Хитой Қирғизистон фуқаролари учун қисман визасиз режим жорий қилди

Фотосурат Сунъий интеллект ёрдамида яратилди

2026 йил 20 августдан Қирғизистон фуқаролари Хитой ҳудудида учинчи мамлакат ёки ҳудудга транзит қилиш вақтида 240 соатгача визасиз бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, улар учун Хайнань оролига 30 кунгача визасиз кириш тартиби жорий этилди. Тегишли қарорни ХХР Давлат миграция ишлари бошқармаси эълон қилди.

240 соатлик визасиз транзитдан оддий паспорт эгалари, учинчи мамлакат ёки ҳудудга бориш санаси ва йўналиши тасдиқланган чиптага эга бўлган тақдирда фойдаланишлари мумкин. Мамлакатга кириш Пекин ва Шанхайдаги пунктларни ҳам ўз ичига олган 65 та очиқ чегара назорат-ўтказиш пункти орқали амалга оширилади. Транзит режими татбиқ этиладиган ҳудудлар доирасидагина ҳаракатланишга рухсат берилади

Хайнанга сафар қилиш учун Қирғизистон фуқароларига оддий паспорт билан виза талаб этилмайди. Провинцияга очиқ халқаро ўтказиш пунктлари орқали кириш мумкин. Ушбу режим доирасида Хайнаннинг маъмурий чегараларидан ташқарига чиқиш тақиқланади.

Ҳар икки режим қисқа муддатли туристик ва ишбилармонлик сафарлари, қариндошлар ва танишларни зиёрат қилиш имконини беради. Ишлаш, таҳсил олиш, журналистлик фаолияти ва олдиндан рухсат олишни талаб қиладиган бошқа мақсадлар учун тегишли Хитой визасини олдиндан расмийлаштириш зарур.

Шу билан бирга, худди шундай қоидалар Вьетнам фуқаролари учун ҳам жорий этилди. Дастур кенгайтирилгандан сўнг, Хитой орқали 240 соатлик визасиз транзитдан 57 та давлат фуқаролари, Хайнанга визасиз кириш имкониятидан эса 61 та давлат фуқаролари фойдаланиши мумкин.

ХХР Давлат миграция ишлари бошқармасида таъкидланишича, ушбу қарор Хитойнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, сайёҳлик, ишбилармонлик ва инвестиция мақсадидаги сафарларни соддалаштиришга қаратилган.

ℹ️ Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги виза режими 2002 йилда тузилган келишув билан тартибга солинади. Дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари 30 кунгача визасиз сафар қилишлари мумкин, оддий паспорт эгалари учун эса виза талаб этилган.

2016 йил август ойида ХХРнинг Бишкекдаги элчихонаси яқинида содир этилган терактдан сўнг Хитой томони визалар беришни вақтинча тўхтатди, кейинчалик эса расмийлаштириш тартибини сезиларли даражада кучайтирди. Якка тартибдаги туристик визаларни расмийлаштириш тўхтатилиб, камида беш кишидан иборат гуруҳлар учун гуруҳ визасини олиш имконияти қолдирилди. 2018 йил декабрь ойида якка тартибдаги туристик визаларни бериш қайта тикланди.

Оддий паспорт эгалари учун визасиз режимни бекор қилиш бўйича музокаралар 2023 йилда фаоллашди. Ўша йили Қирғизистон 10 ёки 14 кунлик ўзаро визасиз режим жорий этишни таклиф қилди. Шу йил октябрь ойида Бишкек АҚШ, Буюк Британия ёки Шенген ҳудуди давлатларининг узоқ муддатли кўп марталик визаларига эга бўлган Хитой фуқаролари учун етти кунлик визасиз кириш тартибини жорий этди.

2024 йил октябрь ойида Қирғизистон Хитойдан келувчи 5 нафардан 25 нафаргача бўлган ташкиллаштирилган сайёҳлик гуруҳлари учун 21 кунгача визасиз режим жорий қилди. Бироқ, томонлар тўлиқ ўзаро визасиз режим ўрнатмади.