Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунц «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумни Тошкентда ҳар йили ўтказишни таклиф қилди. Унинг фикрича, форум турли мамлакатлардан журналистлар, ОАВ вакиллари ва экспертлар ўртасида мулоқот учун доимий майдонга айланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.
Штрунц форумни мунтазам ўтказиш ҳар йили унинг мавзулар доираси ва иштирокчилар таркибини кенгайтириш, шунингдек, халқаро аудиторияни ислом цивилизацияси тарихи, унинг бугунги аҳамияти ва келгуси ривожи билан таништириш имконини беришини таъкидлади.
Euronews раҳбари Ислом цивилизацияси марказига юқори баҳо бериб, уни Ўзбекистоннинг илмий, маданий ва тарихий меросини бирлаштирувчи маърифий макон деб атади. Унинг сўзларига кўра, хорижий ОАВ учун мамлакат ўтмиши, бугунги ўзгаришлар ва унинг келгуси тараққиёти ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиш имконияти алоҳида қизиқиш уйғотади.
Штрунц бу ёндашувни « ўтмишни қалбда сақлаган ҳолда келажакни барпо этиш» деб атади. Унинг фикрича, Ўзбекистонга бўлган халқаро қизиқиш нафақат Буюк ипак йўли ва қадимий шаҳарлар билан, балки мамлакатда кечаётган замонавий жараёнлар ва ёш авлоднинг интилишлари билан ҳам боғлиқ.
Euronews раҳбари журналистиканинг ролига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, ОАВ юз бераётган воқеаларни холисона ёритиши, аудиторияга зарур маълумотларни тақдим этиши ва турли фикрлар алмашинуви учун майдон яратиши, шу орқали одамларга мустақил хулоса чиқариш имконини бериши керак.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум Тошкентда қарийб 50 та мамлакатдан 300 га яқин журналист, ОАВ раҳбарлари ва экспертлар иштирокида ўтказилмоқда. Euronews CNN билан бир қаторда форумнинг бош медиа ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



