Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Хитойнинг Шэньси провинцияси Тарих музейи ҳамда Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейи билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар Марказ делегациясининг Хитойга ташрифи давомида бўлиб ўтди. Делегацияга Марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов раҳбарлик қилди.
Шэньси провинцияси Тарих музейи раҳбарияти билан қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, мутахассислар алмашинуви, шунингдек, китоблар ва музей каталогларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Эҳтимолий лойиҳалардан бири сифатида Хитой археология коллекциясини Ўзбекистонда намойиш этиш таклиф қилинди.
Шэньси провинцияси музейи Хитойдаги энг йирик археологик коллекциялардан бирига эга бўлиб, унинг катта қисми Буюк ипак йўли тарихи билан боғлиқ. 2025 йилда музейга 5,2 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрган.
Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейига ташриф буюриб, унинг куратори, профессор Ли Ган билан музокаралар ўтказди. Томонлар кўргазмалар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, музей мутахассислари алмашинуви ҳамда археологик топилмаларни сақлаш соҳасида тажриба алмашиш истиқболларини кўриб чиқди.
Музей мажмуасида машҳур Терракота армияси сақланади. У милоддан аввалги III асрда яратилган 8100 дан ортиқ жангчи, от ва ҳарбий аравалар ҳайкалларидан иборат. Мажмуа ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистон ва Хитойни кўп асрлик тарих ҳамда Буюк ипак йўлининг умумий мероси боғлаб туришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар алмашинуви икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Лойиҳаларнинг бир қисмини 2027 йилда, яъни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги нишонланадиган даврда амалга ошириш таклиф қилинди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



