ОАВ: Туркманистонда ОИВга чалинган беморларга ҳаётий муҳим дориларни бериш тўхтатилди

Фото: ТАСС

Туркманистоннинг Болқон вилоятидаги тиббиёт муассасалари одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан яшовчи беморларга саломатликни сақлаш учун зарур бўлган дори-дармонларни беришни тўхтатди. Шу сабабли касалланган кўплаб инсонларнинг аҳволи оғирлашган, ўлим ҳолатлари сони ҳам ортган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор шифокорларнинг сўзларига таяниб, Озодлик радиосининг маҳаллий бюроси — «Азатлик» хабар бермоқда.

Хусусан, Болқонобод шаҳрилик мутахассис беморларга иммуномодуляторлар ва иммуностимуляторлар гуруҳига мансуб препаратларни бериш тўхтатилганини, шунингдек, зарур инъекциялар ҳам қилинмаётганини аниқлаштирди. Унинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш бошқармаси эндиликда ОИВ билан яшовчи инсонларга дори ажратишни ортиқча деб ҳисобламоқда.

Шу билан бирга, бошқа тиббиёт ходимлари бешта таблетканинг нархи тахминан 200 манатни (қарийб $120) ташкил этишини, ҳолбуки уларни ҳар куни қабул қилиш шартлигини маълум қилди. Яъни, вирус юқтирган кўплаб беморларнинг қимматлиги сабабли бу дориларни сотиб олишга қурби етмайди. Натижада, иммунитет тизимини қувватловчи воситалар бўлмагани боис беморлар вазн йўқотмоқда. Вафот этганлар ҳам бор, дея қўшимча қилди «Азатлик» суҳбатдоши.

Журналистлар туркман амалдорларининг бундай хатти-ҳаракатлари сабабини аниқлашга уринган. Бироқ Болқон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бу каби масалалар билан минтақавий ОИВ/ОИТС хизмати шуғулланишини айтган. Радиостанция таҳририяти махсус марказ билан ҳам телефон орқали боғланган, аммо унинг вакили изоҳ беришдан бош тортган ва гўшакни қўйиб қўйган.

Европада истиқомат қилувчи ва ОИВ ташхиси қўйилган туркманистонлик мигрант Довут Омеровнинг сўзларига кўра, 2020 йиллар бошида беморлар зарур препаратларни халқаро ташкилотлар амалга ошираётган дастурлар доирасида олиб турган. Яъни, республика ҳукумати аслида аввал ҳам ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган.

Шунингдек, мамлакатда ОИВ билан яшовчи инсонларнинг аниқ сони ҳам номаълум бўлиб қолмоқда. Расмий статистикага мувофиқ, Туркманистонда ОИВ/ОИТСга қарши курашиш бўйича еттита марказ фаолият юритмоқда ва уларда жами икки мингга яқин киши ҳисобда туради. Бироқ шифокорларнинг фикрича, асл кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин. Ҳукумат муаммо кўламини халқаро ҳамжамият кўрмаслиги учун маълумотларни яширишни маъқул кўрмоқда.

Маълум бўлишича, вирусга чалинган фуқаролар ҳам давлат, ҳам жамият томонидан босимга дуч келмоқда. Масалан, вирусни қандайдир йўл билан «юқтириб олиш»дан қўрқиб, яқинлари уларни уйдан ҳайдаб чиқарган ҳолатлар қайд этилган. Оилавий шифокорлардан бирининг таъкидлашича, Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари беморларнинг ҳаракатланишини кузатиш учун уларга GPS-қурилмалар ўрнатмоқда. Бунда поликлиника шифокорларига бундай инсонлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш тақиқланган, яъни саломатлик ҳақидаги маълумотларни ёпиқ эшик ортидан гаплашиб тўплаш талаб қилинади.

ОАВ суҳбатдошларидан бири таъкидлашича, давлат сиёсати беморларни янада кучли руҳий зарбага дучор қилмоқда ва уларнинг барвақт ўлимига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ОИВ ҳаво-томчи йўли билан юқмайди, тўғри даволаш ва психологик далда орқали эса беморнинг умрини ўнлаб йилларга узайтириш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ