27 ноябрга ўтар кечаси Тошкентдаги Human House маданий марказида ёнғин содир бўлди. Олов галерея ва ҳовлига зарар етказмаган, аммо ошхонани бутунлай кулга айлантирган, деб хабар беради Human House асосчиси Лола Сайфи ўзининг Facebook саҳифасида.
Сайфининг қўшимча қилишича, ёнғин нафақат маданий макон ҳудудига, балки ёнгинадаги «Багратион» қаҳвахонасига ҳам таъсир қилган, шу боис эндиликда фақат ўз жойини тиклаш эмас, қўшниларга ҳам ёрдам бериш вазифаси турибди.
Галерея асосчисининг ёзишича, Human House яқиндагина эски бино учун қарзларидан қутулиб, уни реконструкция қилишга киришган эди. Бузиб, қайтадан қурилиши режалаштирилган ошхонадан ташқари, деярли бутун уйда электр симлари аллақачон янгилаб чиқилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, айнан ўша ерда қисқа туташув юз берган, дея ёнғин сабабини келтиради Сайфи.
Маданий макон асосчиси бу фалокат сайёҳлик мавсуми сусайган, қаҳратон арафасида ва молиявий имкониятлар чекланган бир пайтда рўй берганидан афсусда. Ҳолбуки, Human House одатдагидек кенг кўламли дастурларни — кўргазмалар, маърузалар, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирларни режалаштириб қўйганди.
«Шу йиллар давомида биз одамлар қўллаб-қувватлов, илҳом, янги билимлар, дўстлар, ижод ва касбий ривожланиш учун имконият топа оладиган макон яратишга интилдик. Биз ҳунармандларга тадбиркор бўлишда кўмаклашдик, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватладик, ўз майдонига эга бўлмаганларга ғояларини амалга ошириш учун шароит яратдик. Бугун эса Human House’нинг ўзи кўмакка муҳтож», — деб ёзади лойиҳа асосчиси.
Ҳозирда маданий марказ олдида ёнғиндан сўнг ҳудудни тозалаш, етказилган зарарни баҳолаш ва имкон қадар қисқа вақт ичида ҳар иккала — ўз ошхонаси ҳамда қўшни қаҳвахона ошхонасини тиклаш чораларини топиш вазифаси турибди.
Шу муносабат билан Сайфи бефарқ бўлмаган инсонлардан фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўради.
«Биз энг турли таклифлар ва ёрдам шаклларига тайёрмиз: қурилиш компаниялари, архитекторлар, муҳандислар ва мутахассислар кўмагидан тортиб, қурилиш материаллари, ошхона жиҳозлари тақдим этиш, молиявий ёрдам ва биргаликда мақбул ечимларни излашгача», — дея таъкидлади у.
Галерея асосчиси, шунингдек, ҳудуд тозаланиб борган сари ишларнинг бориши ва тикланиш учун айнан нималар зарурлиги ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришини маълум қилди.
«Human House мен учун ҳеч қачон шунчаки бизнес бўлмаган. Бу йиллар давомида кўплаб инсонларнинг меҳнати билан яратилган тирик организмдир. Бу юзлаб инсонларнинг ҳикоялари, тақдирлари, истеъдодлари ва умидлари туташган Уй бўлиб, биз улар ҳақида доимо сўзлаб келамиз, — дея сўзида давом этади Сайфи. — Бироқ ҳамжамиятнинг кучи нафақат биргаликда бошдан кечирган гўзал воқеалар сони билан, балки оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш қобилияти билан ҳам ўлчанади».
Агар Human House маданий маркази тақдирига бефарқ бўлмасангиз, Лола Сайфига маблағ ўтказишингиз мумкин.
Банк карталари реквизитлари қуйидагича:
UzCard 8600 4904 7985 3541
Visa 4604 7200 0492 4135
Lola Sayfi



