«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мемориал мажмуаси ва Ҳадисшунослик мактабига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.
Ташрифда 50 га яқин мамлакатдан журналистлар, медиа компаниялар раҳбарлари, продюсерлар, олимлар ва экспертлар иштирок этди. Уларга Имом ал-Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш ишлари, унинг меъморий хусусиятлари, зиёратчилар ва тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар, шунингдек, буюк ислом олимининг меросини ўрганиш ва оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Форум иштирокчилари, шунингдек, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишдилар. Бу ерда талабалар ҳадис ва ҳадисшунослик билан бир қаторда Қуръони карим, тафсир, фиқҳ, ақида, ислом тарихи ҳамда хорижий тиллар бўйича ҳам чуқур билим олади.
Хорижлик меҳмонларга Самарқанддаги илмий мактаблар тарихи, Имом ал-Бухорий меросининг ислом тафаккуридаги ўрни, шунингдек, уни ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Самарқанддаги дастур Халқаро медиафорумнинг давоми бўлди. Форумнинг асосий ишчан қисми 25–26 август кунлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтди. Унда 50 га яқин мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этди.
Имом Бухорий Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан ва бутун ислом цивилизацияси тарихида чуқур из қолдирган буюк муҳаддис сифатида эътироф этилади. Унинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асари асрлар давомида ҳадис илмининг энг ишончли ва мўътабар манбаларидан бири сифатида қадрланиб келмоқда.
Олимнинг Хартанг қишлоғидаги қабри ёнидаги биринчи мемориал мажмуа XVI асрда барпо этилган. Ҳозирги мажмуа эса 1997–1998 йилларда Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан қурилган.
2021 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мажмуани кенг кўламда реконструкция қилиш ва амалда янгидан барпо этиш ишлари бошланди. Мажмуа ҳудуди 44 гектаргача кенгайтирилди, янги мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид, баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора, музей, маъмурий ва бошқа бинолар барпо этилди. 2026 йил март ойига келиб асосий қурилиш ишлари якунланди.



