Ўзбекистон Қирғизистонга ҳар ойда 20 минг тоннагача ёқилғи етказиб беришга тайёр

daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистонга ойига 20 минг тоннагача ёқилғи етказиб беришга тайёр. Қўшни мамлакатдан ёқилғи импорт қилиш имкониятлари Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Кабар» ахборот агентлиги хабар берди.

Қосималиевнинг таъкидлашича, Қирғизистон бензин ва бошқа турдаги ёнилғининг 90 фоиздан ортиғини хориждан импорт қилади. Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви ҳамда республикага нефть маҳсулотларининг асосий етказиб берувчиси бўлган Россия томонидан жорий этилган эмбарго туфайли мамлакат муқобил таъминот манбаларини излашга мажбур бўлмоқда.

Бош вазирнинг аниқлик киритишича, Ўзбекистон Бишкек ёқилғи хариди бўйича музокаралар олиб бораётган ягона давлат эмас. Унинг сўзларига кўра, Россия, Беларусь, Хитой ва Озарбайжон билан ҳам тегишли музокаралар давом этмоқда.

Бундан ташқари, айрим келишувлар аллақачон амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Беларусь бу борада катта ёрдам кўрсатмоқда ва Қирғизистон ушбу мамлакатдан ёнилғи-мойлаш материалларини қабул қилиб олмоқда.

Шунингдек, Хитойдан ёқилғи ортилган дастлабки бешта юк автомашинаси етиб келган. Бироқ, Қосималиевнинг қайд этишича, бундай маҳсулотларни автомобиль транспортида эмас, балки темир йўл орқали етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш зарур. Ҳозирда мазкур логистика схемасини ўзгартириш масаласи юзасидан Хитой ҳукумати билан музокаралар олиб борилмоқда.

Бош вазир Европа ва Туркиядан ёқилғи импорт қилиш имкониятлари ҳақида ҳам тўхталди. Бироқ, унинг айтишича, бу йўналишларда транзит билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, бу товарлар нархининг ошишига олиб келмоқда. Чунки нафақат ёқилғи, балки уни бир жойдан иккинчи жойга етказиб бериш харажатлари ҳам қимматлашмоқда.

Қосималиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ҳукумати дизель ёқилғиси, автомобиль гaзи ва АИ-95 маркали бензинни субсидиялаш тартибини ишлаб чиққан. Айнан шу ёндашув нархларни муайян даражада ушлаб туриш ва уларнинг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик имконини беради.

«Аммо нархлар барибир ошиб боради. Агар таққослайдиган бўлсак, Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан бизда дизель ёқилғиси ҳамда АИ-92 маркали бензин 20–25 сомга арзон. Мана шу фарқни биз республика бюджети ҳисобидан субсидия қиламиз», — деди Қосималиев.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси раиси агар ёқилғи таннархида сотилса, дизель ёқилғисининг бир литри 130–140 сом (1,54 АҚШ доллари), бензиннинг эса 110–120 сом (1,32 АҚШ доллари) бўлишини таъкидлади. Бундан ташқари, транспорт харажатларига боғлиқ товарлар ва хизматлар нархи ҳам ошиши мумкинлигини қайд этди.

Аввалроқ, 31 июль куни Қирғизистон Россия билан ҳар ойда 100 минг тонна ёнилғи-мойлаш материалларини импорт қилиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилган эди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда суткасига тахминан 3,3 минг тонна бензин ва дизель ёқилғиси истеъмол қилинади (ойига қарийб 100 минг тонна). Шу боис, Россия билан эришилган янги келишувлар доирасида импорт қилинадиган ёқилғи мамлакат эҳтиёжини тўлиқ қоплаши кутилмоқда.

5 август ҳолатига кўра, Бишкек шаҳрида дизель ёқилғисининг бир литри қарийб 100 сом (1,14 АҚШ доллари), АИ-95 маркали бензин тахминан 110 сом (1,26 АҚШ доллари), АИ-92 маркали бензин эса 87 сом атрофида (деярли 1 АҚШ доллари) сотилмоқда.