20 июль куни Гонконг сарой музейида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти бўлиб ўтди. Марказ матбуот хизмати хабар беришича, муассасалар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ҳужжатни Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқов ва Гонконг сарой музейи раҳбари доктор Луис Нг Чи-ва имзолади.
Келишувда қўшма кўргазмалар ва илмий тадқиқотлар ўтказиш, музейшунослик соҳасида ҳамкорлик қилиш, маданий меросни сақлаш ва қайта тиклаш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда касбий тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Абдуҳолиқов мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини замонавий музей ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда халқаро аудиторияга намойиш этиш имконини беришини таъкидлади.
« Гонконг сарой музейи билан имзоланган меморандум икки муассаса ўртасида узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади ҳамда қўшма кўргазмалар, илмий лойиҳалар ва маданий алмашинув дастурларини амалга ошириш имконини кенгайтиради», — деди Ислом цивилизацияси маркази директори.
Луис Нг бир неча ой аввал Ўзбекистонга ташриф буюргани ва Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишганини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда маданий меросни сақлаш ва уни намойиш этишда қўлланилаётган усуллар унда катта таассурот қолдирган.
Тадбирдан сўнг муассасалар раҳбарлари кўргазмалар ташкил этиш, тадқиқотлар ўтказиш, реставрация соҳасида тажриба алмашиш ва музей мутахассисларини тайёрлаш дастурларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон делегацияси Гонконг музейининг экспозициялари, фондларни бошқариш тизими ва реставрация бўлимлари фаолияти билан танишди.
Тақдимот давомида Абдуҳолиқов Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари концепцияси, Буюк ипак йўлининг аҳамияти ҳамда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган олим ва мутафаккирлар мероси ҳақида сўзлаб берди. Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов Ўзбекистон ва Хитой археологларининг қўшма тадқиқотлари натижаларини тақдим этди. Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов Алишер Навоий ижодидаги хитой мотивлари ҳақида маъруза қилди.
Тадбирда Гонконг Савдо ва иқтисодий ривожланиш бюросининг «Бир макон — бир йўл» ташаббуси бўйича комиссари Николас Хо, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Фарҳод Арзиев, шунингдек, илмий ва маданий муассасалар вакиллари иштирок этди. Марказ музейга «Дунё тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси» туркумидаги китоб-альбомларни тақдим қилди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



