Қирғизистон Россиядан етказиб беришдаги узилишлар фонида нефтни қайта ишлаш мини заводини қуради

Қирғизистон Иқтисодиёт ва тижорат вазири Бакит Сидиков ҳамда «Марказий Осиё энергетикаси» МЧЖ бош директори Шао Пейпей. Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Кўчкор-Ота шаҳрида нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) қурилади. Бу ҳақда республика ҳукумати хабар қилди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Хитой–Қирғизистон қўшма корхонаси — «Марказий Осиё энергетикаси» МЧЖ ўртасидаги инвестиция келишуви 20 июль куни имзоланди.

Заводда К-5 ва К-6 экологик стандартларига жавоб берадиган бензин, дизель ёқилғиси, битум ҳамда мотор мойлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳавий қуввати йилига 450 минг тонна нефть маҳсулотини ташкил этади. Инвестициялар ҳажми 25 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Лойиҳа доирасида тахминан 300 та янги иш ўрни яратилади. Иқтисодиёт вазирлиги корхона ходимларининг камида 90 фоизи Қирғизистон фуқароларидан иборат бўлишини таъкидлади.

Заводни жорий йил кузида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Чет эл капитали иштирокидаги «Марказий Осиё энергетикаси» масъулияти чекланган жамияти 2025 йил 8 июль куни рўйхатдан ўтказилган. Корхонага хитойлик Шао Пейпей раҳбарлик қилади.

Ҳозирги вақтда Қирғизистонга ёнилғи-мойлаш материалларининг асосий етказиб берувчиси Россия ҳисобланади. Мамлакатда йиллик истеъмол ҳажми тахминан 1,6 миллион тоннани ташкил этади ва ёнилғининг 90–95 фоизи Россиядан импорт қилинади. Бензин бўйича эса Россия улуши деярли 100 фоизга етади. Бироқ, Украина учувчисиз учиш аппаратларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари оқибатида нефтни қайта ишлаш ҳажмлари қисқарди ва Россия ички бозорида узилишлар юзага келди. Июнь ойида Россия бензинининг Марказий Осиё ва Афғонистонга етказиб берилиши май ойига нисбатан 34 фоизга камайди. Шундан сўнг Қирғизистон ҳукумати мамлакатдан ёнилғи олиб чиқишни тўлиқ тақиқлади ва ёнилғи-мойлаш материаллари учун янги етказиб берувчиларни излашга киришди. Ҳукумат Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга тегишли мурожаатлар юборди. Шу билан бирга, Бишкек нефть маҳсулотларини автомобиль транспорти орқали импорт қилиш тартибини ҳам соддалаштирди.