Демократ ва Калифорния штати сенатори Ойша Ваҳоб (Aisha Wahab) Калифорниянинг 14-сайлов округида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловда ғалаба қозониб, АҚШ Конгрессига сайланган келиб чиқиши афғонистонлик бўлган биринчи сиёсатчи бўлди. Бу ҳақда Khaama Press Decision Desk HQ маълумотларига таяниб хабар берди.
Афғонистонлик қочқинлар оиласида туғилган Ваҳоб Демократик партиядан бўлган рақиби Мелисса Эрнандес устидан ғалаба қозонди. Ariana News маълумотларига кўра, овозларнинг 95 фоизи ҳисоблаб бўлинганидан сўнг Ваҳоб 53 фоиздан кўпроқ, Эрнандес эса қарийб 47 фоиз овоз тўплаган.
Ваҳоб 2026 йил апрелида истеъфога чиққан собиқ демократик конгрессмен Эрик Суолуэллнинг ўрнини эгаллайди. Суолуэллга нисбатан жинсий таъқиб айбловлари билдирилган, бироқ у бу айбловларни рад этган. Ваҳобнинг ваколат муддати 2027 йил январгача давом этади.
Ваҳобнинг ғалабаси нафақат афғон диаспораси, балки умуман Америка сиёсати учун ҳам тарихий воқеа бўлди. 2018 йилда у АҚШда давлат лавозимига сайланган биринчи афғон-америкалик аёлга айланган — Калифорния штатидаги Ҳейвард шаҳар кенгашидан жой олган. 2022 йилда эса у Калифорния штати Сенатига сайланган биринчи мусулмон аёл ва биринчи афғон-америкалик бўлди.
Ойша Ваҳоб 1987 йилда Нью-Йоркда совет-афғон уруши туфайли Афғонистондан қочиб келган оилада туғилган. Унинг кичиклигида отаси ўлдирилган, кўп ўтмай онаси ҳам вафот этган. Ойша синглиси билан бирга васийлик оиласида тарбияланган, кейин уларни Калифорниянинг Фримонт шаҳрида яшовчи афғон оиласи фарзандликка олган. Ваҳоб Сан-Хосе университетида сиёсатшунослик бўйича бакалавр даражасини, Калифорния штати университетининг Ист-Бэй кампусида бизнес бошқаруви бўйича магистр даражасини ва Жанубий Калифорния университетида ижтимоий иш бўйича докторлик даражасини олган. Сиёсатга киришидан олдин у технология соҳаси ва нотижорат ташкилотларида ишлаган.
Ваҳоб Medicare for All дастурини жорий этиш, миллиардерларга солиқларни ошириш, аборт қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва иммиграция сиёсатини ўзгартириш, жумладан, Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE)ни тугатиш тарафдори. 2023 йилда Ваҳоб кастага мансублик асосида камситишни тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳасини киритган. Қонун лойиҳаси мамлакат миқёсида эътибор қозонган, аммо Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом унга вето қўйган.
Сайлов якунларига кўра, демократлар Вакиллар палатасида 213 та ўринни эгаллаган, республикачилар эса 218 та ўринни сақлаб қолган. Қизиғи шундаки, Ваҳоб ва Эрнандес 2026 йил ноябрида яна бир бор тўқнаш келади — бу сафар Конгрессда тўлиқ икки йиллик ваколат муддати учун курашади.



