Ҳиндистон Хитойдан импорт қилинадиган ноёб ер металларини Ўзбекистон хомашёси билан алмаштириш ниятида

Бахтиёр Саидов (чапда) ва Субраманьям Жайшанкар. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ҳиндистон Ўзбекистон билан стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар ва ноёб ер металларини қазиб олиш соҳасидаги стратегик шерикликни кенгайтиришга келишиб олди. Шу орқали Жанубий Осиё давлати Хитойнинг таъминот занжирларига қарамлигини камайтиришни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда Indian Masterminds нашри икки давлат ташқи ишлар вазирларининг Нью-Деҳлида бўлиб ўтган музокаралари якунларига таяниб хабар берди.

Музокаралар 3 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Ҳиндистонга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Томонлар тоғ-кон саноати, мудофаа саноати, энергетика, савдо, таълим ва технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда ноёб ер элементларига алоҳида эътибор қаратилди. Улар электр двигателлари, шамол турбиналари, смартфонлар, ярим ўтказгичлар, ракета бошқарув тизимлари, радиолокация ускуналари ҳамда ҳарбий электроника ишлаб чиқаришда қўлланиладиган 17 турдаги металлар гуруҳидан иборат.

Геология хизматлари маълумотларига кўра, Ўзбекистон литий, вольфрам, мис, молибден, уран, графит каби стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар, шунингдек, ноёб ер металларининг тижорат жиҳатидан аҳамиятли захираларига эга.

Ҳозирги вақтда Хитой дунёдаги ноёб ер элементлари қазиб олинишининг тахминан 60–70 фоизини ва уларни қайта ишлаш соҳасининг 85 фоиздан ортиғини назорат қилади. Бу эса Ҳиндистон, АҚШ, Япония, Австралия ва Европа Иттифоқи давлатларини муқобил етказиб берувчиларни излашга ундамоқда. Ўзбекистон ушбу стратегияда муҳим ҳамкорлардан бири сифатида қаралмоқда.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар икки давлат қурилиш, рақамли технологиялар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида аллақачон ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. «Эндиликда биз ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни, тоғ-кон секторида, айниқса, стратегик минераллар ва ноёб ер ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришни истаймиз», — деди у.

Бу фикрларни Ҳиндистон президенти Драупади Мурму Саидов билан учрашувда ҳам тасдиқлади. У, хусусан, тоғ-кон саноати соҳасидаги ҳамкорликнинг катта салоҳияти борлигини қайд этди.

Хабарларда таъкидланишича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик нафақат хомашё импорт қилишни, балки биргаликда геология-қидирув ишларини олиб бориш, қайта ишлаш қувватларига инвестициялар киритиш, технологияларни етказиб бериш ва кадрлар тайёрлашни ҳам назарда тутади. Агар ушбу режалар амалга оширилса, Ҳиндистон ноёб ер металларини қазиб олишдан тортиб, уларни тозалашгача бўлган бутун қиймат занжирида иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу эса мамлакатга «Атманирбхар Бхарат» («Ўзини ўзи таъминлайдиган Ҳиндистон») ташаббуси доирасидаги мақсадларга эришишга яқинлашиш имконини беради.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистон тоғ-кон саноатига инвестиция киритиш нияти ҳақида Саидовнинг Нью-Деҳлига ташрифи доирасида 4 август куни бўлиб ўтган Ҳиндистон–Ўзбекистон бизнес-форумида ҳам сўз юритилди. Устувор йўналишлар қаторида металлургия, кимё саноати, энергетика, рақамли инфратузилма, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, машинасозлик ва агросаноат мажмуаси ҳам қайд этилди.

Асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллийлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергетикани ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, шунингдек, замонавий тиббий ҳамда агросаноат объектларини барпо этишга қаратилди.

Форумда икки давлат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчанлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Ҳиндистонга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ўғитлар, кимё саноати маҳсулотлари, рангли металлар, тўқимачилик маҳсулотлари ҳамда электротехника ускуналари етказиб беришни оширишга тайёр эканини билдирди. Ҳиндистондан импортни кенгайтириш эса фармацевтика, технологиялар, машиналар ва автомобиль бутловчи қисмлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

2025 йил якунларига кўра, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, илк бор 1,3 миллиард доллардан ошди. Томонлар ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсадда савдони ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ўзаро англашув меморандуми тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, ҳамкорлик учун асосий муаммолардан бири логистика бўлиб қолмоқда. ETV Bharat нашрига берган изоҳида Imagindia таҳлилий маркази раҳбари Робиндер Сачдев Ҳиндистондан Марказий Осиёга тўғридан-тўғри қуруқлик йўли орқали чиқиш имкониятини ушбу йўналишда Покистон жойлашгани қийинлаштираётганини, муқобил Эрон орқали ўтувчи йўл эса чекланганини таъкидлади. Шу билан бирга, эксперт фикрича, сўнгги тўсиқ яқин истиқболда бартараф этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ