Марказий Осиёнинг уч мамлакати экотизимларини тиклашга 260 млн евродан ортиқ маблағ йўналтирилади

«Фарғона» фотоси

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўрмонлар, яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш учун 264,4 млн евро йўналтириш режалаштирилмоқда. Маблағлар 9 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган БМТнинг иқлим бўйича конференциясида (COP31) расман ишга туширилган «Марказий Осиёнинг иқлимга барқарор ландшафтлари» (CLiCA) халқаро дастури доирасида кўзда тутилган. Бу ҳақда Яшил иқлим жамғармасининг ҳужжатлари далолат бермоқда.

Дастур етти йилга мўлжалланган. Энг катта миқдор — 103,75 млн евро — Ўзбекистон учун ажратилган. Қирғизистонга 74,49 млн евро, Тожикистонга 72,25 млн евро белгиланган. Яна қарийб 13,89 млн евро умумий минтақавий тадбирлар ва маъмурий харажатларга йўналтирилади.

Молиялаштириш деградацияга учраган ўрмон ва яйловларни қайта тиклаш, тупроқ эрозиясига қарши курашиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш учун мўлжалланган. Уч мамлакат бўйича тахминан 939 минг гектар ер майдонида барқарор бошқарув усуллари татбиқ этилади. Шунингдек, дастур қишлоқ аҳолиси, фермерлар ва тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш, жумладан, грантлар, кредитлар ва замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш имкониятини яратишни назарда тутади.

Ўзбекистонда лойиҳалар Андижон, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларининг 15 та туманини қамраб олади. 18 минг гектар ўрмон ҳамда 123 минг гектар яйлов ерларини қайта тиклаш, томчилатиб суғориш тизими ва қурғоқчиликка чидамли экинларни жорий қилиш кутилмоқда. 12 минг фермер маслаҳат ёрдами билан таъминланади.

Тожикистонда асосий ишлар Хатлон вилояти ва Фарғона водийсининг заиф туманларида олиб борилади. Бу ҳудудларда тоғ экотизимларини тиклаш, ёнбағирларни мустаҳкамлаш, сув тўплаш ҳавзаларини ҳимоя қилиш ҳамда ирригация тизимларини модернизация қилиш кўзда тутилган.

Қирғизистонда сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги бевосита боғлиқ бўлган тоғ ландшафтлари, ўрмон ҳамда яйловларни асрашга алоҳида эътибор қаратилади.

Дастур Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан уч давлат билан биргаликда тайёрланган. Умумий бюджетнинг қарийб 119,6 млн евроси Яшил иқлим жамғармаси грантлари ҳиссасига тўғри келади, қолган 144,8 млн еврони биргаликда молиялаштириш орқали жалб этиш кўзда тутилган. Ушбу суммага Германия грантлари, Европа инвестиция банки кредитлари ва иштирокчи давлатларнинг бадаллари киради. Белгиланган кредит маблағлари ҳозирча қўшимча келишувларни талаб қилади. Дастурни амалий жиҳатдан бажариш 2027 йилда бошланиши лозим.

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ҳисоботига кўра, 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган давр кузатувлар бошланган 1991 йилдан буён дарёлар учун энг қурғоқчил даврлардан бири бўлган. Марказий Осиё дарё оқими меъёрдан паст бўлган минтақалар сирасига киради. Айниқса, минтақанинг асосий дарё тизимларини ўз ичига олган Орол денгизи ҳавзасида вазият оғирлашган. Қуруқликдаги сув захиралари, жумладан, дарёлар, кўллар, сув омборлари, қор ва музлар кетма-кет иккинчи йил меъёрдан кам миқдорда сақланиб қолган.

ЖМТ баҳолашича, Марказий Осиё дарё оқимининг ярмидан кўпи қор ва музлар ҳисобига шаклланади. Шу билан бирга, минтақа музликлари массаси мувозанати бутун кузатувлар тарихидаги энг салбий учта кўрсаткичдан бирини қайд этди. Экспертлар XXI аср охирига бориб Марказий Осиё мамлакатлари музликлардан ёзги сув оқимининг дунё бўйича энг кучли қисқаришига тўқнаш келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. ВМО давлатларни сув ресурслари бўйича биргаликдаги мониторингни, маълумот алмашинувини ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантиришга чақиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россиялик олимлар Марказий Осиёни Сибир дарёлари ёрдамида суғориш лойиҳасини қайта тикламоқчилар

  • Нима учун Тўқаев сайёрадаги энг катта ёпиқ сув ҳавзаси тақдири ҳақида қайғурмоқда?

  • Анзор Бухарский билан Фарғона водийси бўйлаб фототур

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди