Ўзбекистон транспорт-логистика соҳасида кенг кўламли лойиҳаларни, хусусан, автомобиль магистраллари, темир йўллар, аэропортлар ва тегишли инфратузилмани барпо этиш бўйича ташаббусларни амалга ошириш ниятида. Шу муносабат билан республика президенти Шавкат Мирзиёев инвесторлар ҳамда тадбиркорларни ушбу лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Ишбилармонлар билан учрашувда нутқ сўзлаган мамлакат етакчиси кейинги ўн йилда йўл тармоғини ривожлантиришга 80 трлн сўм (6,6 млрд доллар) ажратилгани, бунинг ҳисобига 130 минг километрдан зиёд автотрассалар таъмирлангани ва реконструкция қилинганини таъкидлади. Айни вақтда эса мазкур соҳага 20 млрд доллар инвестиция жалб қилиш имконияти мавжуд.
Мисол учун, бугунги кунда умумий узунлиги 593 километр ва жами қиймати 5,6 млрд долларлик пулли автойўлларни қуриш бўйича бешта йирик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳудудларда 4 млрд долларлик 131 та лойиҳа шакллантирилган. Бундан ташқари, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қиймати 6,5 млрд долларлик ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан президент бизнес вакилларини лойиҳаларга қўшилишга чақириб, инвесторларга магистралларни бошқариш билан бир қаторда йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш имконияти ҳам таклиф этилаётганини қўшимча қилди.
Мирзиёев таъкидлашича, Ўзбекистонга сифатли йўллар керак. Шу боис тез орада полимер-битум материаллари ва геотўқима технологияларини қўллаш йўл қурилиши стандартларига мажбурий талаб сифатида киритилади.
Темир йўл тармоғини ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, республика раҳбари Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон йўналишининг ишга туширилиши билан юкларни ташиш ҳажми 10 баробарга ошиб, йилига 15-16 млн тоннага етишини қайд этди. Президентнинг қўшимча қилишича, 2030 йилга бориб мамлакатда 545 км янги темир йўл қуриш ва электрлаштирилган участкалар улушини 65 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, қатор ички йўналишларни модернизация қилиш ва Тошкент билан Самарқанд ўртасида юқори тезликдаги темир йўлни барпо этиш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу ташаббусларнинг умумий қиймати 8 млрд долларга баҳоланмоқда. Молиявий тузилмалар ва инвесторлар бу ерда ҳам танловда иштирок этиб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишлари мумкин. Бундан ташқари, расмийлар юк вагонлари паркини 5-6 мингтага кўпайтиришни мақсад қилган бўлиб, шу муносабат билан бизнесга темир йўл инфратузилмасидан фойдаланишда солиқ имтиёзлари ва чегирмалар тақдим этилади.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, яқин ўн йил ичида Ўзбекистоннинг логистика қувватини 80 млн тоннага етказиш мақсад қилинган бўлиб, бунинг учун қиймати 1,6 млрд доллар бўлган 9 та йирик логистика маркази барпо этилади.
Президент авиация соҳасини ҳам четлаб ўтмади. У келтирган статистик маълумотларга кўра, охирги йилларда республикадаги аэропортлар сони 18 тага етди. Жорий йил якунларига кўра ҳаво транспортида йўловчи ташиш ҳажми 17 млн кишини ташкил этиши кутилмоқда. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 25 млн нафарга етказиш вазифаси қўйилган.
Республика етакчиси ишбилармонлар ва инвесторларни янги Тошкент халқаро аэропортига туташ ҳудудда кўп функцияли Aerocity мажмуасини яратиш лойиҳасига эътибор қаратишга чақирди. Қиймати 5 млрд долларга баҳоланаётган мазкур лойиҳа ягона экотизимда логистика марказлари, электрон тижорат объектлари, савдо шохобчалари, меҳмонхоналар ва турар жой инфратузилмасини бирлаштиради.
Маҳаллий авиакомпанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида авиакеросин нархини дунёдаги ўртача нархларга боғлаш, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар импортига, шунингдек, самолётлар ижарасига солиқ ҳамда божхона имтиёзларини жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу чораларни ҳисобга олган ҳолда, 2030 йилга бориб ҳаво кемалари парки камида 250 тага етиши лозим. Ўзбекистонлик учувчиларни ишга қабул қиладиган ташувчилар учун алоҳида имтиёзлар пакети тайёрланади.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида ҳаво бандаргоҳларини бошқарувчи корхоналар 2030 йилга қадар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этилади.



