IPHR ва CPJ «Орда»нинг собиқ бош муҳаррири Гулнара Бажкеновага чиқарилган ҳукмни қоралади

bureau.kz сайти фотосурати

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Orda.kz нашрининг собиқ бош муҳаррири Гулнара Бажкеновага чиқарилган ҳукмни қоралади. Ташкилотлар баёнотларида қайд этилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари унинг ишини Қозоғистонда Қурултой (парламент) сайловлари арафасида мустақил ОАВга босим ўтказилишининг бир қисми сифатида баҳоламоқда.

«Гулнара Бажкеновага нисбатан чиқарилган саккиз йиллик шафқатсиз қамоқ жазоси Қозоғистонда 23 август куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида матбуотни сукут сақлашга мажбурлашга қаратилган ҳукумат ҳаракатларидан далолат берувчи ҳибслар ва айблов ҳукмларининг ташвишли тенденциясининг бир қисмидир», — деди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Нью-Йоркдаги дастурий директори Карлос Мартинес де ла Серна.

У Қозоғистон ҳукматини матбуотга босим ўтказишни тўхтатишга ва Бажкенова ҳамда «нишонга олинган» бошқа журналистларга эркин ишлаш имконини беришга чақирди.

«Ҳукмнинг овоз беришдан атиги бир неча кун олдин чиқарилгани хавотир уйғотмоқда. Бу, айниқса, сайловлар даврида муҳим, чунки айнан шу пайтда воқеаларни мустақил ёритиш ва ҳокимият ҳаракатлари устидан жамоатчилик назорати алоҳида аҳамият касб этади», — деди IPHR минтақавий директори Рэйчел Гасовски 19 август куни «Власть» нашрига электрон мактуб орқали.

IPHR, шунингдек, Бажкенованинг адвокати Мурат Адам унинг ишидаги процессуал қоидабузарликлар ҳақида оммавий равишда баёнот берганидан сўнг адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинганидан хавотир билдирди. Ташкилот фикрича, бу журналистга нисбатан таъқиб амалга оширилаётгани ҳақидаги хавотирларни янада кучайтиради.

«Бажкенованинг иши ягона ҳолат эмас. Ўтган ҳафтаги қўшма баёнотимизда тилга олинган бошқа сўнгги ишлар билан бир қаторда, у Қозоғистонда нозик мавзуларни танқидий ёритувчи журналистлар дуч келаётган хавф-хатарлар тобора ортиб бораётганини кўрсатади», — деди Гасовски.

13 август куни IPHR, CPJ ва яна тўртта халқаро ҳуқуқни ҳамда матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи ташкилот Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаевга қўшма мактуб йўллади. Улар давлат раҳбарини журналистларни ҳибсга олиш ва мустақил ОАВга босим ўтказишнинг «яқиндаги тўлқини»ни тўхтатишга чақирди.

Ташкилотлар, шунингдек, Жиноят кодексининг қасддан ахборот тарқатиш ҳақидаги 274-моддасини декриминализация қилишга чақирди. Бажкеновага айнан шу модда бўйича айблов қўйилган. Ушбу модда аввал ҳам журналистларга қарши ишларда бир неча бор қўлланилган.

18 август куни суд Гулнара Бажкеновани саккиз йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди ва унга беш йил давомида журналистлик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлади. У қасддан ахборот тарқатиш, ишониб топширилган мол-мулкни ўзлаштириш ва ноқонуний тадбиркорликда айбдор деб топилди.

❗ Сўнгги вақтларда Қозоғистонда мустақил журналистлар ва ОАВга босим кучайди. Лукпан Ахмедяров, Динара Егеубаева ва Азамат Омаровга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди. Журналист Александра Алехова шахсий маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ иш бўйича ҳақиқий озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда журналистларнинг аккаунтлари мунтазам равишда блокланмоқда. Халқаро сўз эркинлигини ҳимоя қилиш фонди «Әділ сөз» юз бераётган воқеаларни сўз эркинлигининг «яққол чекланиши» деб атади.

Ўз навбатида, Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева бу борада ҳокимиятга билдирилаётган барча даъволарни рад этди. Унинг сўзларига кўра, журналистлар, блогерларнинг касбий фаолияти ёки сўз эркинлигининг асоссиз чекланиши сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳаракатлар нафақат журналистларнинг ўзига, балки давлат органларига ҳам зарар етказади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ