Олмаота шаҳрининг «Қайрат» футбол клуби Чемпионлар лигаси саралаш биринчи босқичининг жавоб ўйинида Черногориянинг «Сутьеска» жамоасини мағлуб этди. 15 июль куни Никшич шаҳрида бўлиб ўтган учрашув Қозоғистон клубининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Биринчи ўйинда «Қайрат» Олмаотада 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу сабабли жавоб баҳсида меҳмонларга мағлуб бўлмасликнинг ўзи етарли эди ва улар бу вазифани уддалашди.
Биринчи бўлимда голлар урилмади. 68-дақиқада 18 ёшли Исмоил Бекболат ҳисобни очди. Бу унинг еврокубоклардаги илк голи бўлди. 79-дақиқада мезбонлар ҳимоячиси Андрия Ражнатович иккинчи сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди. Орадан кўп ўтмай Жоржиньо пенальтини аниқ амалга ошириб, якуний ҳисобни ўрнатди.
Шу тариқа, Қозоғистон жамоаси икки ўйин натижасига кўра 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Чемпионлар лигаси саралашининг иккинчи босқичида «Қайрат»нинг рақиби Кипрнинг «Омония» клуби бўлади. Ушбу босқич учрашувлари 21 ва 28 июль кунлари ўтказилади.
Қайд этиш лозим, ўтган мавсумда «Қайрат» Чемпионлар лигаси саралашининг барча тўрт босқичидан муваффақиятли ўтиб, клуб тарихида илк бор турнирнинг гуруҳ босқичига йўл олган эди.
16 июль куни Қозоғистоннинг яна икки клуби — «Астана» ва «Елимай» Чемпионлар лигаси саралашининг биринчи босқичидаги жавоб учрашувларини ўтказади.



