Умрага йўл олган юздан зиёд қирғизистонлик Тошкентда қолиб кетди — улардан яна 400 доллардан талаб қилишмоқда

Умра сафарига отланган Қирғизистоннинг 104 нафар фуқароси Тошкентда қолиб кетди — улар 12 ноябрдан бери Саудия Арабистонига учиб кета олмаяпти. Бунинг устига, сафарни ташкиллаштирган туроператор зиёратчилардан қўшимча пул талаб қилмоқда. Бу ҳақда Жўқорғи Кенеш (парламент) депутати Бурул Аманова маълум қилди, деб хабар беради 24.kg.

Парламент вакилининг аниқлик киритишича, айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида рейс кутаётганларнинг аксарияти Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолисидир. Уларнинг кўпчилиги пенсионерлар бўлиб, саломатлигида муаммолари бор.

Депутатнинг сўзларига кўра, зиёратчиларга Саудия Арабистонига парвоз 16 ноябрь оқшомида ташкил этилиши ваъда қилинмоқда. Аммо қирғизистонликлар яна алданиб қолишдан хавотирда, чунки кутилаётган рейс ҳақида ҳеч ким аниқ маълумот бермаган.

Аманова сафарни ташкил этиш билан «Нур-Умра» фирмаси шуғулланганини қўшимча қилди. Бундан ташқари, тадбиркорлар танқидларга жавобан зиёратчиларни манзилгача элтиб қўйишга тайёр эканликларини, бироқ бунинг учун ҳар бир кишидан алоҳида 400 доллардан тўлов талаб қилинаётганини билдиришган.

Тошкентда қолиб кетган фуқаролар бундай шартларга рози эмас. Қолаверса, агентлик мижозлари депутатга маълум қилишича, улар сафар ҳақини олдиндан тўлабгина қолмай, ҳар бири туроператорга бир мартадан 100 доллардан қўшимча маблағ ўтказиб беришга ҳам мажбур бўлган.

Юзага келган вазият сабабли Аманова Қирғизистон муфтияти ва Ички ишлар вазирлигини мазкур ҳолатни ўрганишга ҳамда фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга чақирди.

24.kg нашрининг ёзишича, 13 ноябрь куни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) зиёратчиларга умра сафарларини уюштирувчи компанияларни синчковлик билан танлашни сўраб мурожаат қилган. Муфтиятга «Нур-Умра» компанияси фаолияти юзасидан бир неча бор шикоятлар келиб тушгани таъкидланган.

ҚМДБ берган аниқликка кўра, фирма фуқароларни ягона электрон иловада рўйхатдан ўтказмасдан юборган, шу сабабли далолатнома тузилган. Бундан ташқари, айнан мазкур туроператор мусулмонлар бошқармасидан расмий огоҳлантиришлар олган эди.

Шунга қарамай, муфтият Тошкентда қолиб кетган 104 нафар зиёратчи ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Идора фақатгина сайёҳлик фирмасининг фаолияти бўйича махсус комиссия ўрганиш олиб бораётганини, унинг хулосаси асосида қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилишини қайд этган, холос.

Мусулмонларни умра ва ҳажга юбориш орқали даромад топувчи виждонсиз тадбиркорлар билан боғлиқ ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам кузатилган. Шу муносабат билан 2024 йилда республика расмийлари зиёратчиларга сайёҳлик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш талабларини кучайтирди. Хусусан, компанияларга давлат жамғармасига 1 миллион доллар захира қилиб қўйиш мажбурияти юкланди. Натижада рухсатнома ҳужжатларини бор-йўғи 12 та оператор қўлга киритди.

Шунга қарамай, одамлар сохта рекламаларга алданиб, шубҳали фирмаларнинг қурбонига айланган ҳолатлар қайд этилган. 2025 йил апрелида юзлаб ўзбекистонликлар Саудия Арабистонида шу тарзда озиқ-овқатсиз ва тунаш жойисиз қолиб кетган эди. Ўз фуқароларига президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан зиёратчиларни ватанга қайтариш учун чартер авиарейсларини ташкил этган ҳукумат ёрдамга келди.

ℹ️ Умра — кичик ҳаж бўлиб, муқаддас Рамазон ойида уни адо этиш катта ҳажга тенглаштирилади. Умра зиёратига йилнинг исталган вақтида бориш мумкин.