Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Туркий туристик альянс» ташкил этишни, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар фуқароларининг ўзаро сафарларини соддалаштириш, жумладан, ID-карталар орқали саёҳат қилиш имкониятини назарда тутувчи битим ишлаб чиқишни таклиф қилди. Республика раҳбари бундай ташаббус билан ТДТнинг Анқарада бўлиб ўтган 13-саммитида чиқиш қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Ўзбекистон раҳбари туркий давлатлар билан ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган яна бир қатор ғояларни илгари сурди. Жумладан, у учинчи мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш учун «ТДТ+» формати жорий этишни таклиф қилди. Мирзиёевнинг фикрича, кўп томонлама муносабатларни соҳавий вазирлар даражасидаги учрашувдан бошлаш мумкин. Президент таъкидлашича, бу мулоқотлар савдо, транспорт, инвестициялар ва бошқа соҳаларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиши керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари ҳамкасбларини юзта стратегик инвестиция ва саноат лойиҳасини, жумладан, ноёб минералларни қайта ишлаш ҳамда «яшил» энергетика учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни қамраб олувчи «Туркий дунё — 100» дастурини қабул қилишга чақирди. Бу мақсадларга эришиш учун Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молия институтлари ресурсларини жалб этиш зарур.
Тадбиркорларни ҳимоя қилиш мақсадида «Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида» кўп томонлама шартнома тайёрлаш таклиф этилди. Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сўровлар ва бошқа ҳужжатларни алмашишга мўлжалланган рақамли платформани ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.
Глобал таъминот занжирлари ўзгараётган шароитда географик жойлашув ва транзит имкониятлари тобора муҳим аҳамият касб этаётгани сабабли логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш лозим. Ўзбекистон президенти Ўрта коридорни ягона иқтисодий тизимга айлантириш, шунингдек, лойиҳани биргаликда бошқариш асосида «Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи»ни ташкил этишни таклиф қилди.
Мирзиёев ўз нутқида «Янги Ўзбекистон» стипендиялари дастури доирасида ТДТ мамлакатлари вакилларига хорижий талабалар учун ҳар йили таълим грантлари ажратишга тайёрлигини билдирди.
« Ишончим комилки, бугунги Анқара саммити олижаноб мақсадимиз, бирдамлик ғоямиз ва улуғвор режаларимизга эришиш йўлида муҳим қадам бўлади. Зеро, барчамизнинг орзу-истакларимиз ва интилишларимиз муштарак. Биз бир бўлсак, янада қудратлимиз. Ҳамжиҳат бўлсак, янада юксак марраларга албатта эришамиз», — деди Мирзиёев.
Туркий давлатлар ташкилоти туркий мамлакатларнинг ҳар томонлама ҳамкорлиги ва кооперациясини ривожлантириш мақсадида бирлашган бир қатор давлатларни ўз ичига олади. ТДТ таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Венгрия, Туркманистон ва Шимолий Кипр эса кузатувчи мақомига эга.
Анқарадаги ташкилот саммити «Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида ўтди. Унда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳамда ТДТ бош котиби Қубаничбек Омуралиев иштирок этди.
Саммит давомида ташкилотнинг янги бош котиби лавозимига Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзодини қўллаб-қувватлашга қарор қилинди.
Тадбир якунлари бўйича Анқара декларацияси ҳамда ТДТ мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.



