Ўзбекистонда 5 миллион тоннадан ортиқ пахта териб олинди. Бу 1991 йилда мустақилликка эришилганидан буён мамлакат тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Бу ҳақда республика президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табрик мактубида маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мирзиёев ушбу натижани «Янги Ўзбекистон пахтачилигининг мўъжизаси» деб атади ҳамда деҳқонлар, фермерлар, агрономлар, механизаторлар ва кластерлар ходимларига миннатдорлик билдирди.
Президентнинг эслатишича, 1980 йилларда республикада пахта етиштириш учун қарийб 2 миллион гектар ер ажратилган, ўртача ҳосилдорлик эса гектарига 30 центнердан ошмаган. 2000 йилда пахта майдонлари 1,4 миллион гектарни, ялпи ҳосил эса 3 миллион тоннани ташкил этган. Сўнгги йилларда экин майдонлари 38 фоизга қисқартирилди, айни пайтда ўртача ҳосилдорлик гектарига 21 центнердан 56 центнергача, яъни 2,7 баробар ошди. Қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерга, яна қарийб 70 минг гектарда эса 100–110 центнерга етди. Президент ҳосилдорлик бўйича пешқадамлар сифатида Пахтакор туманидан Анорбой Эшматов ва Жарқўрғон туманидан Улуғбек Супиевни тилга олди. Улар ҳар гектардан 110 центнердан пахта ҳосили олган.
Мирзиёев механизация масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Жорий йилда ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кун ичида йиғиб олинди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизация даражаси 100 фоизга етказилди.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бу йилги натижаларга эришишда Пахтачилик кенгашининг ташкил этилиши, олимлар томонидан ноанъанавий технологияларнинг қўлланилиши, рақамлаштириш ва дронлардан фойдаланиш орқали харажатларнинг икки баробар қисқартирилиши асосий омиллар бўлди. Давлат томонидан ажратилган молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш, тўлов интизомини яхшилаш, субсидиялаш тизимини такомиллаштириш ва суғурта тизимини яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Кутилишича, жорий йилда пахтакор фермерлар 13–14 триллион сўм (1 миллиард доллардан ортиқ) соф фойда олади. Келгуси йил учун эса юқори ҳосилдор навларни экиш майдонларини кенгайтириш, агродронлар, сув тежовчи технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳисобига ўртача ҳосилдорликни гектарига 65–70 центнерга етказиш мақсади қўйилган.
Президент бир неча йил аввал пахтага давлат буюртмасини бекор қилиш ва соҳадаги монополияни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганини, шунингдек, ўқитувчилар, талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимларини дала ишларига жалб қилиш амалиёти тўхтатилганини эслатди. Табрик мактубида яқинда Тошкентда Бутунжаҳон пахта кунига бағишлаб ўтказилган форумда 30 дан ортиқ мамлакат олимлари ва мутахассислари Ўзбекистонда Жаҳон пахта марказини ташкил этишни таклиф қилгани таъкидланган.
▪️ Шавкат Мирзиёев пахта етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни 2020 йил март ойида имзолаган эди. Аввалги давлат харидлари тизими ўрнини пахта-тўқимачилик кластерлари билан шартномавий муносабатлар эгаллади. Ишлаб чиқарувчилар пахтани биржа механизмлари орқали сотиш имкониятига эга бўлди. Шунга қарамай, соҳада ишлаб чиқариш бўйича прогноз ва шартномавий кўрсаткичлар сақланиб қолмоқда. 2026 йил учун бундай мўлжал 4,5 миллион тонна пахта ҳосили этиб белгиланган эди.



