Қирғизистонда Корумду чўққисида ҳалок бўлган икки альпинистнинг шахси қариндошлари томонидан аниқланди

Максим Полянский (чапда) ва Сергей Рубцов

Қирғизистонда жорий йил август ойи бошида Корумду чўққисида ҳалок бўлган икки альпинистнинг шахси қариндошлари томонидан аниқланди. Бу ҳақда Ош вилояти Ички ишлар бошқармасига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.

Альпинистлардан бири — 43 ёшли Беларусь фуқароси Максим Полянский, иккинчиси — 37 ёшли Литва фуқароси Сергей Рубцов.

«Иккисининг ҳам жасади Ошдаги моргда. Уларни ўз ватанларига юборадилар», — дея маълум қилди Ички ишлар бошқармаси.

Қидирув-қутқарув гуруҳи иштирокчиларидан бирининг сўзларига кўра, альпинистлар жасадларини тоғдан тушириш операцияси уч кун давом этган. 24 август куни вертолёт 4300 метр баландликдаги музликка беш нафар қутқарувчини туширган. Шу куни улар икки жасадни топган. Эртанги куни жасадлар тоғдан туширилиб, вертолётда Сари-Тошга, кейин эса Ошдаги моргга олиб борилган.

Беларуслик учинчи йўқолган альпинист Николай Свиридовнинг жасади яна икки кун қидирилган. Бироқ, доимий тош ва қор кўчкилари сабабли қидирув ишлари тўхтатилган.

Аввал хабар қилинганидек, уч нафар хорижлик — Беларусь фуқаролари Максим Полянский ва Николай Свиридов ҳамда Литва фуқароси Сергей Рубцов — 2 август куни Корумду чўққисига кўтарилган. Улар 4 август куни базавий лагерга тушишни бошлаши керак бўлган, аммо белгиланган вақтда алоқага чиқишмаган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва кўнгиллилар қидирув операциясини бошлаган. Кўп ўтмай альпинистларга тегишли шахсий буюмлар топилган. Улар арқон билан бир-бирига боғланган бўлган. Бу альпинистлар бир арқон тизимида, яъни бир боғламда ҳаракатланганини англатади. 16 август куни қидирувчилар дрон тасвирларида йўқолган хорижликларга тегишли бўлиши мумкин бўлган жасадлар аниқланганини маълум қилган. Аммо оғир табиий шароит туфайли қидирув ишлари тўхтатилган. Икки альпинистнинг жасади 25 август куни тоғдан туширилган.

6613 метр баландликдаги Корумду чўққиси Чўнг-Олой тизмасида, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой чегаралари туташган ҳудудда жойлашган. Тоғ массиви тор қирлар, ўткир қояли чўққилар ва тик ёнбағирлардан тушувчи музликлари билан ажралиб туради. Корумду чўққисига кўтарилиш энг юқори мураккаблик тоифасига киради. 2001 йилгача турли мамлакатлардан келган экспедициялар бу чўққига бир неча бор чиқишга уринган, аммо муваффақиятга эриша олмаган. Чўққига биринчи тасдиқланган кўтарилиш 2001 йил 12 октябрда Қирғизистонлик альпинистлар жамоаси томонидан амалга оширилган.