Меҳнат стажини тан олиш келишувини имзолаш маросими. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати
Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари икки давлат ҳудудида меҳнат қилган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти бўйича келишувни имзолади. Қирғизистон Социал фонди матбуот хизмати маълум қилишича, ҳужжат ратификация қилинганидан сўнг кучга киради.
Мазкур келишув қўшни республикалар фуқароларига қайси давлатда расман ишлаганидан қатъи назар, пенсия ҳуқуқларини сақлаб қолиш имконини беради.
Социал фонд маълум қилишича, пенсия тайинлашда ҳар икки республикада орттирилган суғурта стажи ҳисобга олинади. Ҳар бир томон ўз ҳудудида ҳисобга олинган меҳнат стажи учун пенсия тўловларини амалга оширади.
Пенсия тўловлари миқдори тегишли давлат қонунчилиги асосида белгиланади. Бунда меҳнат стажи, иш ҳақи ва суғурта бадаллари каби мезонлар ҳисобга олинади.
Ҳукуматлараро келишув таъсир қиладиган шахслар ҳозирги яшаш жойидан қатъи назар, пенсия олиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, ҳужжат бошқа давлатда вақтинча ишлаётган фуқаролар учун суғурта бадалларини икки марта тўлаш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. Амалдорларнинг фикрича, бундай ёндашув меҳнат фаолияти ва бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратади.
«Келишувнинг имзоланиши Қирғизистон–Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, меҳнат мобиллигини ривожлантириш ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади», — дея Соцфондда таъкидлашди.
Ҳужжат 30 июль куни икки республика президентлари — Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев иштирокида имзоланди. Учрашув Ўзбекистон раҳбарининг Қирғизистонга ташрифи доирасида Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўтган йил август ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ижтимоий тўловларни тайинлашда пенсия стажини ўзаро тан олиш бўйича келишув тузган эди. Унга кўра, нафақага чиққан шахс қайси давлатда ишлагани ва яшашидан қатъи назар, унинг меҳнат стажи ҳисобга олинади. Бироқ, ўша пайтда ҳужжат соҳавий идоралар даражасида имзоланган эди.
Қайд этиш лозим, пенсия стажини ўзаро тан олиш масаласи Россия ва собиқ СССР республикалари ўртасидаги муносабатларда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Чунки ушбу давлатлардан кўплаб одамлар Россияда ишлайди ёки у ерга доимий яшаш учун кўчиб ўтган.
Иттифоқ парчаланганидан кейин Россия ҳукумати МДҲ давлатларидан келган ва Россия фуқаролигини олган шахсларга пенсияларни улар суғурта ва бошқа бадалларни қаерда тўлаганидан қатъи назар расмийлаштириб, тўлаб келган. Аммо 2023 йилда ушбу тартибни белгилаб берган ҳужжат юридик кучини йўқотди.
Шундан сўнг Москва алоҳида келишувлар тузишни бошлади. Масалан, Қирғизистон ва Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи иштирокчилари билан тузилган тегишли келишув доирасида яна «пенсия дастури» бўйича ҳамкорларга айланди.
Яъни ушбу Марказий Осиё республикаларидан Россияга кўчиб келган шахсларга СССР давридаги, мустақиллик йилларидаги — 2021 йилгача бўлган меҳнат стажи (Россиянинг МДҲ давлатлари билан келишувни бекор қилиш жараёни бошланган давр), шунингдек, Россия ҳудудидаги меҳнат фаолияти ҳам ҳисобга олинади.
Тожикистон билан Россия ўртасида алоҳида келишув мавжуд бўлиб, унга кўра Россия пенсияни ҳисоблашда муҳожирнинг аввалги яшаш жойи ҳудудида орттирган бутун меҳнат стажини инобатга олади.
Россия ва Ўзбекистон ўртасида эса бундай келишувлар ҳозирча мавжуд эмас. Гарчи томонлар ушбу масала бўйича бир неча йил давомида турли даражаларда музокаралар олиб бораётган бўлса-да.



