Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги РФ қуролли кучларининг ҳарбий қисмларидан бирига тушиб қолган республика фуқароси Э.Т.ни зудлик билан ватанига қайтариш масаласида россиялик ҳамкасбларига нота юборди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирликнинг билдиришича, қирғизистонлик фуқаро «номаълум шахсларнинг фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида» Россия қуролли кучлари сафига тушиб қолган. ТИВ нотадан ташқари, РФ ваколатли органларига мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказиш, айбдорларни аниқлаш ва уларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш илтимоси баён этилган хатлар ҳам йўллаган.
Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси вазиятни алоҳида назоратга олган ва Э.Т.нинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Шу билан бирга, Қирғизистон ТИВ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга шартномалар ва бошқа битимларни имзолашдан олдин уларнинг мазмунини синчковлик билан ўрганиб чиқишни тавсия қилади. Идорада ўз зиммасига олинаётган мажбуриятлар тўғрисидаги бандларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Вазирлик Э.Т.ни уйга қайтариш бўйича саъй-ҳаракатлар ижтимоий тармоқларда унинг тақдири ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг бошланганини тан олди. Бунда ТИВ фақат қирғизистонликнинг бош ҳарфларини кўрсатган бўлса-да, интернетда эълон қилинган видеолавҳалардан гап 21 ёшли Элистан Токтогулов ҳақида кетаётгани ойдинлашади.
Бир неча кун олдин унинг қариндошлари Манас шаҳрида (2025 йил сентябригача — Жалолобод) Қирғизистон расмийларига видеомурожаат ёзиб олишди. Унда айтилишича, йигит Instagram орқали Россияда ишлаш ҳақидаги эълонни топиб, у ердаги Қирғизистон фуқароси билан боғланган. У Элистанга 110 минг рублгача (қарийб $1350) маош ваъда қилиб, юк машинаси ҳайдовчисидан тортиб хавфсизлик хизмати ходимигача бўлган бир нечта бўш иш ўрнини таклиф қилган.
Элистан таклифга қизиқиб, РФга етиб борган. Бироқ ишга жойлаштириш ўрнига уни ҳарбий қисмга жўнатишган. Қирғизистонликнинг яқинлари таъкидлашича, айни пайтда Токтогулов Воронеж вилоятидаги полигонда бўлиб, у ерда Украинадаги урушга юборилишидан олдин ҳарбий тайёргарликдан ўтмоқда.
Жорий йилнинг октябрь ойида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев унинг идораси Россияда бўлиб турган ватандошларни урушда қатнашишга мажбурлаш ҳолатларидан хабардор эканини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолларда ТИВ меҳнат мигрантларини ватанига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, мулозим фронтга жўнатилишининг олди олинган ёки жанговар ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқилган қирғизистонликларнинг аниқ сонига ойдинлик киритмаган.
Украинанинг «Яшашни хоҳлайман» лойиҳасининг 2026 йилги маълумотларига кўра, Украинага қарши РФ қўшинлари сафида Марказий Осиё давлатларининг 12,5 мингдан зиёд вакили жанг қилган. Ёлланма аскарларнинг энг кўпи Ўзбекистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келади. Қирғизистон ушбу рўйхатда учинчи ўринни эгаллади: урушда мазкур мамлакатнинг 1,5 мингдан ортиқ фуқароси иштирок этмоқда.



