30 июль куни Беларуснинг Орша-Восточная станциясидан «Славянский караван» («Славян карвони») биринчи тўғридан-тўғри юк поезди йўлга чиқди. Ушбу поезд Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Бу ҳақда БелТА хабар берди.
Поезд таркибига ёғочни қайта ишлаш маҳсулотлари, озиқ-овқат юклари — шакар, картошка крахмали, шунингдек, омухта емлар ортилган вагонлар киритилган. «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидаги «Ўзтемирйўлконтейнер» компанияси маълум қилишича, поезд 71 та вагондан иборат бўлиб, Тошкентдаги Чуқурсой станциясига етиб боради.
Вагонларни бирлаштириш учун Орша-Восточная станцияси танланган, чунки бу ерга Беларуснинг барча ҳудудларидан юклар келиб тушади. Дастлабки босқичда поезд ойига икки марта қатнайди, айни пайтда иккинчи таркиб ҳам шакллантирилган.
Беларусь темир йўли (БТЙ) бошлиғи Валерий Веренич аввал ҳам Беларусь – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб юклар ташилганини таъкидлади.
Бироқ, янги хизматнинг асосий фарқи шундаки, поезд Россия ва Қозоғистон ҳудудлари орқали таркиби тарқатилмасдан ва қўшимча тўхташларсиз ҳаракатланади. Бу етказиб бериш муддатини деярли икки баравар қисқартириш ва юкларни ишончли сақлаш имконини беради.
«Ушбу таркиб йўловчи поезди каби белгиланган жадвал асосида ҳаракатланади, яъни унинг қачон жўнаши ва қачон манзил нуқтасига етиб боришини аниқ биламиз», — дея Веренич сўзларини келтиради БелТА.
Поезд таркибига 20 тонна сиғимга эга алоҳида контейнерларни ҳам қўшиш мумкин. Вереничнинг тушунтиришича, бу Беларусдаги кичик корхоналарга 60 тонна сиғимли бутун вагонни тўлдириш учун юк тўплаб кутиш заруратидан халос бўлиш имконини беради. Энди улар маҳсулотларини кичик партияларда жўнатиши мумкин бўлади.
Шунингдек, бир нечта юк жўнатувчиларнинг юклари учун умумий контейнер хизматидан ҳам фойдаланиш мумкин. Келгусида юк турларини кенгайтириш ва автомобиль транспорти орқали етказилган контейнерлар жойлаштирилган вагонларни поезд таркибига киритиш режалаштирилмоқда. Бу мультимодал ташиш имкониятларидан самарали фойдаланишга имкон беради.
Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник лойиҳанинг икки томонлама манфаатли эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 20 тоннали контейнерни етказиб бериш автомобиль транспортига нисбатан камида бир ярим баравар арзонга тушади.
«Агар илгари алоҳида вагонни етказиб бериш икки ойгача вақтга чўзилган бўлса, энди бу таркиб Ўзбекистонга 5–7 кун ичида етиб боради», — деди Рогожник.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан юклар билан худди шундай таркиблар йўлга чиқарилади. Беларусга енгил саноат маҳсулотлари ва мевалар етказиб бериш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон элчиси Нуриддин Мамажонов аниқлик киритишича, қайтиш йўналишидаги поездлар Беларусга қовун, қуритилган мевалар ва тўқимачилик маҳсулотларини олиб боради. Рогожник, шунингдек, август ойи ўртасида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Андижон вилояти раҳбарияти билан йўл харитасини имзолашни режалаштираётганини маълум қилди.



