Қозоғистонда Миллий видеомониторинг тизими (МВМТ) фаолиятига оид қоидалар янгиланди — ўзгаришлар камераларни тизимга улаш тартиби, ёзувларни сақлаш муддатлари ва уларни давлат органларига тақдим этишга тааллуқлидир, деб хабар беради KazInform.
Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раисининг тегишли буйруғи 2026 йил 28 октябрда имзоланган бўлиб, янги қоидалар 2027 йил 3 январдан кучга киради. Унга кўра, мажбурий тарзда уланиши лозим бўлган камералар ягона мониторинг тармоғига бирлаштирилади. Ушбу тоифалар «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонуннинг 30-1-моддаси 3-бандида санаб ўтилган ва қуйидаги видеокузатув тизимларини ўз ичига олади:
👉 марказий давлат ва маҳаллий ижро этувчи органларнинг;
👉 террорчилик ҳаракатига нисбатан заиф объектларнинг;
👉 жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимларининг;
👉 мулкчилик шаклидан қатъи назар, жамоат жойларида, фуқаролар оммавий бўладиган жойларда ва аҳоли эркин кириши мумкин бўлган объектларда ўрнатилган видеокузатув тизимлари.
Шу тариқа, мажбурий уланиш хусусан дўконлар, қаҳвахоналар ва бошқа жамоат жойларидаги камераларга ҳам тааллуқли бўлади. Бунда видеокузатув тизимларининг эгалари ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар бўлиши мумкин.
Қоидаларда тизимга ихтиёрий равишда уланиш имконияти ҳам кўзда тутилган — бунинг учун МВМТ мувофиқлаштирувчисига тегишли ариза топшириш лозим.
Digital Business нашрининг ёзишича, ҳокимликлар ҳар йили уланиш жадвалларини тузиб, биринчи чорак якунига қадар тизим мувофиқлаштирувчисига юборади. У жадвалларни 1 майдан кечиктирмай тасдиқлаши шарт. Шундан сўнг ҳокимликлар камера эгаларига билдиришномалар юборишни бошлайди. Бундай билдиришнома олинган пайтдан бошлаб тизимга уланиш учун кўпи билан олти ой вақт берилади.
Техник талаблар бажарилгач, эгаси тизим операторига ариза беради. Оператор 10 иш куни ичида камераларнинг СТ РК 4044 стандартига мувофиқлигини текширади. Агар барчаси жойида бўлса, рухсатнома берилади ва уланиш амалга оширилади. Агар қоидабузарликлар аниқланса, мулкдорга уларни бартараф этиш учун 60 тақвим куни берилади. Сўнгра ускунани қайта текширувга топшириш мумкин бўлади.
Оператор, шунингдек, камера эгаси томонида қўшимча ускуналар ҳам ўрнатиши мумкин. Қарор қурилмалар сони, алоқа каналларининг ўтказувчанлик қобилияти ва тизимнинг техник имкониятларидан келиб чиқиб қабул қилинади. Ягона тизимга улангандан сўнг камералар ҳақидаги маълумотлар махсус реестрга киритилади.
Видеоёзувлар қанча муддат сақланади
Видеоёзувлар ва метамаълумотларни сақлаш муддати 30 кунни ташкил этади. Жамоат тартибини бузиш аломатлари мавжуд бўлган ҳодисалар тўғрисидаги маълумотлар 12 ой давомида сақланади.
Қоидаларда видеооқимни автоматик равишда қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини берувчи видеоаналитикани қўллаш ҳам назарда тутилган.
Ушбу технология ёрдамида инсонлар шахсини аниқлаш фақат МВМТ платформасида ҳамда мутлақо миллий хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадларидагина йўл қўйилади, дейилади хабарда.
Видеоёзувлардан кимлар фойдалана олади
Ҳужжатда давлат органларига маълумотларни тақдим этиш тартиби алоҳида белгилаб қўйилган.
Қозоғистон қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда давлат органлари мувофиқлаштирувчига рақамли ташувчини илова қилган ҳолда сўров юбориши лозим. У 10 иш куни ичида маълумотларни узатиш учун қонуний асослар мавжудлигини текширади.
Агар асослар мавжуд бўлса, сўров маълумотларни тақдим этиш учун операторга юборилади. Акс ҳолда, мувофиқлаштирувчи асослантирилган рад жавобини юборишга мажбурдир.
МВМТ оператори тизимнинг туну кун ишлаши, маълумотлар хавфсизлиги ва техник хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлади. Бундан ташқари, у Киберхавфсизлик миллий мувофиқлаштирувчи маркази билан ҳамкорлик қилиши ва аниқланган инцидентлар ҳақида унга тезкор маълумот бериб туриши шарт.
Администратор эса фойдаланувчиларнинг кириш ҳуқуқларини бошқаради, инфратузилманинг узлуксиз ишлашини таъминлайди ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишини назорат қилади.
ℹ️ Қозоғистонда Миллий видеомониторинг тизими 2020 йилдан буён ишлаб келмоқда. У тасвирлар, метамаълумотлар ва инцидентлар ҳақидаги рақамли ёзувларни тўплаш, қайта ишлаш ҳамда сақлашга мўлжалланган. Тизим фаолиятини миллий хавфсизлик органлари мувофиқлаштиради, оператор сифатида «Казахтелеком» АЖ фаолият кўрсатади, администратор эса Давлат техник хизмати ҳисобланади.
Тизимдан махсус ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фойдаланиши мумкин.
Қозоғистон расмийлари Миллий видеомониторинг тизимини жорий этиш заруратини миллий ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда террористик хавфларнинг олдини олиш билан изоҳлаганди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ва экспертлар юзни таниш ҳамда кенг қамровли видеокузатув тизими фуқароларни ёппасига кузатиш қуролига айланиб, нафақат жиноятларни фош этиш, балки таъқиблар учун ҳам қўлланиши мумкинлиги ҳақида аввал ҳам бир неча бор огоҳлантирган эди. Шунингдек, улар шахсий ҳаётга аралашув, шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши ва ахборотдан фойдаланиш устидан шаффоф назорат механизмлари мавжуд эмаслиги хавфини кўрсатиб ўтишган.



