Тожикистонда ТИУП собиқ фаолини ўлдирган икки киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Сўғд вилояти суди. Фото: Asia-Plus

Тожикистоннинг Сўғд вилояти суди Исфара шаҳрида яшовчи икки нафар фуқарони мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон ислом уйғониш партияси (ТИУП) собиқ фаоли ва тадбиркор, Домулло Абдуманнон номи билан танилган Маннон Содиқовни ўлдирганликда айбдор деб топиб, умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилди. Ҳукм октябрь ойининг ўрталаридаёқ чиқарилган бўлса-да, бу ҳақда эндигина маълум бўлди, деб хабар беради вазиятдан хабардор манбага таянган ҳолда «Азаттиқ Азия».

31 ёшли Эҳсон Бобоев ва 46 ёшли Юсуф Шарифов умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. Нашр суҳбатдошининг билдиришича, улар қотиллик ҳамда яна бир нечта бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Ҳар икки маҳкум жазони ўта оғир деб ҳисоблаб, Тожикистон Олий судига кассация шикояти топширган.

«Озоди» радиоси ҳукм тафсилотларини билиш мақсадида Сўғд вилояти судига бир неча бор мурожаат қилган, бироқ изоҳ олишнинг имкони бўлмаган. Шунингдек, Олий суд маҳкумларнинг шикоятларини иш юритувига қабул қилган-қилмагани ва улар бўйича қарор чиқарган-чиқармагани ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Журналистлар берган маълумотларга кўра, Бобоев 2026 йилнинг январига қадар куч ишлатар тузилмаларида ишлаган. Бу ҳолатни Исфаранинг айрим аҳолиси ҳам тасдиқлаган. Республика ИИВнинг қотиллик тергови ҳақидаги расмий хабарида мазкур далил тилга олинмаган эди.

60 ёшли Маннон Содиқовнинг зўравонлик аломатлари бўлган жасади май ойининг бошида Исфара шаҳри яқинидаги Чорбоғ қишлоғида, қурилиши битмаган турар жой ҳудудидан топилган. Марҳум 27 апрелдан буён бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган эди.

Тожикистоннинг «Ховар» давлат ахборот агентлигининг ИИВга асосланиб берган маълумотига кўра, гумонланувчилар тадбиркорга унинг ўғлини қамоқдан озод этишда кўмаклашишни ваъда қилишган. Шу баҳона билан 27 апрель куни тунги соат учлар атрофида улар гўёки Душанбега бориш учун Содиқовни BMW автомобилига ўтқазишган.

Тергов хулосасига кўра, эркаклар машина ичида тадбиркорнинг қўлларини боғлаб, ёнидаги 100 минг доллар маблағини тортиб олишган. Сўнгра уни қурилиши тугалланмаган уйнинг ертўласига олиб бориб, тўққизта пичоқ зарбаси беришган — иккитаси чап елкасига, еттитаси бўйин қисмига етказилган. Олинган тан жароҳатлари туфайли Содиқов воқеа жойида вафот этган. Жиноят изларини яшириш мақсадида ҳужум қилганлар мурдани бино ҳовлисига кўмиб юборишган. ИИВ хабарида Бобоев ва Шарифов тадбиркорнинг пулини қўлга киритиш мақсадида олдиндан тил бириктириб ҳаракат қилгани қайд этилган. Кейинчалик уларнинг иккаласи ҳам қўлга олинган.

Суд мажлисларида ва ҳукм эълон қилинишида қатнашган марҳумнинг қариндошлари тергов холис ўтказилмаган деб ҳисоблашмоқда. Уларнинг таъкидлашича, қотилликка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушланмаган ва суд жавобгарлигига тортилмаган яна бир шахс алоқадор бўлиши мумкин. Гумон қилинаётган шерикнинг исми журналистларга маълум, аммо мустақил манбалар орқали буни тасдиқлашнинг имкони бўлмагани боис уни ошкор қилишмаяпти. Расмий идоралар қариндошларнинг айбловларига муносабат билдирмади.

Бундан олдин «Озоди» радиоси хабар берганидек, ўлдирилган шахснинг ўғли Абдусалом Содиқов 2024 йили хорижда яшовчи мухолифатчи блогер ва Тожикистон ҳукуматининг энг кескин танқидчиларидан бири Муҳаммадиқбол Садриддинга пул ўтказганлик айблови билан етти йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Яқинларининг айтишича, Маннон Содиқов 100 минг долларни айнан ўғлини озодликка чиқариш учун ишлатмоқчи бўлган. Кейинчалик, 2026 йилнинг кузида Абдусалом Содиқов амнистия акти билан қамоқдан озод қилинган.

Тожикистон ислом уйғониш партияси республикадаги асосий мухолиф сиёсий кучлардан бири саналар эди. 2015 йилнинг сентябрида Олий суд партияни экстремистик ва террористик ташкилот деб топиб, унинг фаолиятини тақиқлади. Бу қарор ҳукумат партия раҳбариятини собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг қуролли исёнига алоқадорликда айблаганидан сўнг қабул қилинган.

ТИУП тақиқлангач, унинг ўнлаб аъзолари ҳамда тарафдорлари ҳибсга олиниб судланди, фаолларнинг бир қисми эса мамлакатдан чиқиб кетди. 2016 йилда партия раисининг икки ўринбосари — Муҳаммадали Ҳаит ва Саидумар Ҳусайний умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мухолифатнинг таъқиб қилинишини бир неча бор кескин қоралаган. Хусусан, «Фарғона» Human Rights Watch ташкилотининг БМТга Тожикистондаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан йўллаган мурожаати ҳақида ёзган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ