Хитойнинг давлат медиатармоғи CGTN октябрь охири ва ноябрь ойи бошида ХХР ҳамда Ўзбекистон муносабатларига бағишланган 70 га яқин мақола ва видеоматериал эълон қилди. Нашрлар сонининг кескин ошиши Америка дипломатияси ва бизнесининг Марказий Осиёда фаоллашуви билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ёзади Eurasianet.
Нашр ҳисоб-китобларига кўра, материаллар рус ва ўзбек тилларида чоп этилган бўлиб, икки давлатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорлигини қамраб олган. Eurasianet мазкур кампанияни мисли кўрилмаган деб баҳолайди ва CGTN ХКП Марказий қўмитасининг Тарғибот бўлими тасарруфида эканини эслатиб ўтади. Материалларда мулозимлар, тадбиркорлар, олимлар, маданият арбоблари ва оддий фуқаролар иштирок этган. Нашрлар Хитойни бизнес юритиш, таълим олиш, ишлаш, саёҳат қилиш ва оила қуриш учун жозибадор мамлакат сифатида тақдим этган.
Пекинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида» китобининг Хитой тилидаги нашри тақдимоти бунга мисоллардан бири бўлди. Китоб «Жэньминь» нашриётида босилиб чиққан. «Дунё» АА хабарига кўра, тақдимотда ХКП Марказий қўмитасининг Халқаро алоқалар бўлими раҳбари Лю Хайсин ва Тарғибот бўлими бошлиғи ўринбосари Хун Даюн нутқ сўзлаган.
Бундан ташқари, CGTN Чин юртидан Ўзбекистонга ёки аксинча кўчиб келган инсонларга бағишланган «Хуанхэдан Сирдарёгача» номли ҳужжатли лойиҳани тақдим этди. Унинг қаҳрамонлари орасида Бухорода ресторан очган хитойлик тадбиркор, 2008 йилда Ланьчжоуга ўқишга келиб, шу ерда яшаб қолган ўзбекистонлик талаба Фаррух Азимов ҳамда Самарқанд қоғозини тайёрлашнинг анъанавий технологиясини ўрганаётган хитойлик тадқиқотчи бор.
Ҳужжатли фильмни суратга олишда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси иштирок этди. Унинг рус тилидаги дастлабки олти қисми 16–21 октябрь кунлари эфирга узатилди, 2 ноябрда эса CGTN ўзбекча версияларини жойлаштирди. Шу билан бирга, Хитой медиатармоғи биродарлашган шаҳарлар ҳамкорлиги, маданий алмашинувлар ва икки томонлама иқтисодий муносабатлар истиқболлари ҳақида материаллар эълон қилиб борди.
Eurasianet қайд этишича, олдинги ойларда CGTN одатда Ўзбекистон ҳақида ойига бир нечтагина материал чиқарар эди. Нашр бу галги материаллар оқимини Пекиннинг ўзбекистонликлар орасида Хитойнинг ижобий қиёфасини шакллантиришга қаратилган ахборот фаоллигининг сезиларли даражада кучайиши сифатида баҳоламоқда.
Eurasianet муаллифи фикрича, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга октябрдаги ташрифи бунга сиёсий туртки бўлган бўлиши мумкин. Дипломат Марказий Осиёнинг беш давлати Ташқи ишлар вазирлари билан «С5+1» форматида музокаралар олиб борди, Ўзбекистон президенти билан учрашди ва Америка бизнеси вакиллари иштирокидаги тадбирларда қатнашди. Рубио Самарқандга 18 октябрь куни келди. Марказий Осиё республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ишбилармонлик учрашувида 200 дан зиёд америкалик тадбиркор иштирок этган. Регистон майдонида ўтказилган матбуот анжуманида Давлат котиби АҚШ Марказий Осиёда ишончли ва кучли ҳамкор бўлишни исташини баён қилди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, ташрифнинг бизнес дастури якунлари бўйича умумий қиймати 12 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи 54 та битим имзоланди. Келишувлар транспорт, энергетика, ўта муҳим минералларни қазиб олиш, молия соҳаси ва рақамли технологияларни қамраб олган.
АҚШ вакилининг ташрифидан сал олдин, 17 октябрда Мирзиёев Тошкентда ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цянни қабул қилган эди. Томонлар стратегик шерикликни янада кенгайтириш, давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ижро этиш ҳамда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишининг боришини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон президенти маъмурияти ахборотига кўра, шартномалар билан мустаҳкамланган қўшма лойиҳалар портфели қарийб 60 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони эса 6000 тадан ошди. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда: 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми тахминан 16-18 миллиард долларни ташкил этди.
ℹ️ Хитой хорижда ўз нуфузини ошириш мақсадида турли воситалардан, жумладан давлат оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва хорижий муаллифлар билан ҳамкорликдан кенг фойдаланмоқда. Илгари «Фарғона» ёзганидек, Франциянинг Le Monde газетаси ХХРнинг ижобий образини шакллантириш учун чет эллик блогерлар ва инфлюенсерларни жалб этиш амалиётини тадқиқ қилган эди. Жумладан, кўнгилочар ҳамда сайёҳлик контенти орқали Хитой шаҳарларини чет эллик ёшлар ўртасида оммалаштириш ҳақида сўз борган. Le Monde маълумотларига кўра, мамлакатда 150 дан ортиқ «халқаро коммуникация маркази» фаолият юритмоқда, уларнинг дастлабкиси 2018 йилда Чунцинда иш бошлаган.



