Ўзбекистонда 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси бўйича Биринчи халқаро форум ўз ишини якунлади. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар қилди.
Форумнинг ёпилиш маросими Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари декларацияни қабул қилди, 2027–2031 йилларга мўлжалланган халқаро ҳамкорлик бўйича йўл харитасини тасдиқлади ҳамда республика Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. Унда форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилгани рамзий аҳамиятга эга экани, зеро мазкур шаҳарлар азалдан илм-фан ва маданиятнинг йирик марказлари бўлиб келгани таъкидланган.
Иштирокчилар Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар ва мазкур марказ олимлар, университетлар, музейлар, архивлар ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларини бирлаштирувчи халқаро майдонга айланишига умид билдирдилар.
Мурожаатда, шунингдек, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти алоҳида қайд этилган.
Форум иштирокчилари Ислом цивилизациясини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон альянсини ташкил этишни таклиф қилдилар. Мазкур ташкилот халқаро илмий, таълим ва маданий лойиҳаларни мувофиқлаштириб боради.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, форум тадбирларида 46 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этди. Улар орасида ЮНЕСКО, ИСЕСКО, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРСИКА), Халқаро музейлар кенгаши, Туркий академия, Бутунжаҳон мусулмонлар лигаси ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари бор эди.
Форум дастури доирасида Тошкент шаҳрида 14 та ялпи йиғилиш ва 6 та шўъба йиғилиши ўтказилди. Самарқанд шаҳрида учта халқаро илмий конференция ҳамда 11 та ялпи йиғилиш ташкил этилди. Термиз шаҳрида эса бир халқаро конференция ва икки шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. Учала шаҳарда ташкил этилган илмий анжуманларда жами 129 та маъруза тингланди.
Форум доирасида, шунингдек, бешта китоб тақдимоти ўтказилди, олтита англашув меморандуми ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди. Ташкилотчилар Ислом цивилизацияси тарихи ва меросига бағишланган бир қатор илмий ҳамда нашриёт лойиҳаларини тақдим этдилар.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



