Туркий давлатлар археологик ёдгорликларнинг ягона рақамли базасини яратади

ARICA. «Анадолу» сайти фотосурати

Туркий дунё археологик тадқиқот институтлари ва марказлари уюшмаси (ARICA) иштирокчилари қўшма тадқиқотларни фаоллаштириш ва археологик объектларнинг ягона рақамли базасини яратишга келишиб олди. Қарор ташкилотнинг Венгриянинг Бугац шаҳрида бўлиб ўтган учинчи йиғилишида қабул қилинди, деб хабар берди «Анадолу».

Йиғилишда Туркий академия президенти Шоҳин Мустафаев, Венгриянинг «Туран» жамғармаси раиси Андраш Биро, шунингдек, туркий давлатларнинг археология муассасалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

ARICA 2023 йилда Туркий академия ташаббуси билан Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда ташкил этилган. Уюшма таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ва Россиянинг (Татаристон) археология соҳасидаги илмий институт ва марказлари кирган. Мустафаевнинг айтишича, уч йил ичида уюшма қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланувчи халқаро илмий тармоққа айланган.

У асосий иш йўналишлари қаторида Буюк Ипак йўлидаги тарихий шаҳарларни, илк туркий давр ёдгорликларини, қадимий суғориш тизимларини, Евроосиё кўчманчи маданиятларининг археологик меросини ва ўрта асрлардаги ишлаб чиқариш марказларини ўрганишни санаб ўтди.

Асосий лойиҳалардан бири «Туркий давлатларнинг археологик объектлари электрон атласи» бўлади. Умумий базага ёдгорликларнинг координаталари, уларнинг хронологияси ва илмий хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар, фотосуратлар ва режалар, тадқиқот натижалари ҳамда асосий илмий нашрларни киритиш режалаштирилмоқда.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, археологлар, илмий марказлар ва ихтисослашган ташкилотлар ўртасида доимий маълумот алмашинувини таъминлаши керак бўлган ARICA рақамли ахборот порталини яратишни таклиф қилди.

Венгрия билан ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар венгр олимларининг хуннлар тарихи, Евроосиё даштлари ва илк туркий даврни ўрганиш борасидаги ишлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Учрашув доирасида Туркий академия мувофиқлаштирувида тайёрланган «Туркий дунё археологлари: қисқача таржимаи ҳоллар» китоби тақдим этилди. Унда турли мамлакатлардан бўлган тадқиқотчиларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида маълумотлар жамланган.

Йиғилиш якунида иштирокчилар қўшма археологик экспедициялар ўтказиш, умумий рақамли ахборот маконини яратиш ва туркий дунё тадқиқот ташкилотлари ўртасида илмий маълумотларни мунтазам алмашишни назарда тутувчи декларацияни қабул қилдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ