«Қайрат» «Андерлехт»дан мағлуб бўлганидан сўнг Конференциялар лигасида ўйнайди

«Қайрат» ФК. «Қайрат» ФК фотосурати

Олмаота шаҳрининг «Қайрат» футбол клуби Европа Лигасининг умумий босқичига йўлланма ололмади ва еврокубоклар мавсумини Конференциялар лигасида давом эттиради.

Плей-офф босқичининг жавоб учрашувида Қозоғистон клуби сафарда Бельгиянинг «Андерлехт» жамоасига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Биринчи гол биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда пенальтидан Михайло Цветкович томонидан урилди. Танаффусдан сўнг Даниил Сикан ва Жюльен Бьянкон ўз номларини таблога ёздирди.

Бир ҳафта аввал Олмаотада ўтказилган учрашувда ҳам «Андерлехт» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу тариқа, бельгиялик клуб икки ўйин натижасига кўра 6:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, Европа Лигасининг умумий босқичига йўл олди. «Қайрат» эса Конференциялар лигасининг умумий босқичидан жой олди.

Олмаоталиклар еврокубоклар мавсумини Чемпионлар лигаси саралаш босқичидан бошлаган эди. Биринчи раундда «Қайрат» Черногориянинг «Сутьеска» жамоасидан икки учрашув натижасига кўра 4:1 ҳисобида устун келди. Иккинчи раундда Қозоғистон клуби Кипрнинг «Омония» жамоасига қарши майдонга тушди: икки ўйинда ҳам 1:0 ҳисобидаги ғалабалардан сўнг олмаоталиклар пенальтилар сериясида 6:5 ҳисобида зафар қучди.

Чемпионлар лигаси саралашининг учинчи раундида «Қайрат» Болгариянинг «Левски» клубига ҳар икки учрашувда ҳам 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва Европа Лигасининг плей-офф босқичига йўл олди. У ерда унинг рақиби «Андерлехт» бўлди.

Конференциялар лигасининг умумий босқичига қуръа ташлашда «Қайрат» Бельгиянинг «Сент-Трюйден», Норвегиянинг «Бранн», Шотландиянинг «Хартс», Туркиянинг «Трабзонспор» ва Руминиянинг Крайова шаҳридаги «Университатя» клублари билан бирга тўртинчи саватчадан жой олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ