Қирғизистонлик амалдорларга расмий маошдан ташқари қўшимча даромад олишга рухсат берилди. Гап экспертлик ёки бошқа соҳалардаги ҳақ тўланадиган фаолият ҳақида бормоқда. Давлат ва муниципал хизматчилар ишини тартибга солувчи фармонга тегишли тузатишларни республика президенти Садир Жапаров имзолади, дея хабар беради 24.kg.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга биноан, амалдорларга тегишли касбий соҳада қўшимча ҳақ эвазига таълим, илмий, экспертлик ва бошқа ижодий фаолият билан шуғулланишга ижозат берилади.
Шу билан бирга, давлат хизматчилари фақат муайян шартларга риоя қилган ҳолдагина четдан даромад топишлари мумкин. Улардан энг муҳими — амалдорни лавозимга тайинлаган раҳбарнинг розилигидир. Иккинчи иш асосий хизмат вазифаларининг сифати ва ҳажмига таъсир кўрсатмаслиги, шунингдек, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаслиги шарт.
Президент фармонидаги алоҳида бандда хизматчиларнинг турли бирлашмалар таркибида жамоат учун фойдали фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Бу ўринда соғлиқни сақлаш, таълим, хайрия ва волонтёрлик каби йўналишларга мансуб ташкилотлар назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, тузатишлар таътил тизимига ҳам тааллуқли бўлди. Эндиликда амалдорни ходимнинг ўз розилигисиз қонуний ҳордиқдан муддатидан олдин чақириб олиш тақиқланади. Таътилда бўлган идора вакили ўз розилигини телефон орқали ёки рақамли воситалар ёрдамида тасдиқлаши кераклиги қайд этилган.
Шу билан бирга, амалдорларнинг нотижорат ташкилотлар, жумладан васийлик ва кузатув кенгашларининг раҳбарлик органларида иштирок этишига чекловлар белгиланмоқда. Қонунчилик ва халқаро шартномаларда кўзда тутилган ҳолатлар, шунингдек, давлат раҳбари ёки ҳукумат раиси — Президент администрацияси раҳбарининг қарорига мувофиқ ҳолатлар бундан мустасно.



