1988 йил 15 майда Афғонистон ҳудудидан совет қўшинларини олиб чиқиш ишлари бошланди. СССР ҳарбийлари 1979 йил декабрь ойидан буён ушбу мамлакатда турли мухолиф гуруҳларга (мужоҳидлар) қарши фуқаролар урушида маҳаллий ҳукуматга ёрдам бериб келганди. Армия бўлинмаларини олиб чиқиш тўққиз ой давом этди. Совет қўшинлари нима учун Афғонистонни тарк этишга қарор қилгани ва бу қандай содир бўлгани ҳақида — ушбу материалимизда ўқинг.
Женева келишувлари
Қўшинлар 1988 йил 14 апрелда имзоланган «Афғонистон Республикасидаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишувлар»га (одатда ушбу ҳужжатлар имзоланган жойи сабаб Женева келишувлари деб аталади) мувофиқ Осиё мамлакатини тарк этди. Расмий равишда битим тарафлари Афғонистон ва қўшни Покистон эди. АҚШ ва СССР гарант вазифасини бажарган.
Кобул ва Исломобод бир-бирининг ишига аралашмасликка ваъда беради. Назарий жиҳатдан, бу қарама-қаршилик ҳароратини камайтириши керак эди — Афғонистондаги фуқаролар уруши пайтида Покистон ҳудудидан мухолифат учун қурол ва жангарилар оқими тўхтамаган. Шартномаларда, шунингдек, Афғонистондаги Совет қўшинларининг чекланган контингентини (ОКСВА) олиб чиқиш жадвали кўзда тутилган, бу эса қарама-қаршилик даражасини пасайтириши керак эди. Москва номидан ҳужжатни Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг ўша пайтдаги Бош котиби Михаил Горбачёв ва Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе имзолаган эди.
Бироқ, мужоҳидлар вакиллари музокараларда қатнашмаган. Улар Женева келишувлари шартларини бутунлай рад этишган.
Ўз навбатида Горбачёв СССРи АҚШ билан яқинлашишга ва совуқ урушга чек қўйишга интилаётган эди (Афғонистон бу қарама-қаршиликнинг «қайноқ фазаси» содир бўлган ҳудудлардан бири бўлган). Женева келишувлари, Совет раҳбариятига кўра, Вашингтон билан муносабатларни яхшилаш йўлидаги қадам эди. Ҳужжатда кўрсатилган жадвалга мувофиқ совет қўшинларини олиб чиқиш 1988 йил 15 майда бошланиб, 1989 йил 15 февралда тугаши керак эди.
Қўшинларнинг олиб чиқилиши
Қандаҳордаги аэродром хавфсизлик баталонида хизмат қилган полковник Сергей Пашевичнинг хотираларига кўра, қўшинларни олиб чиқиш қарорига иттифоқчи афғонлар орасида турлича муносабат билдирилган. Дарҳақиқат, 1979 йилдан бери Совет армиясининг бўлинмалари мужоҳидларга қарши асосий куч бўлган — улар ўзларининг саъй-ҳаракатлари билан афғон мухолифатини тийиб, унга энг жиддий зарар етказишга муваффақ бўлишаётганди.
«Кўп миқдорда жиҳозлар, қурол-яроғлар, кийим-кечак, ёқилғи ва мойлаш материалларини [Совет контингенти] олиб чиқиш керак эди. Офицерлар ҳисоб-китоб қилишди, зорланиб қўмондонликка хабар беришди: бундай муддатда [тўққиз ой ичида] биз улгурмаймиз! Аммо Горбачёв Мудофаа вазирига босим ўтказади: «Мен Женевада қўшинларни олиб чиқишга ваъда бергандман, ишни бажаринг!» У эса 40-чи армия қумондони Борис Громовга буйруқ беради: «Буйруқни бажариш керак. Биз ҳарбий одамлармиз, буйруқни бажаришга мажбурмиз. Ҳаммасини шу ерда қолдиришга қарор қилдик. Афғонлар кетаётганимиздан ҳам ташвишга тушишар, ҳам қувончишарди — биз уларга бутун бошли омборларни, қурол-яроғларни, сув қазиб олиш минорасига эга ҳарбий шаҳарчани ҳадя қилгандик», — деб эслайди Пашевич.
Игорь Чернов 1980-йиллари йўл коменданти баталонининг алоқа бошлиғи бўлган. Унинг қисми Ҳайратон йўли (ҳозирги Ўзбекистон-Афғонистон чегараси) – Саланг довони бўйлаб карвонларнинг ўтишини таъминлаган.
«Шахсан мен Афғонистон бўйлаб ўттиз минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтганман, ҳар бир қишлоқда танишларимиз бор эди, ҳамма жойда тўхтаб, чой ичишимиз мумкин эди. Шунда [Женева келишувлари тузилганидан кейин] ҳатто одобли афғонлар ҳам жаҳл билан бизга юзланишарди: «Сизлар қочиб кетяпсиз! Сиз бизга хиёнат қилдингиз!» Бу сўзлардан хафа бўлганмидим? Билмайман. Мен ҳарбий одамман, «буйруқ олдимми – уни бажараман». Йиллар ўтиб, албатта, ўйлай бошладим: нега Афғонистонни тарк этдик? Қандай қилиб кетдик?» — дейди Чернов.
Дастлабки уч ойда Афғонистондан 50183 нафар совет қўшинлари олиб чиқилди. Қолган 50 100 киши 1988 йил 15 августдан 1989 йил 15 февралгача СССРга қайтди.
Чиқиб кетиш вақтида армия бўлинмалари мунтазам равишда мужоҳидлар ҳужумига учраган. Американинг Washington Post нашрига кўра, бу даврда жами 523 совет ҳарбийси ҳалок бўлган.
1989 йил 15 февралда 40-армия қўмондони Борис Громов совет ҳарбийларининг охирги вакили сифатида Ҳайратонни Термиз билан боғловчи Дўстлик кўприги орқали Амударёдан ўтган.
Натижалар
1979 йилдан 1989 йил февралигача СССРдан 500 минг аскар ва офицер Афғонистонда хизмат қилди. Уларнинг 200 мингдан ортиғи орден ва медаллар билан, 71 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланган. Совет армиясининг йўқотишлари деярли 15 минг кишини ташкил этган: 9,5 минг киши жангларда, 4 минг киши жароҳатлардан ва мингга яқин турли хил ҳодисалар натижасида ҳалок бўлган. 53 753 нафар ҳарбий жароҳатланган, 417 нафари бедарак йўқолган.
Бу вақтда мужоҳидлар билан тўқнашувларда Афғонистон ҳукумат кучларининг 18 минг нафари ҳалок бўлган. Мухолифатнинг йўқотишлари, турли манбаларга кўра, 75 000 дан 90 000 гача бўлган. Энг кўп тинч аҳоли жабр кўрган: аниқ маълумотлар йўқ, аммо тахминий ҳисоб-китобларга кўра 500 мингдан 1,5 миллион кишигача.
Қўшинларни олиб чиқиб кетиш билан бирга Совет Иттифоқи 1992 йилгача Афғонистон ҳукумат кучларини ёқилғи ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этди. СССРнинг вориси бўлмиш Россия бу «хайрия ишлари»ни тўхтатади.
1992 йил апрель ойи ўрталарида бўлинмалари пойтахтда жойлашган 38 ёшли ҳукумат армияси генерали Абдул-Рашид Дўстум Афғонистон президенти Муҳаммад Нажибуллоҳга қарши исён кўтарди. Бу инқилобга олиб келди. Кейинчалик Дўстум мужоҳидлар билан мамлакатда ҳокимиятни қайта тақсимлаш борасида келишиб олади.
Аммо можаро тугамайди — фуқаролар урушининг янги босқичи бошланади. Кечаги иттифоқчилар бир-бири билан қарама-қаршиликка киришади. Кобул жанговар ҳаракатлар марказларидан бирига айланади — тўрт йил ичида шаҳар жиддий зарар кўради. 1996 йили эса пойтахт мамлакат шимолида мужоҳидлар ва Дўстум жанг қилаётган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари томонидан босиб олинади.
2001 йили Америка армияси кўмагида толиблар режими ағдарилди. Бунинг ортидан 2021 йил августигача Афғонистон хориж қўшинлари назорати остида бўлди. Ўшанда АҚШ армияси бошқа хорижий контингентлар билан бирга мамлакатни тарк этди ва шу билан бирга толиблар ҳокимиятни қўлга олиб, ўз қоидаларини ўрната бошлашди.
Бироқ, радикал ҳаракат очиқ ҳарбий қарама-қаршиликларга киришадиган ёки террор ҳужумларини уюштирадиган Миллий қаршилик фронти ва «Исломий давлат» ** каби ўз душманларига эга бўлди. Шу боис Афғонистонда бугунги кунга қадар турли даражадаги жанглар давом этиб келмоқда
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
**РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?
-
27 Август27.08Нафас олиш ҳозирча мумкинТолиблар аёлларга нисбатан ҳижоб мажбурийлиги ва бир қатор тақиқларни қонун билан мустаҳкамлади
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08«Толиблар футболни тушунишмайди»Афғон клубининг ОФК Чақирув лигасидаги истиқболлари ҳақида
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
27 Июнь27.06Бастрыкин «топқирлиги»РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида