Мирзиёев Бухорода сайёҳлар сонини икки бараварга ошириб, ҳар йили хорижий сайёҳлар оқимини 7 миллион нафарга етказиш вазифасини қўйди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухорога хорижий сайёҳлар оқимини икки бараварга оширишни топширди. Агар жорий йил охирига қадар вилоятга 3,5 миллион нафар меҳмон ташриф буюриши кутилaётган бўлса, истиқболда бу кўрсаткични йилига 7 миллион нафар хорижий сайёҳга етказиш зарур. Давлат раҳбари бу ҳақда Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, белгиланган мақсадларга эришиш учун янги туристик пакетлар ишлаб чиқиш, турли тадбирлар таклиф этиш, жозибадор объектлар барпо этиш ва хорижлик сайёҳлар учун мақсадли бозорларни шакллантириш лозим.

Мирзиёев бир қатор лойиҳаларга батафсил тўхталди. Жумладан, Эски шаҳар, Етти пир, Чор-Бакр, Варахша ва Вардонзе тарихий мажмуалари ягона концепция асосида бирлаштирилади. Гулчорбоғ маҳалласида туристик марказ, Жалол Икроми маҳалласида эса халқаро тадбирларни ўтказиш учун конгресс-холл ташкил этилади. Бухоро шаҳрида дунёга машҳур брендлар меҳмонхоналари қурилади, марказдаги саккизта кўча янгиланади ва олтита хиёбон барпо этилади. Бухоро туманида эса 1000 гектар майдонда қиймати 500 миллион долларлик туристик кластерни ишга тушириш режалаштирилган.

Мирзиёев туристик хизматлар турларини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш, шунингдек, сайёҳлик мавсумини фақат йилнинг иссиқ даври билан чекламасдан, бошқа ойларга ҳам узайтириш зарурлигини таъкидлади.

Туризмдан ташқари, вилоят ҳокимияти олдида бошқа йўналишларни ҳам ривожлантириш вазифаси турибди. Президентнинг сўзларига кўра, жорий йилда вилоят иқтисодиёти илк бор 100 триллион сўмлик (8,4 миллиард доллар) чегарадан ошади, ўсиш суръати эса 10,1 фоизни ташкил этади. Бироқ бу кўрсаткичлар ҳануз табиий ресурсларга асосланган саноат ва қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Ушбу тармоқларнинг иқтисодиётдаги улуши 43 фоизга етади, хизматлар соҳасининг улуши эса сўнгги 10 йилда атиги 33 фоиздан 36 фоизга ошган.

Давлат раҳбари иқтисодиётни диверсификация қилиш, хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва ҳар бир туманда ўсиш нуқтасини белгилаш вазифасини қўйди. Мутасаддиларга саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кўрсаткичларни 1,5 бараварга ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда транспорт инфратузилмаси, хусусан, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Самарқанд — Бухоро йўналишида шаҳарлар ўртасидаги йўл вақтини беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини берадиган пуллик автомобиль йўлини қуриш, шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар учун янги темир йўл линияси барпо этиш режалаштирилмоқда. Мирзиёев ҳар икки лойиҳанинг мастер-режаларини ишлаб чиқишни якунлаш ва салоҳиятли инвесторлар билан музокараларни бошлаш бўйича кўрсатма берди.

Президент бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1,2 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги халқаро аэропорт қурилиши давом этаётганини эслатди. Ушбу лойиҳага 300 миллион доллар инвестиция киритилмоқда. Аэропортни Бухоро маркази билан боғлайдиган магистрал йўл қурилиши, унда автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилиши кутилмоқда. Туркиянинг Pegasus авиакомпанияси Ўзбекистоннинг ушбу ҳудудига тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш ниятида экани ҳам маълум. Келгуси йили Малайзия, Индонезия, Қувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳаво қатнови йўлга қўйилади.

Ижтимоий соҳа ҳақида сўз борганда, вилоятда хусусий мактаблар ва боғчалар сонини кўпайтириш, умумтаълим муассасалари битирувчиларининг 50 фоизини техникумларга жалб қилиш лойиҳалари қайд этилди. Шунингдек, 10 та давлат ва хусусий олий таълим муассасасида дуал таълим билан қамровни икки баравар ошириш мақсади белгиланди.

Жорий йилда 29 та шифохона ва поликлиника янгилангани ҳам таъкидланди. Мирзиёев тиббий хизматлар сифатини ошириш, соҳага инвестициялар жалб қилиш ва хорижда иш тажрибасига эга ватандошлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ