Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ташкилот доирасида товарларни электрон савдо қилиш бўйича келишув имзолади. Ҳужжат ушбу жараён учун ягона қоидаларни шакллантириши ва давлатларнинг мазкур соҳани тартибга солишга бўлган ёндашувларини бирхиллаштириши керак. Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишининг асосий якунлари ҳақида 24.kg хабар берди.
Онлайн савдо бўйича келишув ЕОИИга аъзо давлатлар Бош вазирлари учрашувида имзоланган учта асосий ҳужжатдан бири бўлди. Яна бир келишув иттифоққа кирувчи бир давлат брокерлари ва дилерларига бошқа аъзо мамлакатлар биржаларидаги савдоларда қатнашиш имконини беради. Томонлар бу жараёнда барча иштирокчиларга маҳаллий брокерлар учун яратилган шароитлардан кам бўлмаган имкониятлар тақдим этилиши кераклигига келишди. Шу билан бирга, савдолар, клиринг ва депозитарий хизматларига масофадан туриб уланиш имконияти ҳам назарда тутилган. Ушбу ҳужжатни ЕОИИнинг ягона молиявий бозорини шакллантириш жараёнининг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин.
Ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, олимлик унвонлари — профессор, доцент, ассоциацияланган профессор ва катта илмий ходим унвонлари ҳақидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни ҳам имзолади. Энди бундай ҳужжатлар миллий қонунчилик меъёрларидан қатъи назар, иттифоқнинг исталган давлатида ишга жойлашиш жараёнида амал қилади. Бу олимлар ва ўқитувчиларни ишга қабул қилишни енгиллаштиради.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган Эрон вакили SWIFT тизимига муқобил бўладиган мустақил банк-молия тизимини яратиш зарурлигини илгари сурди.
Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин ҳамкасбларини озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда иттифоқ дон, парранда гўшти, шакар, сут, ўсимлик ёғлари ва тухумга бўлган ички эҳтиёжларни тўлиқ қопламоқда. Бироқ, хорижий етказиб берувчиларга қарамликни камайтириш учун бу рўйхатни кенгайтириш зарур.
Ўз навбатида, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов иттифоқ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ўсишининг тикланиши бўйича прогнозларни билдирди. У ўтган йили товар айланмаси 3,5 фоизга қисқариб, 95 миллиард долларни ташкил этганини эслатди. Жорий йил якунига кўра эса импорт-экспорт операциялари ҳажми 7,3 фоизга ошиб, 102 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Сиёсатчи саммитда имзоланган электрон тижорат қоидаларини бирхиллаштириш тўғрисидаги шартнома ушбу соҳанинг ривожланишига ёрдам бериши ва ЕОИИ давлатларидаги бизнес имкониятларини кенгайтиришини таъкидлади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб товар етказиб беришни янада синчиклаб кузатиш механизми ишга туширилиши маълум қилинди. Биринчи босқичда тизим маиший музлатгичлар ва совутгичлар, кир ювиш машиналари ҳамда телевизорларга татбиқ этилади. Кейинчалик назорат қилинадиган товарлар рўйхати кенгайтирилади. Мутахассислар тушунтиришича, янги механизм бизнесни ҳалол бўлмаган рақобатдан қўшимча ҳимоя қилади, шунингдек, харидорларга маҳсулотларнинг ЕОИИ ҳудудига қонуний олиб кирилгани ҳақида маълумот олиш имконини беради.
Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши 1–2 октябрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилди.
ℹ️ Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2015 йилда ташкил этилган. Унинг таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Яна тўрт давлат — Ўзбекистон, Молдова, Эрон ва Куба — ташкилотда кузатувчи мақомига эга.



