Ўзбекистонда Исломда аёллар ҳуқуқларига бағишланган кўргазма ва конференция ўтказилади

Фирдавс Абдухолиқов ва ЮНИСЕФ вакиллари. ИЦМ сурати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан ҳамкорликда Исломда аёллар ҳуқуқлари, уларнинг таълим олиши ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокига бағишланган халқаро кўргазма ва илмий конференция ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар беради Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.

Икки лойиҳа концепциясини Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов, UNFPA’нинг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда ташкилотнинг Тожикистондаги директори Нигина Абасзоде, шунингдек, жамғарманинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Матлуба Умурзоқова муҳокама қилди.

Кўргазма «Исломда аёллар ҳуқуқлари: қадр-қиммат, билим ва адолат» деб номланади. Унинг экспозицияси Ислом жамиятида хотин-қизлар мавқеининг тарихий, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатларига бағишланади. Аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи, адолат тамойиллари ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.

Иккинчи лойиҳа «Ислом таълимоти нуқтаи назаридан аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлади. Форум иштирокчилари Ислом анъаналари контекстида хотин-қизларнинг мавқеи, билим олиши ва жамият ҳаётидаги иштироки имкониятларини муҳокама қилади. Муҳокамаларга диний ва маданий мерос бўйича олим ҳамда мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган.

UNFPA вакиллари ҳар иккала тадбирнинг дастлабки концепцияларини тақдим этди. Томонлар экспозиция мазмуни ва конференциянинг илмий дастури устида ишлашни давом эттириш ҳамда ташкилий масалаларни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар. Тадбирлар ўтказиладиган саналар ҳозирча эълон қилинмаган.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил май ойида UNFPA раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувидаги келишувларнинг давомидир. Июнь ойида давлат раҳбари Ислом цивилизацияси марказида «Исломда аёлнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ва кўргазма ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон пойтахтида, Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида қад ростлаган. Бино ўрта асрлар меъморий обидалари услубида барпо этилган бўлиб, 34 метрлик тўртта пештоқ ва 65 метрли марказий гумбазга эга. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли конференция зали ва Ўзбекистоннинг бутун тарихини — исломгача бўлган даврлардан то ҳозирги кунгача қамраб олувчи музей жойлашган. ИЦМ аждодлар меросини ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, шунингдек, дунё бўйлаб илмий-маърифий марказлар билан ҳамкорликда замонавий идрок этиш майдонига айланиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид барча материаллар ушбу рукнда: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ