Қирғизистон Жогорку Кенеши депутатлари Мақсат Асаналиевни республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси лавозимига тасдиқлади. Бунга қадар амалдор ушбу идорага раис вазифасини бажарувчи мақомида раҳбарлик қилган. Мазкур масала бўйича овоз бериш 2 сентябрь куни бўлиб ўтди, деб хабар берди парламент матбуот хизмати.
Мажлисда президент ва мамлакат ҳукуматининг Жогорку Кенешдаги вакили Бектур Зулпиев сўзга чиқди. У депутатларга давлат раҳбарининг тақдимномасини ҳамда МХДҚ раҳбари лавозимига номзод ҳақидаги маълумотларни ўқиб эшиттирди.
Якунда Асаналиевнинг номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди. 87 нафар депутат номзод учун овоз берди, ҳеч ким қарши чиқмади.
Парламент матбуот хизматининг аниқлик киритишича, бунга қадар Жогорку Кенеш вакиллари махсус хизматнинг янги раҳбарини Қирғизистон Бош прокурори лавозимидан озод этишга розилик берган эди.
Асаналиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига амалда 30 июндан бери раҳбарлик қилиб келади. Ўша куни республика президенти Садир Жапаров уни мазкур лавозимга вазифани бажарувчи сифатида тайинлаган эди. Асаналиев бу лавозимда Жумгалбек Шабданбековнинг ўрнини эгаллаган. Шабданбеков жорий йил февраль ойида Камчибек Ташиевнинг шов-шувли истеъфосидан сўнг МХДҚ раиси лавозимига тайинланган эди.
ℹ️ Мақсат Асаналиев 1978 йилда Иссиқкўл вилоятида туғилган. Қирғиз миллий университетининг юридик факультетини тамомлаган. 2001 йилдан 2010 йилгача МХДҚда терговчи ва ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи, жумладан, Тергов бошқармасида фаолият юритган. Икки йил давомида Бош прокуратурада ўта муҳим ишлар бўйича терговчи лавозимида ишлаган, сўнг Тергов бошқармасига қайтган. Кейинчалик ички текширувлар бўлимига раҳбарлик қилган, Бишкек шаҳри Первомайский тумани прокурори бўлган ва Бош прокуратурада раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2022 йил май ойидан Ўш вилояти прокурори сифатида фаолият юритган, 2024 йил июнь ойида эса Бош прокурор лавозимига тайинланган.



