалб қилишган, кейин уни йўқ қилиш «ҳамирдан қил суғургандек» иш эди. Кейин одамларни шамғалат қилиш учун ҳавога бироз ўқ узишган – яъни отишма бўляпти, ҳамма қўрқиб ётиб олиши керак эди. Нимага бошқа жабрланган кимсалар бўлмаганини тушунтиришнинг бошқа йўли йўқ», — дея хулоса қилади «Фарғона» эксперти.
Айрим ОАВ хабарларига кўра, воқеа жойига зудлик билан учта тез ёрдам машинаси етиб келган ва кўп ўтмай у ерда Республика Бош прокурори Қурманқул Зулушев ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алимқодир Бейшеналиев ҳозир бўлган. Бундан ташқари, биринчисининг пайдо бўлиши ажабланарли эмас; зеро, назорат қилувчи орган жиноят билан шуғулланади, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг тезда етиб келиши саволлар туғдиради. Балки унинг вазифаси жиноий олам авторитетининг ўлимини юқори даражада аниқлаш ва мазкур тиббий ҳодисани президентга етказиш керак бўлгандир?
Ҳар ҳолда, ҳукумат аъзоларининг операцияда иштирок этиши («ҳайитдан кейин» бўлсаям) ўлдирилган одамнинг Қирғизистон расмийлари билан яқин муносабатларидан далолат беради.
Экспертимиз Улуғбек Бобоқуловнинг фикрича, Қўлбаев даражасидаги криминал бошлиқлар, одатда, мамлакатдаги энг кичик одамлар билан чамбарчас боғлиқ.
«Ўтмишга, аниқроғи 2020 йилга қисқача экскурсия қилиш лозим. Ўша йилнинг кузида Қирғизистонда парламент сайловларидан сўнг навбатдаги давлат тўнтариши содир бўлганди ва ўша пайтдаги президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди. Ўша кунларда Садир Жапаров қамоқдан чиқариб юборилди ва у охир-оқибат ҳокимият тепасига келди, — деб ўйлайди журналист. «Кейин у ошнаси Қамчибек Ташиев билан бирга ўз позицияларини, жумладан парламент орқали қонунийлаштиришга ҳаракат қилишди. Аммо депутатлар Жапаровни Бош вазир лавазимини вақтинча бошқарувчиси этиб тайинлашни хоҳламадилар. Шунга қарамай, улар номзодни маъқулладилар ва шундан кейингина жиноят вакиллари уларга босим ўтказаётганидан шикоят қилишди. Шундай қилиб, ҳокимият Жапаровни том маънода президентликка қўйди ва Ташиевга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллашга ёрдам берди. Яна гап шундаки, бу дуэт энди бандитлар хизматига муҳтож эмас эди. Мана сизга натижа».
Қўлбаевнинг жиноят оламидаги қудратини исботлаган МХДҚ авторитетнинг ноқонуний йўл билан қўлга киритган мол-мулки ҳақидаги видеони эълон қилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг қиймати қарийб 1 миллиард долларни ташкил этади. Рўййхатга ресторанлар, ҳашаматли уйлар ва отхоналар, 60 та премиум автомобиль, кўплаб заргарлик буюмлари каби 850 та мулк киритилган. Умуман олганда, разведка хизмати маълумотларига кўра, бизнесменлар, маҳбуслар ва бошқа бандитлардан ўлпон йиғиб, «ўғрилар ғазнаси» ни бошқарадиган шахс учун стандарт ўрнатилган. Айниқса, бир ҳашаматли буюм одамни ҳайратда қолдиради. Унутмайлик, қирғиз Коляга Москвада «тож кийдирилган» ва ушбу омил таъсирида бўлса керак у ўзига К.К. бош ҳарфлари билан тилла ва олмосдан тож сотиб олган ва у тахминан 500 минг доллар туради.
Активларни мусодара қилиш ишлари аллақачон бошланган: унинг катта қисми, албатта, давлат даромадига ўтказилса керак. Қизиқ, расмийлар тожни қаерга қўйишаркин – аукционда сотишармикан ёки бирон бир музейга беришармикан?
Лекин ҳали ҳаммаси эмас. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўлдирилган жиноятчининг «хазиналари»ни, шу жумладан чет элда – Қозоғистон, БАА, Япония, Туркия, Грузия ва Россияда қидиришни давом эттиришга ваъда берди.
Мухими — биринчи бўлиб «тавба қилиш»
Маълум бўлишича, Қўлбаевнинг йўқ қилиниши Қирғизистонда жиноятчиликка қарши курашнинг дастлабки босқичи, холос. Орадан бир-икки кун ўтиб, махсус хизмат уюшган жиноятчиликдан жабр кўрган тадбиркорлар ва бошқа фуқароларни республикада уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳозирда фаол босқичда бўлганлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни таклиф қилди.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев «жамиятга қарши бош кўтаришга ёки қандайдир ноқонуний хатти-ҳаракатлар уюштиришга уринаётганларга» очиқчасига таҳдид қилди.
«Бундан буён мамлакатимизда қонундан устун ўғрилар, уюшган жиноий гуруҳлар бўлмайди. Янги ўғрилар, янги лидерларни яратмоқчи бўлганларни қаттиқ жазолаймиз», — деб ваъда берди қўмита бошлиғи.
Буни исботи Қўлбаев атрофидаги одамларнинг бирин кетин ҳибсга олинишида кўринди. Улар орасида мамлакатнинг баъзи шаҳарлари ёки вилоятларининг «кузатувчилари», Коля-қирғизнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзолари, унинг қудаси Рустам Турдиев, ҳокимиятга алоқадор корхоналар раҳбарлари, «Аю» спиртли ичимликлар заводи, Mega уяли алоқа компанияси, «Мадина» бозори топ-менежерлари бор .
Дарвоқе, санаб ўтилганларнинг охиргиси, «Мадина» савдо мажмуаси менежери Турсунтой Салимов Кўлбаев билан на оилавий, на бизнес алоқалари билан боғлиқлигини айтади. Қамоққа олиш чорасини танлаш бўйича суд жараёнида тадбиркор авторитетнинг қўшниси бўлгани учунгина жавобгарликка тортилаётганини айтади.
«Мен 67 ёшдаман, у 49 ёшда. Биз дўст эмасмиз, шунчаки бир-биримизни билардик ва бошқа гап йўқ», — дея ўзини ҳимоя қилади гумонланувчи.
Аргумент ёрдам бермади — бошқа маҳбуслар сингари Салимов ҳам икки ойга ҳибсга олинди. Бозор раҳбари суд залида бетоб бўлиб, тергов изолятори ўрнига касалхонага олиб кетилган.
Кейинчалик, 10 октабрь куни хавфсизлик кучлари Коля-қирғизнинг яна бир «бизнес шериги» — «Элит Ҳоус» қурилиш компанияси эгаси Тимур Файзиевни ҳибсга олди. Дарвоқе, ўтган йил бошида порахўрлик ва ер участкаси билан боғлиқ фирибгарликда гумон қилинган ушбу тадбиркор Иссиқкўлда экологик тоза Асман шаҳри қурилишига бош директор этиб тайинланган эди. Аммо орадан бир неча ой ўтгач, ҳукумат ўзига келиб, обрўсига путур етказган тадбиркорни президент ҳомийлигидаги лойиҳадан четлаштирди.
Қўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳига алоқадор одамларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар кунига бир неча марта пайдо бўлмоқда. 11 октабрь куни ушбу рўйхатни Қирғизистон юнон-рум кураши федерацияси вице-президенти Аҳрор Иминов, шунингдек, «Гознак» компанияси директори ўринбосари ва яна 15 та компаниянинг ҳаммуаллифи Олег Подобедов тўлдирди. Биринчиси, терговчиларнинг фикрига кўра, юк логистикаси ва жиноий ҳамжамият учун солиқ йиғиш билан шуғулланган, иккинчиси гуруҳнинг молиявий муаммоларини ҳал қилган.
Ҳибсга олишлар бир вақтнинг ўзида авторитетларнинг жиноий фаолиятини тўхтатишга ваъда қилувчи видеоларни бирин-кетин интернетга жойлаштира бошлаши билан боғлиқ «жиноий флеш-моб»га уланиб кетди.
Мурожаатларнинг мазмуни, хоҳ у рус тилида, хоҳ қирғиз тилида бўлсин, бир хил: уюшган жиноий гуруҳ етакчилари бундан буён «ўғрилар ғоялари»дан воз кечишларини, «кўча қонуни» билан яшашни бас қилишларини ва Қирғизистон мамлакати қонунларга риоя қилишларини билдиришмоқда.
Қуйидагилар мурожаат қилишди:
✅ «Соқол» лақабли Улан Токтосунов;
✅ Қодирбек Досонов («Дженго»);
✅ Улан Барчакеев («Узун»);
✅ Алмаз Эрмекбаев, Қўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг Ўш шаҳри бўйича «кузатувчиси»;
✅ Нурлан Омокеев, Қўлбаев уюшган жиноий гуруҳининг норинлик аъзоси.
Рўйхат кенгайтирилиши мумкин. Журналист Улуғбек Бобоқулов ёппасига «тавба қилиш»лар тенденциясини шундай изоҳлайди – криминал олами авторитетлари ҳам одам, ва улар Коля қирғиз тақдирини такрорлашни хоҳлашмайди.
«Менимча, улар авторитет «ўлими» ҳолатини жуда яхши билишади ва улар кейинги одам бўлиши мумкинлигини яхши тушунишади. Уларнинг Қирғизистондан бошқа борадиган жойи йўқ, чунки уларнинг жиноий мақоми фақат шу ерда тан олинган. Ўлган бандитдан кўра, тирик одам бўлиб қолиш яхши эканини тушунишади», — дейди «Фарғона» суҳбатдоши.
Аммо Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар йўқ бўлиб кетиши даргумон. Собиқ Бош вазир ва Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Феликс Қуловнинг фикрича, албатта таъсир доираларини бўлишлар давом этади.
«Марҳум ўрнини эгаллашни истайдиганлар пайдо бўлиши мумкин. Бу ерда эса жиноят оламидаги ички низолар юзага чиқмаслиги ва оддий одамлар ва тадбиркорларга таъсир қилмаслиги учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан кўп ишлар қилиниши лозим» — дейди сиёсатчи.
Улуғбек Бобоқулов ҳукуматдан уюшган жиноятчиликка қарши кескин курашни давом эттиришини кутади, балки республика сарҳадидан ташқарида ҳам. У Қўлбаевнинг ўлими нафақат унинг ватани, балки, масалан, Қозоғистонга ҳам таъсир қилганини эслайди, у ерда «ўғрилар генерали» ўлимидан сўнг, марҳум авторитет билан ўзаро боғлиқ бир неча ўнлаб бандитлар ҳибсга олинган.
«Мамлакат уюшган жиноий гуруҳлардан қутула бошлади, бунинг учун Ташиевга раҳмат айтиш мумкин. Унинг сўзлари амалидан айро бўлмаслигига ва келажакда Қирғизистон ҳақиқатан ҳам жиноятдан тозаланишига умид қилишимиз мумкин», — дея хулоса қилади «Фарғона» эксперти.
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?
-
14 Октябрь14.10Шунчалар ўзгача ва шунчалар ўхшашЎзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди
-
11 Октябрь11.10Тўсиқларни енгиб ўтиш ва кадрларни сақлаб қолиш керакАлишер Никимбаев — футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ташкилий муаммолар, андижонлик мухлислар ва Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ҳақида
-
08 Октябрь08.10ФотоНон шаҳриТошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди