Қирғизистонда музликларни сақлаш ва Иссиқкўл кўли экотизимини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилади

Иссиқкўл кўли. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров музликларни ва Иссиқкўл кўли экотизимини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади. Унга кўра, республикада тегишли экологик лойиҳаларни молиялаштириш учун махсус жамғарма ташкил этилади. Давлат раҳбарининг қарори ҳақида АКИpress ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужжат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган. Фармонда музликлар сувнинг асосий манбаи сифатида стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланган. Шунингдек, Иссиқкўл экотизимини миллий ва жаҳон миқёсидаги объект сифатида сақлаш зарурлиги қайд этилган.

Янги ташкил этиладиган жамғарманинг асосий вазифалари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:

✅ халқаро молиялаштиришни, иқлим жамғармалари ва донор ташкилотлар маблағларини жалб қилиш;

✅ музликлар ва сув ресурсларини сақлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;

✅ сув тежовчи технологияларни жорий этиш;

✅ сув ресурсларининг ҳолатини мониторинг қилиш.

Бундан ташқари, жамғарма иқлим ўзгаришига мослашиш, музликларнинг емирилиши ва деградациясини камайтириш, фавқулодда вазиятлар хавфини пасайтириш, шунингдек, тоғ ва сув экотизимларининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.

Қирғизистон ҳукуматига жорий йилнинг 1 октябрига қадар жамғарманинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини, уни ташкил этиш ва фаолият юритиш тартибини, лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш механизмларини, шунингдек, шаффофлик, ҳисобдорлик ва аудитга қўйиладиган талабларни белгилаш вазифаси юклатилди.

Жамғарма фаолиятини мувофиқлаштириш Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги зиммасига юкланади. Бошқа идоралар учун ҳам алоҳида масъулият соҳалари белгиланди. Жумладан, музликларни сақлаш ва муҳофаза қилиш масалаларини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Иссиқкўлни муҳофаза қилиш масалаларини эса Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги назорат қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ