2027 йилда Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 416 трлн сўмни ($34,5 млрд), харажатлари эса 464 трлн сўмни ($38,5 млрд) ташкил этиши кутилмоқда. Бинобарин, тақчиллик 48 трлн сўмдан (тахминан $4 млрд) ошмаслиги лозим. Ушбу кўрсаткичлар иқтисодий ўсиш камида 7% бўлган тақдирда амалга ошади. Мутасаддилар келгуси йил бюджети лойиҳасини республика президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда тақдим этишди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Шунингдек, асосий макроиқтисодий прогнозларга кўра, 2027 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми $232 млрдга етади. Шу билан бирга, инфляцияни келгуси йили 6% гача, 2028-2029 йилларда эса 5% гача пасайтириш кўзда тутилмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири бўлган олтин сотувини ҳисобга олмаганда ҳам экспорт ҳажми қарийб $40 млрдга етади.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб қолиши таъкидланди. Хусусан, таълим соҳасидаги ислоҳотларни молиялаштириш учун 114,3 трлн сўм (тахминан $9,5 млрд) ажратилади, бу ўтган йилгига нисбатан 14 трлн сўмга ($1,1 млрд) кўпдир. Соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжларига 61,4 трлн сўм ($5 млрд) йўналтирилади — бу 2026 йилдагидан 12 трлн сўмга ($996 млн) кўп демакдир.
Бундан ташқари, ҳудудлар ва маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлиги ҳамда даромадларини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга яна 70 трлн сўм ($5,8 млрд) сарфланиши режалаштирилган.
Иқтисодий ўсишни йилига камида 7% даражасида ушлаб туриш учун ҳар бир тармоқда юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, экспортни кенгайтириш ва даромади юқори иш ўринларини кўпайтириш устувор бўлган янги модельга ўтиш зарур.
Халқаро тажриба кўрсатишича, рақобатбардош экспортбоп ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, инвестициялар самарадорлиги, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий сиёсатнинг ўзгарувчан шароитларга мослаша олиш қобилияти ривожланишнинг асосий омиллари бўлиши керак.
Шу муносабат билан, йиғилишда қайд этилганидек, кимё ва нефть-кимё саноати, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика соҳалари ҳамда бошқа йўналишларни жадал ривожлантириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқилмоқда. Мазкур соҳалардаги лойиҳаларга халқаро инвесторлар жалб этилиши кутиляпти. Чунончи, 2027 йилда ҳар бир тармоққа камида 2–3 тадан йирик ҳамкорларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Янги йўналишларга, жумладан яримўтказгичлар технологияси, робототехника, биотехнология, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштиришни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни каби бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилади.
Фискал сиёсат масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича,
2027 йилда ҳукумат асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаб қолиш ниятида.
Бундай ёндашувда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, «яширин» иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бюджет даромадларининг бош манбаларига айланади. Шу билан бирга, самарасиз харажатларни қисқартириш, инвестиция ва субсидиялар самарадорлигини ошириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш зарур.
Йиғилишда қайд этилишича, жорий йил якунларига кўра иқтисодий ўсиш 8% бўлиши, ЯИМ ҳажми $200 млрддан ошиши, аҳоли жон бошига даромад эса $5,2 мингни ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу натижалар 2030 йилгача белгиланган мақсадларга эришиш, яъни ЯИМ ҳажмини $300 млрдга, аҳоли жон бошига даромадни $10 мингга етказиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.



