Тошкент шаҳар суди собиқ раис ўринбосари ҳукмни юмшатгани учун 4 йилга қамалди

uznews.uz сайтидан олинган сурат

Тошкент вилояти суди пойтахт шаҳар судининг собиқ раис ўринбосари М.М.ни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Айбланувчи хизмат мавқейидан фойдаланиб, қўл остидаги судьяларга босим ўтказганликда ва бунинг оқибатида апелляция инстанцияси жиноятчини қамоқдан озод этиб, нотўғри қарор чиқарганликда айбланган эди. Судьяларга нисбатан очилган жараён якунлангани ҳақида Тошкент вилояти судларининг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукм 13 ноябрь куни эълон қилинди. Матбуот хизмати хабарида судланувчиларнинг фақат бош ҳарфлари келтирилган, бироқ ОАВ апелляция билан боғлиқ можарога қадар Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимида Муроджон Мирзажонов ишлаганини ёзган эди.

Ҳукмга биноан, М.М. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми («Мансабга совуққонлик билан қараш») ва 236-моддаси 2-қисми («Суд ишларини ҳал этишга аралашиш») билан айбдор деб топилди. Бироқ, биринчи банд бўйича жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли унга жазо тайинланмади.

Якунда суднинг собиқ ходими уч йил муддатга суд тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда тўрт йиллик қамоқ жазосини олди.

Апелляция шикоятини бевосита кўриб чиқиб, жиноятчининг жазосини енгиллатган уч нафар собиқ судья — Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова (уларнинг исмлари ҳам илгари очиқ манбаларда тилга олинганди) ҳам айбдор деб топилди, аммо фақат ЖКнинг 231-моддаси 1-қисми («Адолатсиз ҳукм чиқариш») бўйича. Уларнинг ҳар бирига тўрт йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, уларга уч йил давомида суд тизимида ишлаш тақиқланди.

Мазкур вазият Борис Авакянни шафқатсизларча калтаклаб, оғир тан жароҳати етказган ва унинг комага тушишига сабабчи бўлганликда айбланган Акмал Шукуровга нисбатан очилган иш атрофида содир бўлди. Шукуров эса мамлакатдан чиқиб кетган, бироқ кўп ўтмай Қозоғистонда қўлга олиниб, ватанига экстрадиция қилинган эди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди ўтган йилнинг октябрь ойида безорига саккиз йилу бир ой муддатга колония жазосини тайинлаганди. Аммо декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида апелляция инстанцияси айбланувчига нисбатан маънавий ва моддий эътирози йўқлигини билдирган жабрланувчиларнинг позициясига таяниб, ҳукмни юмшатган ва ҳақиқий қамоқ муддатини тўрт йилу бир ойлик озодликни чеклаш жазосига алмаштирган ҳамда у суд залидан тўғридан-тўғри уйига қўйиб юборилган.

Пойтахт прокуратураси ушбу қарорга эътироз билдирган. 18 декабрь куни шаҳар судининг назорат ҳайъати апелляция қарорини бекор қилган ва жазоларни қисман қўшиш ҳисобига Шукуровни яна олти йилга панжара ортига қайтарган. Ўшанда ўзбекистонликнинг қамоқда ўтиришига беш йилдан сал кўпроқ вақт қолганига аниқлик киритилган эди.

Можаро манзарасида апелляцияни кўриб чиққан судьяларнинг ваколатлари тугатилган.

Айблов ҳукмининг бекор қилиниши кенг жамоатчилик резонансига сабаб бўлганди. Тошкент ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳар суди раиси ўринбосари Мирзажонов хизмат мавқейидан фойдаланиб, суд ишига аралашганини ва судьяларга таъсир кўрсатганини аниқлаган. Шу сабабли ҳайъат, назорат органи таъкидлаганидек, ноқонуний қарор чиқариб, жиноятчини озод қилган.

Тошкент шаҳар судининг барча собиқ ходимлари қамоққа олинган ва уларга нисбатан тегишли жиноят иши қўзғатилганди.