Ислом цивилизацияси марказида миллатлараро тотувлик масаласи муҳокама қилинди

Меморандум имзоланиши. ИЦМ фотосурати

Тошкентдаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида «Умуммиллий бирлик — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати маълум қилди.

Тадбир «Дўстлик» фестивали доирасида ташкил этилди ва мамлакатда 30 июль куни нишонланадиган Халқлар дўстлиги кунига бағишланди.

Конференцияда дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, давлат ва жамоат тузилмалари ходимлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, хориждаги ўзбек жамиятлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Иштирокчиларга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини унинг маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Иштирокчилар миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш, давлат органларининг маданий марказлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Ташкилотчилар маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади ҳамда 16 та диний конфессия фаолият юритади.

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқов тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маърифат барқарор тараққиётнинг асоси эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, марказ экспозицияси ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги уч минг йиллик цивилизация тарихини акс эттиради ва халқлар, маданиятлар ҳамда динлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни намоён қилади.

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев маданий анъаналарни асраб-авайлаш, фуқароларнинг миллати ва эътиқодидан қатъи назар тенг ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолaётганини қайд этди. Шунингдек, у «Дўстлик» фестивали Ўзбекистонда бешинчи марта ўтказилаётганини маълум қилди.

Конференция доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ўртасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Томонлар биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ва республика миқёсидаги конференциялар, кўргазмалар ҳамда маърифий тадбирларни ташкил этиш, медиа лойиҳаларни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш бўйича келишиб олдилар. Алоҳида эътибор фуқаролик бирлиги ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган ёшлар ташаббусларига қаратилади.

Конференцияда миллатлараро тотувлик ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга ҳисса қўшган фаоллар «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирландилар. Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар муҳокама қилинган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар тайёрладилар.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ