Ўзбекистонлик амалдорлар оғир хаста болаларга ёрдам кўрсатишга оид қонун лойиҳасини бир йилга кечиктирди

Сурат: АиФ

Ўзбекистонда оғир хаста болаларга паллиатив ва хоспис ёрдами кўрсатишга доир қонун лойиҳасини парламентга киритиш бир йилдан бери пайсалга солинмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сайёра Жумаева Соғлиқни сақлаш вазирлигидан кечикиш сабабларини изоҳлашни ҳамда ҳужжатни қабул қилиш муддатларини маълум қилишни талаб этди, деб хабар беради Kun.uz.

Жумаева 2025 йил май ойидаёқ президентнинг 186-сонли қарори билан ҳукуматга «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга паллиатив ва хоспис ёрдамининг ҳуқуқий ҳамда ташкилий асосларини белгилаб берувчи ўзгартишлар тайёрлаш топширилганини эслатди. Ҳужжатни ишлаб чиқиш ўша йилнинг ноябрь ойига режалаштирилган эди, бироқ орадан 12 ой ўтган бўлса-да, у депутатлар муҳокамасига тақдим этилмади.

«Бу болалар учун ҳар бир кун қадрлидир», — дея таъкидлади Жумаева оғир хаста болаларнинг азобларини енгиллаштириш ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз бораётганини қайд этиб.

Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов кечикишни ҳужжатни қайта ишлаш зарурлиги билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, дастлабки қонун лойиҳаси тайёрланиб, ҳукуматга юборилган, бироқ 2026 йил июнь ойида президентнинг янги қарори қабул қилингач, давлат раҳбари администрацияси уни қайта ишлаш учун қайтарган. Ҳозирда янгиланган ҳужжат яна Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилмоқда. Вазир унинг яқин кунларда парламентга киритилишига умид билдирди, аммо аниқ санани айтмади.

Паллиатив ёрдам ҳаёт учун хавф туғдирувчи касалликларга чалинган инсонларда оғриқ ва бошқа оғир симптомларни енгиллаштиришга мўлжалланган. У тиббий парвариш, беморлар ҳамда уларнинг яқинларига психологик ва ижтимоий мадад кўрсатишни ўз ичига олади. Бундай ёрдам нафақат ихтисослаштирилган муассасаларда, балки уй шароитида ҳам, шу жумладан асосий касалликни даволаш билан бир вақтда кўрсатилиши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда паллиатив ёрдамни кенгайтириш дастури амал қилмоқда. Президентнинг 2026 йил 24 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатда сайёр тиббий бригадалар ташкил этиш, ётиб қолган беморларни махсус каравот ва матраслар билан таъминлаш ҳамда хоспислар тармоғини ривожлантириш кўзда тутилган. Самарқанд вилоятида 20 ўринли болалар хоспис маркази очилиши белгиланган. Қашқадарё, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларида эса умумий сиғими 180 ўринли яна тўртта муассаса ташкил этилиши режалаштирилган. 2030 йилга бориб ҳукумат эҳтиёжмандларнинг камида 80 фоизини паллиатив хизматлар билан таъминламоқчи.

Ўзбекистондаги илк «Таскин» болалар хосписи 2022 йилнинг август ойидаёқ иш бошлаган эди. 20 ўринли мазкур муассаса Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Ezgu Amal хайрия фонди ташаббуси билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Исроил элчихонаси ҳамда Исроилнинг «Шиба» тиббиёт маркази кўмагида ташкил этилган. Ўшанда «Фарғона» хабар берганидек, ташкилотчилар очилиш чоғидаёқ доимий молиялаштириш, хусусан, беморларнинг овқатланиши ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларида танқислик борлигини билдирган эди.

2024 йил февраль ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хоспис хизматлари онкологик касалликларга чалинган болаларга бепул кўрсатилаётганини, аммо Ўзбекистондаги паллиатив ёрдам тизими янада ривожланишга муҳтожлигини қайд этган эди. ЖССТ асосий муаммолар қаторида кучли таъсир қилувчи оғриқ қолдирувчи препаратларнинг чеклангани, тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш ва оғир хаста болаларга ёрдам кўламини кенгайтириш зарурлигини санаб ўтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ